Санъат байрамига марҳамат!

Санъат байрамига марҳамат!


Ўзбекистон Бадиий академияси Марказий кўргазмалар залида 21 апрель куни Тасвирий ва амалий санъат фестивалининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда турли вазирлик ва идоралар, ижодий ва жамоат, халқаро ташкилотлар, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган хорижий дипломатик корпус вакиллари, таниқли мусаввирлар, уста-ҳунармандлар, ҳайкалтарошлар, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлар иштирок этди.

Ўзбекистон Бадиий академияси раиси А.Нуриддинов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида тасвирий санъат ва маданиятимизни изчил равнақ топтириш, унинг турли мактаб ва анъаналарини асраб-авайлаш ҳамда янада бойитишга устувор аҳамият қаратилаётганини таъкидлади. Бу навқирон авлод маънавиятини юксалтириш, уларни санъатнинг энг нодир намуналаридан кенг баҳраманд этиш, янгидан-янги истеъдод соҳибларини вояга етказишдек эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан анъанавий ўтказиб келинаётган Тасвирий ва амалий санъат ҳафталиги юртимизда рассомлик санъати соҳасида қўлга киритилган ютуқ ва марраларни кенг намойиш этиш имконини бермоқда. Шу билан бирга, мазкур ижодий лойиҳа давомида бадиий таълимни сифат ва мазмун жиҳатдан янада такомиллаштириш истиқболлари белгилаб олинади. Ёш, изланувчан мўйқалам соҳибларининг ижодий фаолияти атрофлича таҳлил этилиб, уларга зарур маслаҳатлар берилади.

Бу йилги фестиваль Кексаларни эъзозлаш йилига бағишланган. Беш кун мобайнида Марказий кўргазмалар зали, Халқаро маданият карвон саройи, Ўзбекистон Тасвирий санъат галереяси, Тошкент Фотосуратлар уйи, Камолиддин Беҳзод мемориал боғ-музейи, Ўзбекистон давлат санъат музейида тасвирий санъат соҳасида самарали меҳнат қилган ва айни пайтда ҳам ижод қилаётган мусаввирлар, ҳайкалтарошлар, уста-ҳунармандларнинг ижод намуналари томошабинлар эътиборига ҳавола этилади.

Тасвирий санъат ҳафталигининг ҳар бир куни Бадиий ижодкорлар уюшмаси, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти, Республика рассомлик, дизайн коллежлари, ихтисослаштирилган тасвирий ва амалий санъат мактаб-интернати фаолиятига бағишланади. Атоқли рассомлар, моҳир мусаввирлар, амалий санъат усталари иштирокида ўтказилувчи маҳорат сабоқлари ёшларнинг билим ва маҳоратини янада бойитишга хизмат қилади.

Халқаро маданият карвон саройида ташкил этиладиган ҳайкалтарошлик, архитектура дизайни, амалий декоратив санъат, халқ амалий санъати намуналаридан иборат кўргазма турли йўналишларда фаолият олиб бораётган рассомлар ижоди билан яқиндан танишиш имконини беради. Тошкент Фотосуратлар уйида бўлиб ўтадиган кўргазмада дастгоҳли ва маҳобатли рангтасвир, графика, миниатюра, хаттотлик, театр ва кино рассомлари, фотомусаввирлар ижоди энг сара намуналаридан баҳраманд бўлиш мумкин. Ўзбекистон анъанавий миллий либослар кўриги санъатсевар ёшларнинг мода йўналишида ҳам фаол изланаётганини яна бир карра намоён этади.

– Бундай кенг кўламли фестиваль рассомликнинг турли йўналишлари бўйича тўпланган бой билим, тажриба ва янгиликларни ёшларга тўла етказишда алоҳида аҳамият касб этади, – дейди Латвия Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Эдгарс Бондарс. – Буларнинг барчаси юртингизда ижодкорларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасидаги амалий ишларнинг яна бир ёрқин намунасидир.

Фестиваль доирасида ўтказиладиган анжуманларда замонавий санъатшуносликнинг ривожланиш босқичлари, миллий санъатимизга оид мероснинг бугунги кун нуқтаи назаридан талқин этилиши каби масалалар муҳокама қилинади. Ҳафталик давомида турли ижодий танловлар, мулоқотлар, концертлар ташкил этилиши кўзда тутилган.

– Бугунги тинч-осойишта, фаровон ҳаётимиз, ижод аҳли учун яратилган бетимсол имкониятлар тасвирий санъатнинг гуллаб-яшнаши учун муҳим пойдевор вазифасини ўтамоқда, – дейди моҳир ҳайкалтарош Дамир Рўзибоев. – Шундай саодатли кунлардан руҳланиб, янада баракали ижод қилиш, ўғил-қизларни соғлом тафаккурли фарзандлар этиб вояга етказишда масъулиятни астойдил ҳис этиш бизнинг бурчимиздир. Тасвирий ва амалий санъат фестивали бу йўналишдаги галдаги вазифаларни белгилаб олишда, ижодимизга таҳлилий, янада теранроқ нигоҳ билан назар ташлашда алоҳида аҳамият касб этади.

Санъат байрами Кексаларни эъзозлаш йилига бағишлаб Марказий кўргазмалар залида ташкил этилган бадиий кўргазма тақдимоти билан бошланди.

Назокат Усмонова, Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА

Bosh ruknlar

Taqvim

«    Июнь 2017    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
2627282930 

Talabalar ijodidan

  • Институтда иқтидорли магистр ва бакалавр талабалари ўртасида инглиз тилида ўтказилган “Youth’s look to Аrt” номли илмий-амалий анжуман
  • Талабалар турар жойида “Талабалар оқшоми” тадбири доирасида ўтказилган “Art-терапия ва аукцион” мавзусида ўтказилган тадбир
  • “Талабалар фестивали” доирасида бўлиб ўтган тадбирлар бўйича

Institut gazetasi

Flag Counter