ЭЗГУ ИШЛАР АБАДИЙ БАРҲАЁТ

                      

 

ЭЗГУ ИШЛАР АБАДИЙ БАРҲАЁТ

 

 

 

Ўзбекистон Бадиий Академияси, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти профессор-ўқитувчилари ва талабалари мустақил Ўзбекистонимизнинг биринчи Президенти марҳум Ислом Каримов томонидан санъат ривожига қаратилган эътибор ва ғамхўрликни ҳеч қачон унутмайди. У давлатимиз раҳбари сифатида миллий қадриятларимиз, шонли тарихимизда чуқур из қолдирган буюк сиймоларимиз хотирасини абадийлаштириш ишларига катта ҳисса қўшдилар. Айниқса, Мовароуннаҳр ва Хуросоннинг бутун маънавий маданияти юксалишига жуда катта таъсир кўрсатган, ўзбек адабий тилининг асосчиси, шеърият мулкининг султони Низомиддин Мир Алишер Навоий, Шарқ миниатюра санъатининг беназир мўйқалам устаси, даҳо санъаткор Камолиддин Беҳзод, шоир ва давлат арбоби, қомусий олим ва тенгсиз саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби улуғ бобокалонларимиз илмий, бадиий меросини ўрганиш ва ёшларга ўргатиш, улардан бугунги кун учун айрим хулосалар чиқаришни ҳар бир нутқ ва китобларида таъкидлаб келганлар. Зеро, уларнинг асарлари асрлар давомида қайта-қайта кўчирилиб, халқ орасида кенг тарқалиб, шоирлар ва илм аҳли учун мактаб вазифасини ўтаб келган.

 

И.Каримовнинг бундай насиҳатларида чуқур рамзий маъно бор. Зеро, бугунги кунда дунё ҳамжамияти томонидан Амир Темур ва Темурийлар даври маданияти ва санъатига нисбаттан  “Иккинчи ўйғониш даври” деган баҳонинг берилиши ҳам бежиз эмас. Чинданда, бу даврда Хуросон ва Мовароуннаҳрда маънавий, ижтимоий ҳаётнинг деярли барча соҳаларида юксак тараққиёт даражасига эришилган. Юқорида номи тилга олинган беназир устозларимиз томонидан яратилган нодир асарлар ҳам шундан далолат беради.

 

Дарҳақиқат, истиқлол йилларида маънавий меросимизни ўрганиш ва қайта тиклаш борасида марҳум Президентимиз томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Собиқ санъат институти таркибидан ажралиб чиққан янги таълим муассасамизнинг Камолиддин Беҳзод номи билан аталиши ва унга Миллий мақом берилиши ҳам бевосита уларнинг ғояси туфайли амалга ошди. Шунинг ўзиёқ зиммамизга катта маъсулиятни юклайди. Келажакка ишонч кўзи билан қарайдиган умидли ёшларимизжаҳон замонавий санъат йўналишлари билан бир қаторда Шарқ миниатюра мактаблари анъаналарини ҳам ўзлаштириб келадилар. Узоқ йиллардан буён давом этиб келаётган устоз-шогирд анъанасининг йилдан йилга мустаҳкамланаётганлиги ҳам бунинг ёрқин мисолидир.

 

Истиқлол йилларида Президентимиз И.А.Каримов ташаббуслари ва бевосита раҳнамолиги остида буюк саркарда, улуғ бобокалонимиз соҳибқирон Амир Темур ва Темурийлар образини яратиш бўйича танлов эълон қилинди. Натижада бир бирини мутлақо такрорламайдиган юзлаб санъат асарлари дунё юзини кўрди[1]. Дарҳақиқат, тарихий адолатни қарор топтириш, йиллар давомида топталиб келган улуғ бобомиз сиймосини яратишда Президентимиз томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилди[2]. Бу ҳақда давлатимиз раҳбари шундай ёзади:

“Баъзи бир миниатюра асарларини ҳисобга олмаганда, ўз вақтида Амир Темурнинг портрет-сурати чизилмаган. Лекин ушбу миниатюралар буюк Амир Темурнинг бетакрор шахсиятини ҳар томонлама ва ҳаққоний акс эттира олмаслигини тушуниш қийин эмас. Чунки бу расмларнинг бирида Соҳибқирон мўғулга, яна бирида ҳиндга, учинчисида эса бошқа бир миллат вакилига ўхшатиб тасвирланади. Шу туфайли биз унинг асл қиёфаси қандай бўлгани ҳақида аниқ тасаввурга эга эмас эдик. Кўпчилигимиз уни шўролар даврида антрополог-ҳайкалтарош М.Герасимов “яратган” қўрқинчли бюст орқали билардик, холос”[3]. Манбаларда Амир Темур ва Темурий шаҳзодаларнинг ташқи қиёфалариҳақида бир-бирига зид ва қарама-қарши фикрлар, чалкаш талқинлар кўп учрайди. Уларнинг барчаси турли нуқтаи назардан қараб ёзилган. Шунинг учун ҳам буюк аждодимизнинг портретини яратишда мавжуд манбаларни ҳар томонлама синчиклаб ўрганиб, тарихий-илмий ҳақиқат асосида яратиш талаб қилинар эди. Изланишлар шуни кўрсатдики, Амир Темур даврига оид баъзи ёзма ёдгорликларда у зот ҳақида етарли маълумотлар мавжуд экан.

