Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Кенгашининг май ойи мажлиси ўтказилди

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн
институти Кенгашининг май ойи мажлиси юртимизда карантин чоралари давом
этаётганлиги сабабли онлайн тарзда ўтказилди. Кенгашни институт ректори
Нодирбек Сайфуллаев очиб берди ҳамда ҳаммани сиҳат-саломат кўриб турганидан
мамнун эканлигини билдириб ўтди.

Кенгашда бевосита
институт фаолияти билан боғлиқ бўлган жами 12 та масала кўриб чиқилди.

Кун тартибидаги асосий
масала “Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 21 апрелда
эълон қилинган “Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга
доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги 4688-сонли Қарори ижросини таъминлаш мақсадида
институтда ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режаси ҳақида”ги масала бўлди.

Мазкур масала юзасидан
институт ректори Нодирбек Сайфуллаев сўзга чиқди ҳамда Муҳтарам Президентимиз томонидан
пандемия шароитида ҳам санъат ва маданият соҳасига жиддий эътибор қаратилаётганини,
куни кеча эълон қилинган “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва
таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони ҳам соҳа учун янги имкониятлар эшигини очганини таъкидлаб ўтди.

Муҳтарам Юртбошимизнинг
“Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар
тўғрисида”ги Қарори юртимизда тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн соҳаси учун
муҳим тарихий ҳужжат эканлигини алоҳида эътироф этиб, бу Қарор бадиий таълимга ихтисослашган
Республикадаги ягона Олий таълим муассасаси бўлмиш Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий
рассомлик ва дизайн институтининг кейинги ривожи учун бевосита алоқадор бўлган кўплаб
имкониятлар яратганини таъкидлади.

Ушбу қарорнинг ижросини
таъминлаш борасида институтда чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Ушбу режада
институтда фаолият юритаётган барча ходимлар, профессор-ўқитувчиларнинг
фикрлари инобатга олинган бўлиб, институтнинг кейинги ривожи учун муҳим бўлган
барча жиҳатлар қамраб олинган.

Шунингдек, мазкур
мажлисда “2019-2020 ўқув йилида барча фанларни “ аъло” баҳоларга ўзлаштирган
битирувчи талабаларнинг номзодларини имтиёзли дипломларга тавсия этиш”,
“Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 24 декабрдаги
1030-сонли Қарорига асосан илмий даражага эга институт профессор-ўқитувчиларига
кўшимча ҳақ тўлаш масаласи”, “Институт профессор-ўқитувчиларининг Аттестация
ишини Ўзбекистон Республикаси Олий Аттестация комиссиясига доцент илмий
унвонига тавсия этиш”, “Институт профессор-ўқитувчилари томонидан тайёрланган
ўқув адабиётларни нашрга тавсия этиш”, “Институт Ўқув-услубий Кенгаши
раислигига янги номзодни тайинлаш, мазкур Кенгаш таркибини шакллантириш”,
“Институт магистрларининг жорий йил 27 майда ўтказилган “Санъат ёшлар нигоҳида”
илмий-амалий конференцияси материалларини тўплам сифатида нашрга тавсия этиш
каби бир қатор муҳим масалалар муҳокама қилинди.

Ушбу масалалар
юзасидан масъулларнинг ҳисоботлари тингланди. Булар бўйича Кенгаш аъзолари ўз
фикр-мулоҳазаларини баён этишди ҳамда тегишли қарорлар қабул қилинди.