ЧОРАК АСР ШУКРОНАСИ

 

 

Халқимиз Ўзбекистон Мустақиллигининг 25 йиллик байрамини нишонлашга ҳозирлик кўраётган шукуҳли кунларда ким билан суҳбатлашсангиз, эришилган улкан ютуқлар, юртимиз ҳаётидаги ўзгаришлар, бунёдкорликлар ҳақида фахр ва ифтихор билан сўзлайди.

 

Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида қайд этилганидек, халқимиз асрлар давомида интилиб яшаган ва курашган мустақиллигимизнинг қадр-қимматини англаб етиш ҳар бир фуқаронинг бурчидир. Шубҳасиз, эришган ютуқларимизни мустаҳкамлаш, биз кеча ким эдигу бугун ким бўлганимизни англаш ва ватандошларимизни янги марралар сари бошлаш олдимизда турган энг долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.

 

Мамлакатимиз тарихида янги саҳифа очган Ўзбекистонимиз Мустақиллигининг 25 йиллигини муносиб кутиб олиш мақсадида жойларда  “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.  

 

Мамлакатда барча соҳаларда амалга оширилган ислоҳотлар кўз олдимизда содир бўлди. Шу ўтган чорак аср давомида нималарни кўрмадик. Бугун барчамиз шукр қиладиган кун. Бунинг сабаби эса Ўзбекистоннинг барча соҳаларда – ҳам иқтисодиётда, ҳам халқ фаровонлигини таъминлаш йўлида эришган ютуқларимизда акс этмоқда. Биз – кеча бировларнинг қош-қовоғига қараган, уларнинг мурувватига муҳтож бўлган, оддий инсоний қадр-қимматидан жудо бўлган халқ бугунги кунга келиб мутлақо янги сифатларга эга бўлдик. Биз энди ўзининг мустақил сўзига, сиёсатига эга мамлакатмиз. КИМ ЭДИГУ, ЭНДИ КИМ БЎЛДИК! Масалани шу тарзда қўйишга айрим ҳолатлар мажбур қилмоқда. Масалан,болаларимизнинг тақдири билан боғлиқ масала. Ушбу масала хусусида фикр юритишдан аввал бир-икки мисол келтиришни лозим, деб топдик. 1990 йилдаги маълумотларга кўра, ўша даврдаги барча мактабларнинг 1700 таси авария ҳолатида эди, 43 фоиз мактаблар мослаштирилган биноларда фаолият кўрсатар, ўқув адабиётлари, дарсликлар билан таъминланганлик даражаси эса 55,4 фоиздан иборат эди. Ахир ўзингиз ўйлаб кўринг, алмисоқдан қолган бинолар, томидан доимо чакки ўтиб турар, мутлақо талабларга жавоб бермайдиган ускуналар, унинг устига дарсликлар етишмас, борлари ҳам фақат сафсатабозликни тарғиб этувчи компартия мафкурасига асосланган ҳолда олинган билим нимага ҳам ярарди? Бугун мамлакатимиз раҳбарияти таълим тизимини давлат сиёсатининг устувор йўналиши, деб эълон қилди. Ялпи ички маҳсулотнинг 10-12 фоизи фақат таълим соҳасига сарфланмоқда. Ушбу рақамнинг қай даражада салмоқли эканлигини тасаввур этиш учун қуйидаги мисолни келтириш зарур, деб ўйлаймиз: ривожланган хориж давлатларида бу рақам 3-5 фоиздан ошмайди. Ҳозир мамлакатимизда 9698та умутаълим мактаби, 4929та мактабгача таълим муассасаси, 278та болалар мусиқа ва санъат мактаби, 490та болалар спорт мактаби, 211та “Баркамол авлод маркази” фаолият кўрсатмоқда. Ўқувчиларни дарслик, ўқув қўлланмалари билан таъминланганлик даражаси 100 фоизни ташкил этади. Таълим соҳасида бепул, мажбурий 9+3 модели натижасида касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг икки, учтадан мутахассисликка эга бўлиш имконияти яратилди. Хўш, эндичи? Шу нарсага эътибор қилайликки, дунёнинг аксарият давлатларида ёшлар касб-ҳунар эгаллашлари учун уларнинг ота-оналари ёки ўзлари катта ҳажмдаги пул маблағларини сарфлайдилар. Биздачи, бизда бу ташвишларни давлатнинг ўзи ўз бўйнига олган. Яна бир мисол: бугунги кунда дунёда 100 миллион мактаб ёшидаги болалар ўқиш нима, ёзиш нима эканлигини билмайдилар, болалик бахту қувончидан йироқдадирлар. Ёш авлодимизни соғлом ва баркамол инсонлар этиб тарбиялаш мақсадида амалга оширилаётган давлат сиёсатининг моҳиятини, хусусан, болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан барча вилоят, шаҳар ва туманларимизда 300га яқин мусиқа ва санъат мактаблари, 1 минг 900 дан зиёд спорт иншоотлари бунёд этилгани, сўнгги ўн йилда болалар ва ўсмирлар ўртасида спорт билан мунтазам шуғулланиш даражаси 30 фоиздан 57 фоизга, қизлар ўртасида 24 фоиздан 47 фоизга етгани улкан ютуқларимиздан биридир. Энг муҳими, эртанги кунимизнинг таянчи ва суянчи бўлмиш ёш авлодимизнинг янгича, мустақил фикрлайдиган, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, шу юртнинг ҳақиқий эгаси, Ватанимизнинг тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир инсонлар бўлиб вояга етаётганини алоҳида таъкидлаш зарур. Айни шундай ёшларни, айтиш мумкинки, ҳал қилувчи куч сифатида тайёрлашни ўзимизнинг устувор вазифамиз деб кун тартибига қўйганимиз вақт ўтиши билан нақадар узоқни кўзлаган тарихий қадам бўлгани тобора аён бўлмоқда.

