ҚУЁШ ҲАМ БАЙРАМНИ КЎРИШГА ШОШДИ

ҚУЁШ ҲАМ БАЙРАМНИ КЎРИШГА ШОШДИ


Ижодкорлар ҳар баҳорни ўзгача кайфият билан кутиб олишади. Қалбларимизни олам-олам шодликларга бурковчи ёшариш ва янгиланиш байрами - Наврўздан бир ой ўтиб 21-25 апрел кунларида “Ижодкорлар куни” Ватанимизда кенг нишонланади. 2012 йилдан бошлаб ҳалқаро мақомини олган “Тасвирий санъат фестивали” йилдан йилга тобора ўз доирасини кенгайтириб бораётганлиги ҳам шундан. Ўзбекистон Бадиий Академияси “Соғлом бола йили”га муносабати билан қатор ташкилот ва муассасалар билан ҳамкорликда Пойтахтимизда барча ёшдаги ижодкорлар ва санъат мухлислари учун беш кун давомида ажойиб байрам шодиёналарини тортиқ этди.
Марказий кўргазмалар зали биносининг олдида ташкил этилган тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Бадиий Академиясининг раиси А.Нур, бир қатор хорижий меҳмонлар ва Япониянинг Ўзбекистондаги элчиси йиғилганлари байрам билан қутладилар. Маросим якунлангач, Марказий кўргазмалар залининг биринчи қаватида халқ амалий санъати устаси самарқандликик Академик Шариф Азимовнинг олтмиш йиллик юбилейига бағишланган шахсий кўргазмаси очилди. Уста кулол 1954 йилда самарқандда туғилган. 1970-73 йиллари уста Умарқул Жўрақулов устахонасида таҳсил олган. Республика ва хорижий кўргазмалар иштирокчиси. Шакл санъатини мукаммал эгаллаган “кўзагар” уста самарқанд сирланмаган кулолчилик анъаналарини давом эттириб келмоқда.
Залнинг иккинчи қаватида Азарбойжон халқ рассоми Хусейн Ахвердиевнинг пастел техникасида ишлаган асарлари намойиш этилди. “Пластика” (тўртлик), “Тошлар билан суҳбат”, “Шомон рақси”, “Фазовий портрет” каби асарлари ўзининг абстракт тасаввурга, ҳаёллий тушга якин тафаккурга асосланиши билан томошабинни борлиқда кечаётган воқеа-ходисалар сирли тилсимларининг моҳиятини очишга ундаётгандай. Шунингдек қорақалпоғистонлик ҳайкалтарош Д.Тожимуродовнинг ёғоч ашёсида ишлаган “Чавандоз”, “Қария ва ит”, “Чол ва хўроз” каби дастгоҳли ҳайкаллари ўзининг миллий шоирона лирикаси билан томошабинларни қаҳрамонлар романтик кечинмаларига янада чуқурроқ олиб киради.
Бу сафарги фестивалда тақдим этилган ишлар йўналиши, ишланиш техникаси, мавзуларнинг эркинлиги жиҳатидан ҳар томонлама ранг-барангликка эришилганли қувонарли албатта. Хусусан, мифологик мавзулардаги асарлар ҳар томонлама жиддий сараланганлигини айтиш лозим. Академик Алишер Мирзаевнинг инсоният иптидоси ҳақидаги ривоятдан ҳикоя қилувчи “Одат ато ва Момо ҳаво қиссаси” номли триптихи ўзининг декоративлиги, ундаги воқеалар ривожи дуалистик таълимотга асосланишини замонавий тасвирий санъатда катта янгилик дейиш мумкин. Навоийлик рассом Б.Бозоровнинг ишларида ҳам афсонавий мавзу етакчилик қилади. Унинг “Олтин балиқча” мавзусига мурожаат этиши ва ғояни реалистик йўналишда очиб беришини катта янгилик дейиш мумкин. Кўргазмага қўйилган ишлар орасида гуашда бажарилган асарлар ҳам савия ҳам мазмун жиҳатдан бошқалардан қолишмаслигига амин бўлдик. Хусусан, П.Аненковнинг “Оққуш малика”, “Тақдирлар китоби, иптидо” номли асарларида умуминсоний қадриятларга мурожаат этилган. Ҳар икки асарда ҳам рангларнинг танланиши, образларнинг жойлаштирилиши. композицион ечим ва характер жиҳатдан юксак ларажада бажарилган. Т.Фадееванинг “Бедорлик”, Ш.Абдумаликовнинг “Қария мажнун”, “Будданинг ёрқин чеҳраси”, Б.Исмоиловнинг “Чавандоз” каби асарларида декоративлик, ранглар гаммасининг ўзига ҳослиги билан эътиборни тортади.
