Ўзбекистон санъатшунослиги: кеча ва бугун

Куни кеча Камолиддин Бехзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида “Санъатшунослик” факультетининг 50 йиллик юбилейи институтнинг профессор-ўқитувчилар ва талабалари билан кенг миқёсда нишонланди. Кечага шу факультетни энг биринчи қалдирғочларидан бўлиб тамомлаган, ҳозирда Республикамиз илм-фанига ўзининг улкан хиссасини қўшиб келаётган машхур олимлардан А.Хакимов, Н.Ахмедова, К.Акилова, Ф.Максумова, Л.Кодзаева, Е.Шостко ва бошқалар қатнашдилар.
1954 йили Тошкентда театр санъати институти ташкил этилди. Орадан 11 йил ўтиб, 1965 йили Ўзбекистон маданият вазирлиги таклифи билан мазкур институтда санъатшунослик таълимини йўлга қўйиш бўйича қарор қабул қилинди. Шу йилнинг ўзидаёқ институтда “Тасвирий санъат тарихи ва назарияси” кафедраси ўз фаолиятини бошлади. Кафедранинг биринчи мудири санъатшунослик фанлари доктори, профессор Л.И.Ремпел Г.А.Пугаченкова билан ҳамкорликда бир қатор фундаментал тадқиқотлар олиб борди. Шу йили “Ўзбекистон санъати тарихи” номли йирик монографияси нашр этилди.
1967-1968 йилларда таълим жараёнига Тошкентда Ўрта Осиё университетини битирган санъатшунослар – Л.В.Шостко ва В.Л.Лаковскийлар жалб этилдилар. Улар билан бир қаторда махсус курсларга маърузалар ўқиш учун таниқли олимлар, санъатшунослик фанлари доктори, Р.Х.Тоқтош, санъатшунослик фанлари номзоди А.У.Рашидов, Э.В.Ртвеладзе, Б.Турғунов, Ш.Тошхўжаев, А.Морозовалар таклиф этилдилар. Таниқли олим Г.Пугаченкова санъатшунослик институти томонидан ташкил этилган Далварзинтепа археологик комплекси санъатшунослик экспедициясини бевосита кафедрамиз талабалари иштирокида олиб борди.
1972 йилдан кафедрани Л.В.Шостко бошқаради ва профессор-ўқитувчилар илмий салоҳиятини оширишга катта ҳисса қўшди. Етмишинчи йилларнинг ўрталарида жамоа янги кадрлар билан бойиди. Ёш санъатшунослар Н.Ахмедова ва З.Рахимовалар ҳам талабаларга санъат назарияси ва тарихидан сабоқ беришга киришдилар.
Миллий истиқлолимизнинг дастлабки кунлариданоқ барча соҳаларда бўлгани каби таълим тизимида ҳам туб ислоҳотлар бошланди. Бу ҳолат бадиий таълим соҳаларини ҳам бирдай қамраб олди. Мустақиллик йилларида олимларимиз учун ватанимиз бадиий маданиятини ҳар томонлама чуқур ва изчил ўрганиш учун янги имкониятлар эшиги очилди. 1992 йилдан кафедрани Н.Ахмедова бошқаришга киришди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига биноан ташкил этилган Ўзбекистон Бадиий Академияси таркибида Миллий рассомлик ва дизайн институти ўз фаолиятини бошлади. Натижада санъатшунос кадрларни тайёрлашда янги давр бошланди. 1998-1999 йилларда кафедрани Ш.Ғуломова бошқарди. 1999-2003 йилларда бу лавозимга З.Раҳимова тайинланди. 2003-2005 йилларда эса К.Акиловага шундай масъулият юкланди. 2005-2010 йилларда Н.Абдуллаев кафедра мудири сифатида фаолият юритди.
Ҳозирги кунда кафедрада юқори малакали профессор-ўқитувчилар таркиби жамланган. Улар орасида профессор, санъатшунослик фанлари доктори А.Ҳакимов, Н.Ахмедова, К.Акилова, Э.Гюль, Д.Қодирова, санъатшунослик фанлари номзодлари – З.Алиева, Ш.Абдуллаева, Р.Фатхуллаев, доцентлар – Ш.Ғуломова, Е.Филатова ва бошқа бир қатор ёш профессор-ўқитувчилар бор.
Кафедра аъзолари 50 йиллик юбилей тадбирларини ташкил этишда катта ишларни бажардилар. Буни институт раҳбарияти билан келишган ҳолда “Санъатшунослик тўплами”нинг нашр этилишида ҳам кўриш мумкин. Бир сўз билан айтганда, мустақиллик йилларида Ўзбекистон бадиий маданиятини ўрганиш, миллий санъатшунослик мактаби анъаналарини давом эттиришда кафедра профессор-ўқитувчиларининг алоҳида ўрни бор.

Bosh ruknlar

Taqvim

«    Январь 2018    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031 

Talabalar ijodidan

  • Институтда иқтидорли магистр ва бакалавр талабалари ўртасида инглиз тилида ўтказилган “Youth’s look to Аrt” номли илмий-амалий анжуман
  • Талабалар турар жойида “Талабалар оқшоми” тадбири доирасида ўтказилган “Art-терапия ва аукцион” мавзусида ўтказилган тадбир
  • “Талабалар фестивали” доирасида бўлиб ўтган тадбирлар бўйича

Institut gazetasi

Flag Counter