 

Қишлоқларимиз қиёфасининг ўзгарганлигини айтмайсизми! Ҳар ким ўз хоҳиши бўйича, муайян режаларсиз қурилган қинғир-қийшиқ кўчалар, пастқам, гуваладан барпо этилган уйлар – буларнинг бари энди биз учун тарихга айланиб улгурди. Мамлакатимиз раҳбари томонидан қишлоқ аҳлининг шарт-шароитини, турмуш фаровонлигини оширишга, бундай имкониятлар шаҳар билан тенглаштирилишига алоҳида эътибор берилмоқда. 2009йилдан бошлаб дунёнинг бошқа мамлакатларида учрамайдиган ҳолат  қишлоқларимизда намунавий лойиҳалар асосида уйлар қуриш бошланди. Бу уйлар ўзининг замонавий архитектураси, одамлар учун қулай шарт-шароитлар яратилганлиги билан ажралиб туради. Биргина 2015йилнинг ўзида худди шундай уйлардан 12 мингтаси қуриб битказилди, эгаларига топширилди, уй тўйлари ўтказилди. Ота-боболаримиз орзу-ҳавас қилган бу уйлар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг яққол кўриниши ҳисобланади.

 

Бировларни “бобо” дейиш, уларга сажда қилган даврларимиз энди аччиқ тарихга айланди. Бугунчи? Бугун ўз аждодлари, боболаридан фахрланадиган, улардан руҳий қувват оладиган халққа айландик. Биз бугун яна Ўрта асрлар Шарқининг математика, астрономия, тиббиёт, кимё, геология, адабиёт, тилшунослик, мусиқа илмини ривожлантирган боболарнинг ишларини давом эттиришдан фахр туядиган ва ўшанга шай, 2014 йил 15-16 май кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзуидаги халқаро конференцияда иштирок этган дунёнинг 50 мамлакатидан келган атоқли олимларнинг ҳайратидан ўзи ҳайратга тушган ўзбекмиз.

 

Мамлакатимиз раҳбари давлат истиқболи, келажагини соғлом она, соғлом болада, умуман, ёшлар тимсолида кўрмоқда. Дунёнинг бирор-бир мамлакат раҳбари ўз давлатидаги болаларни фарзандларим, демаса керак. Аммо Юртбошимиз Ўзбекистон болаларини ўз болаларим, деб атади. Бунинг тагида катта фалсафа бор, мардлик, жасорат бор. Шунинг учун бўлса керак, юртимиздаги барча ёшлар тақдири учун жавобгарликни давлатимиз раҳбари ўз масъулиятига олмоқда. Уларни ўқитиш, касб-ҳунарли қилиш, баркамол инсон қилиб тарбиялаш – буларнинг бари учун кафолат унинг зиммасида.