Фестивалда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти жамоаси илмий - ижодий ишларига ҳам юқори баҳо берилди. Дизайн факулътети талабаларининг миллий либослар коллекцияси намойиши байрамга ўзгача шукуҳ, тарофат олиб кирди. Куннинг иккинчи ярмида санъатшуносларнинг замонавий тасвирий санъат таълимига оид илмий тадқиқот ишларида магистрларнинг олдида турган долзарб вазифалар таҳлил қилинган илмий семинар қизғин муназараларга сабаб бўлди. Институт ректори Ҳ.Р.Аминов, санъатшунослик фанлари доктори, профессор А.Ҳакимов, К.Акилова ва бошқа бир қатор санъатшунос олимлар бу борада амалга оширилган ишлар ва уларнинг янада савиясини ошириш борасида ўз мулоҳазаларини баён этишди. Шунинг ўзиёқ фестивални юқори савияда ташкил этишда санъатшуносларнинг алоҳида ўрни борлигини кўрсатмоқда. Бу сафарги санъат байрамида ижодкор рассомлар ва санъатшунослар ўзаро ҳамкорлиги яхши йўлга қўйилди. Кўргазмадан ўрин олган тасвирий ва амалий санъат асарлари муаллифларининг санъатшунослар билан кенгайтирилган муҳокамаси - “Замонавий тасвирий санъат: анъана ва инновация” номли давра суҳбати ҳам қизғин мунозараларга бой бўлди. Давра суҳбатидан мақсад – ўзбекистон тасвирий ва амалий санъатининг ҳозирги ҳолати, муаммолари ва уларнинг ечими, ватанимизда бадиий таълимнинг устивор вазифалари, санъат тараққиётида қилиниши лозим бўлган энг муҳим вазифалар ва уларнинг ечими изланди.
Ҳар йили бўлгани каби бу сафар ҳам таниқли академик рассомлар бўлажак ёш ижодкорлар учун ўзларининг маҳорат дарсларини ташкил этишди. Беш кун мобайнида тасвирий санъат асарларининг қандай яратилиши турли ижодкорлар томонидан очиқ майдонlа намойиш этиб берилди. А.Мирзаев, Б.Жалолов, Р.Худайберганов А.Нур каби мўйқалам усталари тажрибалари қизғин кутиб олинди. Ёш рассомлар ҳар бир академикнинг ишлаш техникаси, бадиий ифода воситаларни қандай танлаши, композиция яратилишида нималарга эътибор бериш лозимлигини ўз кўзлари билан кўриб, ундан керакли хулосалар чиқариши шубҳасиз.
Маълумки, бу йил халқимизнинг севимли шоири Муҳаммад Юсуфнинг олтмиш йиллик юбилейи кенг нишонланади. Шу муносабат билан институтимиз профессор ўқитувчилари ва талабалари томонидан алоҳида “тўёна” ҳозирланди. Яъни фестивал кунлари пойтахтимиз аҳолиси ва меҳмонлар учун Ўзбекистон Халқ шоири Муҳаммад Юсуф ва унинг ижодига бағишланган тасвирий санъат асарлари ишланди. Элдорбек Очилов томонидан яратилган ҳайкал-бюст шоир сиймосига эҳтиромнинг бир нишонасидир. Тошкент фотолар уйида М.Юсуф ҳаётлик чоғида турли йилларда муҳрланган фотосуратлари кўргазмаси, таниқли шоирлар ва санъаткорлар иштирокидаги “Назм ва Наво” кечаси чинаккамига байрамона руҳда кечди.
Шунингдек, беш кун давомида Ўзбекистон Бадиий Академияси атрофидаги очиқ майдонда ёш рассомларнинг табиат қўйнида турли мавзуларда асарлар яратиши, ҳайкалтарошларнинг уюшган ҳолда комплекс ҳайкаллар ишлаши, кулолларнинг ўз чархларида турли шаклдаги маиший буюмларнинг қандай дунёга келишини кўрсатиб бериши ҳам томошабинларни санъатнинг сеҳрли оламига етаклаши шубҳасиздир.
Бу галги фестивал ҳар томонлама қизиқарли лаҳзаларга бой, сермазмун, ҳақиқий байрамона кайфиятда ўтди. Бунда кунчиқар юрт – Япония маданияти ва санъати кунлари ўзига ҳос омил бўлди. Камодиддин Беҳзод номидаги мемориал боғ музейида Япония ҳақида ҳикоя қилувчи фоторассомлар ижодий кўргазмаси, ранги ва безаклари билан билан бир биридан фарқ қилувчи эркаклар ва аёллар киманолари намойиши, қадимий чой маросими ва бошқа томошалар шулар жумласидандир.
Хуллас, қалбларимизни олам-олам шодликларга тўлдирган тасвирий ва амалий санъат оламида нуфузли бўлган яна бир ҳалқаро фестивал поёнига етди. Беш кун давомида ҳатто қуёш ҳам гўё байрам томошаларни кўришга шошгандай эрталабдан кечгача чарақлаб турди. Қалбларимизга илиқлик, тафт ва илҳом олиб қирган баҳор қуёшининг шуъласи бундан кейин ҳам ҳам абадий чарақлайверсин, баҳорий кайфият ҳеч қачон юртдошларимиз чеҳрасини тарк этмасин!
Иброҳим Абдураҳмонов
Санъатшунослик фанлари номзоди

Bosh ruknlar

Taqvim

«    Октябрь 2018    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031 

Talabalar ijodidan

  • Институтда иқтидорли магистр ва бакалавр талабалари ўртасида инглиз тилида ўтказилган “Youth’s look to Аrt” номли илмий-амалий анжуман
  • Талабалар турар жойида “Талабалар оқшоми” тадбири доирасида ўтказилган “Art-терапия ва аукцион” мавзусида ўтказилган тадбир
  • “Талабалар фестивали” доирасида бўлиб ўтган тадбирлар бўйича

Institut gazetasi

Flag Counter