ҚАДИМ ВА БАРҲАЁТ САНЪАТ

ҚАДИМ ВА БАРҲАЁТ САНЪАТ


Инсоният кулолчилик билан жуда қадимдаврлардан шуғулланиб келган. Тарихий манбаларга кўра, бу ҳунар биландастлаб аёллар машғулбўлса, кулоллик чархи пайдо бўлгандан кейин эркаклар лойдан турли буюмлар ясашни касб қилишган. Ўзбекистон замирида кулолчилик ўзининг чуқур тарихий илдизига эга. Халқимиз жуда қадим замонлардан сопол буюмлардан кенг фойдалангани музейларда сақланаётган экспонатлар тимсолида ўз аксини топади. Мустақиллик йилларида бу бебаҳо миллий ҳунармандчилик турини қайта тиклаш ва янада сайқаллашга алоҳида эътибор қаратилди.



Ҳозирда бадиий безатиш усули, шакли ва тайёрланишига кўра юртимизда Фарғона, Бухоро, Самарқанд, Хоразм ва Тошкент кулолчилик мактаблари мавжуд. Уларнинг ҳар бири ривожланиши, ижодий услублари ўзига хослиги билан ажралиб туради. Айни вақтда Фарғонада анъанавий бадиий йўналишлар қайта тикланган бўлса,қадим Бухоро ва Самарқанд кулолчилик мактаби буюмларида жарангдор нафислик, қўрғошинли сир ва сарғиш-яшил, жигарранг бўёқлар муҳим ўрин тутади. Афросиёб сополи анъаналарига асосланиб тайёрланадиган буюмлар безагида ўсимликсимон нақшлар етакчилик қилади. Шаҳрисабз усталари сополгамўйқаламда гул солcа, Ургут, Денов усталари бетакрор нақшлардан фойдаланади. БухороваСамарқанд кулолчилик мактаби бошқа мактаблардан сопол ҳуштак ўйинчоқлари билан ажралиб туради.Тошкент мактабининг турли статуэтка ҳамда ҳайкалчалари кўзни қувонтиради. Хоразм кулолчилиги ўзининг ложувард рангга мойиллиги, кўркамлиги ва мустаҳкамлиги билан донг таратган.

Юртимизда миллий ҳунармандчилик анъаналарини асраб-авайлаш, давом эттириш, ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш, шу аснода қадриятлар бардавомлигини таъминлаш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Президентимиз Ислом Каримовнинг 1997 йил 31 мартдаги “Халқ бадиий ҳунармандчиликлари ва амалий санъатини янада ривожлантиришни давлат йўли билан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони кулолчилик анъаналари ривожланишида ҳам муҳим омил бўлди.Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон Бадиий академияси “Ҳунарманд” уюшмаси ва унинг ҳудудий бўлимлари ҳамкорлигида ташкил этилаётган фестиваллар, кўргазмалар, ярмаркалар ва маҳорат мактаблари миллий ҳунармандчилик йўналишлари, жумладан, кулолчилик ривожини қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда.

— Кулолчиликда асосий хомашё лой ҳисобланади. У қанча сифатли бўлса, қанчалик яхши пишитилса, сопол сифати шунча яхши бўлади, — дейди Ўзбекистон Бадиий академияси қошидаги “Ҳунарманд” уюшмаси аъзоси, қатор кўрик-танловлар ва кўргазмалар совриндори Матлуба Умарова. — Кулолнинг асосий иш қуроли — кулоллик чархи. Уста унда идишлар тайёрлайди ва шакл беради. Тайёрланган идишлар қуритилиб, хумдонда қиздирилади. Маҳсулотлар сирланганидан сўнг яна бир бор хумдонда пиширилади. Бу мураккаб жараёнда санъат маҳсулини яратиш учун кулол ўзининг бор фантазияси, қобилияти ҳамда ижодий салоҳиятини ишга солиши керак. Ана шунда сопол кўзачалар ҳамда ҳайкалчалар ҳақиқий санъат асари даражасига етади. Ҳозирги вақтда юртимизда миллий ҳунармандчилик соҳаси вакиллари учун барча зурур шароит яратилган. Оилавий ҳунармандчилик корхоналари турли солиқлардан озод қилинган, қатор имтиёзлар билан таъминланган. Биз ҳам бу имкониятлардан фойдаланиб оилавий сополчилик корхонамизни ривожлантиряпмиз. Ишлаб чиқарган сопол рўзғор буюмлари, миллий қаҳрамонлар ҳайкалчалари, шамдон ва қаламдонларимизни кўргазмаларда намойиш этиб, ўз харидорларимиз ҳамда ҳамкорларимизни топишга эришдик. Корхонада “уста-шогирд” анъанасини қўлга қўйганмиз. Унда ўғилларим билан ўнлаб шогирдларимизга ҳунар сирларини ўргатяпмиз.