 

Фарзандларимиз учун яратилаётган имконият, шарт-шароитларни дунёнинг бошқа бирон-бир мамлакатида учратмаймиз. Айниқса, юртбошимиз аёл зотига бўлган жамият муносабатини янада кўтаришга алоҳида эътибор бермоқда. Мамлакат раҳбари шундай дейди: “Барчамизга яхши аёнки, ҳар бир инсон аввало Аллоҳнинг марҳамати билан, она зотининг ўз боласини юраги остида асраб, тўққиз ой давомида тортган машаққатлари туфайли дунёга келади. Шу боис ҳаммамиз Яратганнинг буюк мўъжизаси бўлган азиз аёлларимиз тимсолида ҳаёт абадийлигини таъминлаб келаётган табаррук зотларни кўрамиз. Ер юзида ҳаёт пайдо бўлибдики, одамзот мўътабар она сиймоси олдида ҳамиша таъзим қилади. Муборак ҳадислардаги “Жаннат – оналарнинг оёғи остидадир” деган сўзлар ҳам ана шу юксак меҳр ва эҳтиромнинг ёрқин ифодасидир”. Шу маънода, 2016йил мамлакатимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш йўлидаги дадил қадам бўлди, дейишга асосларимиз бор. Шубҳасиз, “Соғлом она ва бола” йили бўйича мукаммал, илмий жиҳатдан ишлаб чиқилган Давлат дастури қабул қилинди. Унда белгиланган вазифаларнинг бажарилиши, дастур доирасида ажратиладиган маблағлар соғлом она, соғлом бола, баркамол ёшлар муаммоларини ҳал этишда ўзига хос ўрин эгаллади. Биз Ўзбекистонда инсон манфаатлари йўлида олиб борилаётган катта ҳажмдаги бунёдкорлик ишларининг, эришилган ютуқларининг айримлари тўғрисида тўхталдик, холос.

 

Биз мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан яратувчилик ишларидан фахрланишга ҳақлимиз. Айниқса Сурғил кони негизида қиймати 4 млрд. доллардан зиёд бўлган Устюрт газ-кимё мажмуаси, “Женерал Моторс” компанияси билан ҳамкорликда автомобил двигателлари, Самарқанд вилоятида юк автомобиллари ва автобуслар ишлаб чиқарилаётгани, 123,5 километрли “Ангрен-Поп” темир йўлининг қурилиши, юқори тезликда ҳаракат қиладиган “Толго-250” йўловчи поездлари харид қилиниб, Тошкент-Самарқанд, Тошкент-Қарши йўналиши бўйича уларнинг ҳаракати йўлга қўйилгани, яна қанча мисоллар келтириш мумкин – буларнинг бари мамлакатимиз аҳолиси манфаатлари йўлидаги изчил сиёсатнинг натижасидир.

 

Мамлакатимизнинг қудрати ва иқтисодий салоҳияти тобора ортиб бораётганилигини ялпи ички маҳсулотимизнинг ўсиш суръатлари охирги 11 йил давомида жаҳондаги саноқли давлатлар қаторида 8 фоиздан кам бўлмасдан келаётганида, аҳолимизнинг ҳаёт даражаси ва сифати юксалиб бораётганида яққол кўриш мумкин.

 

Барчамизга маълумки, бугун биз бошимиздан кечираётган ўта таҳликали замонда, ён-атрофимизда турли таҳдид ва хатарлар кучайиб бораётган бир шароитда энг катта ва бебаҳо бойлигимиз бўлган тинчлик ва осойишталикни кўз қорачиғидек асраш, миллатлар ва фуқаролараро дўстлик ва ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлаш, доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиб, тинчлик учун курашиб яшаш, ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини чуқур англашимиз даркор.

 

Бундай ўзгаришлар жонажон Ўзбекистонни янада обод, фаровон қилади, халқимизда эртанги кундан хотиржамлик кайфиятини шакллантиради. Бугунги кундан шукр қилиш, қийинчиликлар олдида довдирамасдан, юрт истиқболи йўлида янада жипсроқ бирлашиш, миллат равнақига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшишга ҳаракат – буларнинг бари жонажон Ўзбекистонда демократик, ҳуқуқий, инсонпарвар давлатни барпо этишга имкон беради. 

 

Ҳ. Р. Аминов

Камолиддин Беҳзод номидаги

Миллий рассомлик ва дизайн

институти ректори

Bosh ruknlar

Taqvim

«    Январь 2018    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031 

Talabalar ijodidan

  • Институтда иқтидорли магистр ва бакалавр талабалари ўртасида инглиз тилида ўтказилган “Youth’s look to Аrt” номли илмий-амалий анжуман
  • Талабалар турар жойида “Талабалар оқшоми” тадбири доирасида ўтказилган “Art-терапия ва аукцион” мавзусида ўтказилган тадбир
  • “Талабалар фестивали” доирасида бўлиб ўтган тадбирлар бўйича

Institut gazetasi

Flag Counter