Аждодлар меросини сақловчи даргоҳ

18 май – Халқаро музейлар куни мамлакатимизда ҳам музейлар ва соҳа вакилларига ҳурмат ва эҳтиром рамзи ўлароқ. кенг нишонланиб келинмоқда. Музейлар – аждодларимиздан бизга мерос бўлган бойликни келажак авлодга етказиб берадиган илмий, маънавий-маърифий хазина бўлиб, аждодлар ва авлодлар ўртасида кўприк вазифасини бажаради. У йиллар давомида бойиб, тўлиб боради. Юртимизда бу соҳа кўп йиллик тарихга эга бўлиб, Самарқанд музейи Ўрта Осиёда ташкил этилган дастлабки музейлардан ҳисобланади. Бугунга келиб эса мамлакатимизда турли йўналишда 300 дан ортиқ давлат ва нодавлат музей фаолият кўрсатмоқда.

Сўнги йилларда Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан маданият ва санъат соҳаси, унинг таркибий қисми бўлмиш музейларни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 10 йиллик давлат дастурига биноан 2017-2027 йиллар давомида юртимиздаги барча музейларни реконструкция қилиш, қайта таъмирлаш ва уларнинг моддий техник базасини мустаҳкамлаш кўзда тутилган.

Республикамиз музейлари учун малакали мутахассислар тайёрлаб келаётган
ягона олий таълим муассасаси бўлмиш Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик
ва дизайн институтида Музейшунослик таълим йўналиши ўз фаолиятини 1997 йилдан
бошлаган бўлиб, 2001 йилдан эса кафедра сифатида фаолият юрита бошлади.

2018-2019 ўқув йилидан эътиборан кафедрада Музейшунослик (музей
предметлари экспертизаси, консервация ва таъмирлаш), Музейшунослик (музей
менежменти ва маданий туризм), Музей педагогикаси таълим йўналишлари очилди.

Ҳозирда бу йўналишни битирган ва таҳсил олаётган мутахассислар
республикамиздаги турли ихтисосликдаги музейларда кичик илмий ходимдан бошлаб,
музей раҳбари лавозимларида, Бадиий экспертиза бошқармаси, ЮНЕСКОнинг
Ўзбекистондаги ваколатхонаси, элчихоналарнинг маданият марказларида муваффақиятли
фаолият юритиб келишмоқда.

Муҳтарам Юртбошимизнинг ташаббуслари билан яқинда Тошкент шаҳар,
Олмазор туманида бунёд этилган “Ғалаба боғи” ва унинг ҳудудида жойлашган
“Шон-шараф музейи”нинг ташкил этилишида институтимизнинг ушбу йўналишида таҳсил
олаётган бир гуруҳ магистрант ва талабалари ҳам иштирок этиб, улуғвор музейнинг
фаолиятига ўз ҳиссаларини қўшдилар.

Музейшунослик кафедраси Ўзбекистон музейлар кенгаши, республикамиздаги
йирик музейлар, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Санкт-Петербург давлат
маданият институти каби бир қатор ташкилот ва муассасалар билан ҳамкорлик
алоқаларини ўрнатган.

Институт томонидан ушбу йўналишнинг ривожлантириш борасида бир қатор
ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Жумладан, жорий йилнинг 15 январь куни Ўзбекистон
давлат санъат музейи билан, 28 февраль куни эса Ўзбекистон тарихи давлат музейи
билан мазкур музейларда Музейшунослик кафедрасининг филиалини ташкил этиш
борасида меморандум имзоланиб, филиаллар фаолияти йўлга қўйилди.

Ҳамкорлик доирасида Ўзбекистон давлат санъат музейида
“Экскурсияшунослик”, “Музей интерьерини лойиҳалаш”, “Музей иши асослари”, “Фотография”
каби фанлар музей экспозицияси ва фонд заҳирахоналарида амалий машғулот
сифатида, Ўзбекистон тарихи давлат музейида эса “Санъат асарларини
физика-кимёвий экспертизаси”, “Музей ашёларини экспертизаси ва реставрацияси” каби
фанлари ўтилмоқда.

Бундай филилаларни яна бир қатор музейлар қошида ҳам очиш
режалаштирилган.

        
Шу фурсатдан фойдаланган ҳолда, юртимизнинг маданий бойликларини асраб авайлаб, келажак авлодга етказишда жонкуярлик кўрсатаётган соҳанинг барча ходимлари ва мутахассис-педагогларини 18 май – Халқаро музейлар куни билан муборакбод этиб, сиҳат-саломатлик ва шарафли касбларида улкан муфаққиятлар тилаб қоламан.

         Нодирбек Сайфуллаев,

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий

рассомлик ва дизайн институти ректори,

тарих
фанлари номзоди, доцент
.