Матлуба Умарова бошлиқ оилавий кулолчилик корхонасида ишлаб чиқарилаётган буюмлар, айниқса катта-кичик ҳайкалчалар кўргазмаларда чет эллик сайёҳлар эътибори ҳамда эътирофига сазовор бўлмоқда. Улар орасида ўзаро ҳамкорлик қилиш истагида бўлганлар ҳам бор.

Чет элларда кулолчилик маҳсулотлари жуда қиммат туради. Чунки сопол экологик тоза маҳсулот саналиб, намликни мувофиқлаштириш, ҳаво ўтказиш каби хусусиятларига кўра, чинни, хрустал ҳамда металлдан ясалган рўзғор анжомларидан фарқ қилади. Мутахассислар фикрича, сопол идишларда саломатликка зиён етказувчи хусусиятлар мавжуд эмас. Шу сабабдан, ҳозирда ресторанлар, кафе ва ошхоналарда ҳам сопол идишлардан кенг фойдаланилмоқда.

— Келгусида ҳунармандчилик цехимизни янада кенгайтириб, янги дастгоҳлар келтиришни, ишчилар сонини кўпайтиришни режалаштиряпмиз, — дейди М.Умарова. — Шуни инобатга олиш керакки, сопол буюмлар алоҳида эътибор, эҳтиёткорликни талаб қилади. Агар ўзига яраша ишончли қутилар ва қадоқлар бўлмаса улар манзилга етиб боргунча синиб қолиши мумкин. Шу боис, уларни хориж бозорларига олиб чиқиш учун аввало мустаҳкам қути ва ўрамларда сотувга чиқаришни йўлга қўйиш лозим. Шу мақсадда янги маҳсулот ўраш цехини ҳам ишга туширишни ният қилганмиз.

Юртимизда ҳар қандай фойдали ғоя, ибратли тадбир ҳамда тадбиркорлик лойиҳаси қўллаб-қувватланади. Шу кунгача етиб келган қадим кулолчилик санъатини сақлаб, авлоддан-авлодга етказиб келаётган уста-ҳунармандлар бор бўлсин. Кимёвий бирикмалардан холи, табиий ва экологик тоза тупроқдан ясалган сопол буюмлар турмушда ишлатиш учун қулай бўлиши билан бирга, уларда миллийлигимиз, қадриятларимиз ўз аксини топади. Айнан шу сабаб, ота-боболардан мерос кулолчилик санъатини янада ривожлантириш муҳим ва аҳамиятлидир.

Манзура БЕКЧОНОВА,
www.art-academy.uz
“Туркистон-пресс”

Bosh ruknlar

Taqvim

«    Январь 2018    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031 

Talabalar ijodidan

  • Институтда иқтидорли магистр ва бакалавр талабалари ўртасида инглиз тилида ўтказилган “Youth’s look to Аrt” номли илмий-амалий анжуман
  • Талабалар турар жойида “Талабалар оқшоми” тадбири доирасида ўтказилган “Art-терапия ва аукцион” мавзусида ўтказилган тадбир
  • “Талабалар фестивали” доирасида бўлиб ўтган тадбирлар бўйича

Institut gazetasi

Flag Counter