САНЪАТ ЁШЛАР НИГОҲИДА

Камолиддин
Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида магистратура
мутахассисликларида таҳсил олаётган ҳамда илмий-назарий масалалар устида
тадқиқот олиб бораётган ижодкор ёшларнинг илмий изланишларини қўллаб-қувватлаш
мақсадида “САНЪАТ ЁШЛАР НИГОҲИДА-IХ” деб номланган илмий-амалий
онлайн конференция ўтказилди.

Конференцияни
институт ректори Нодирбек Сайфуллаев очиб берди ҳамда барча қатнашчиларни
қутлаб, бу конференция магистрантлар учун тадқиқотчилик фаолиятларида муҳим
қадам бўлишига умид билдирди. Муҳтарам Президентимизнинг “Тасвирий ва амалий
санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги
қарорига алоҳида тўхталиб, бу қарор юртимиз маданияти, санъати, хусусан, бадиий
таълим ривожида муҳим тарихий аҳамиятга эга
эканлигини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, Нодирбек Сайфуллаев “Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва
дизайн институти Aхборотномаси” илмий-амалий журнали нашрдан чиққанини эълон
қилди ҳамда бу журнал институтнинг илмий тадқиқот соҳасида яна бир муҳим воқеа
эканлигини билдириб,  институт жамоасини
бу журналнинг илк сони билан табриклади.

Ўзбекистон
Бадиий академияси раиси Акмал Нуридинов конференция  ташкилотчиларга ўз миннатдорчилигини билдирди ҳамда
тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн соҳасида ижод қилаётган ёшларга
яратилган имкониятларга алоҳида тўхталиб, ёшларни бу имкониятлардан оқилона
фойдаланган ҳолда янада юксак марраларни забт этишга чорлади.

Ҳар қандай
соҳанинг тараққий этишида назарий асос муҳим эканлигига эътибор қаратиб,
ижодкорларнинг ижодини элга танитиш, соҳани янада ривожлантириш учун бундай
илмий конференцияларнинг аҳамияти юқорилигини таъкидлаб ўтди ҳамда барча
иштирокчиларга омад тилади.

Ушбу конференцияда
“Ўзбекистон анъанавий кашталаридаги орнаментларнинг таҳлили ва унинг аёллар
либосларида қўлланилиши”, “Қўлёзма манбалар консервация ва реставрацияси: муаммолар
ва унинг ечимига қаратилган таклифлар”, “Способы популяризации
мемориально-культовых комплексов Ташкента: разработка тур-маршрута и концепции
нового музея”, “Пейзаж в творчестве Николая Карахана”, “Рангтасвир фанини
ўрганиш жараёнида замонавий ахборот технологиялардан фойдаланиш”, “Artistic features of the craft as a
reflection of uniqueness and authenticity”, “Ўзбек анимация санъатининг
ривожланиш тарихи”, “Ўзбек анимацион фильмларида Алишер Навоий асарлариинг акс
этиши”, “Туризмни
ривожлантиришда инновацион шакллар”,  “Ўзбекистонда маҳобатли рангтасвирнинг ривожи” каби
бир қатор долзарб мавзулардаги маърузалар йиғилганлар эътиборига ҳавола этилди.
Ҳар бир маъруза соҳа мутахассислари томонидан муҳокама қилиниб, қатнашчиларга илмий
изланишларини янада ривожлантириш борасида тавсиялар берилди.

Конференцияда жами 14 та магстратура мутахассисликларида таҳсил олаётган 111 нафар магистр тасвирий ва амалий санъат, дизайн, санъатшунослик, музейшунослик соҳасидаги бугунги замонавий бадиий жараёнлар, маданий меъросни сақлаб қолиш, мазкур санъат йўналишларининг ривожи йўлида олиб борилаётган изланишлар ҳамда муаммоларга бағишланган мақолалари билан иштирок этишди.

Ушбу маърузалар
мақола шаклида алоҳида илмий тўпламда нашр этилиши режалаштирилган.