 

Жумладан, Амир Темур саройида етти йил яшаган машҳур тарихчи Ибн Арабшоҳ бобомизнинг сурати ва сийратини шундай тасвирлайди: “Темур баланд бўйли, тик қоматли, кенг пешонали, калласи катта, бағоят кучли ва салобатли, оқ-қизил юзли, кенг елкали, қадди-қомати келишган, серсоқол, ўнг қўли билан ўнг оёғи заҳмдор, икки кўзи бамисоли икки шамдай порлаб турадиган, йўғон овозли, улуғлиги ўзига ярашган, қатъий азму қарор билан сўзлайдиган, ҳақгўй киши эди. У зимдан қараш ва кўз ишоратларини сезадиган, идрокли, синчков, ҳар қандай ишоратдан огоҳ киши бўлиб, юз бериши мумкин бўлган ҳамма ишни олдиндан кўриб-билиб турар эди”[4].

 

Давлатимизнинг собиқ Президенти кўрсатмалари билан шундан келиб чиқиб, аввало Амир Темур портретининг бир неча хомаки вариантлари тайёрланди. Улар дастлаб тарихчи олимлар, адиб ва рассомлар, жамоатчилик вакиллари муҳокамасидан ўтказилиб, умумий хулосага келинди.

Шундан сўнг, Ўзбекистон халқ рассоми Малик Набиев ана шу фикрлар асосида портретни қайта ишлади ва бутунлай бошқа сиймо-бугунги кунда бутун халқимизга яхши маълум бўлган Соҳибқироннинг мумтоз қиёфаси пайдо бўлди. Айнан ана шу сиймо кейинчалик юртимизда Амир Темур бобомизга атаб барпо этилган барча ҳайкаллар учун асос бўлиб хизмат қилди”[5]. Шу тариқа бирин кетин турли шаҳарларда унинг маҳобатли ҳайкаллари қад кўтарди. Юзлаб рассомларимиз рангтасвирда унинг сиймосини яратдилар. Бу борада бой тажриба тўпланди. Аста-секинлик билан кейинчалик Мирзо Улуғбек, Муҳаммад Бобур ҳайкаллари ҳам қад ростлади.

 

 

Ўзбекистон тасвирий санъатида Мирзо Бобур сиймосини яратишга ҳам алоҳида эътибор берилди. Устоз санъаткор Малик Набиевнинг “Бобур портрети” (1983)да Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг темурийлар авлодидан эканлигига алоҳида урғу беради. Саркарда, шоҳ ва шоирнинг ҳаётини жиддий ўрганиш билан бирга у яшаган Афғонистон ва Ҳинд юрти тарихига оид манбалар билан танишиб чиқади. Портретда Бобур шоҳлик кийимида тасвирланган бўлсада, қўлида қалам тутган ҳолда олис ватанини қўмсаётган, қалби нозик шоир, камтар ва оддий инсон сиймосида гавдалантирилган. Унинг бутун вужудини муҳаббат, соғинч ўртамоқда. Шоҳ бўлсада, “дарвеш” қиёфасида ифодаланган. Бобур сиймосида рассом темурийларга хос баҳодирликни тасвирлайди. Унда шоҳларга хос хусусиятлар бўрттирилмаган.

 

Темурийлар сулоласининг бошқа вакиллари ҳам рангтасвирчилар томонидан катта қизиқиш билан тасвирланди. М.Набиев мўйқаламига мансуб Заҳириддин Бобур портрети романтик тарзда ечилган. Бобур ижод жараёнида, қўлига қалам, кўзлари эса олис масофаларга қадалган. Бобур образи А.Маматова полотносида ҳам ажойиб шоир сифатида ўзига хос талқин этилади.

 

Акмал Нур ижодида темурий шаҳзода Заҳириддин Муҳаммад Бобурга бағишлаган асари буюк саркарда ва шоир мероси ва шахсига қизиқишнинг натижасида дунё юзини кўрган. 1996 йилда ишланган “Армон” асари тунда ойнинг ғира-шира ёруғида Бобур тахтга орқасини ўгириб хаёллар оғушига ғарқ бўлган лирик кечинмаларини кўрсатишга ҳаракат қилинганини кўриш мумкин. 

 

О.Қозоқовнинг “Шоир” асари (1997)да Бобур сиймосини мутлақо янгича кўринишда яратади. Унда қаҳрамон ўнг қўлининг кафтида ноёб қушни қўндириб, гўё у билан сирлашаётгандай таассурот уйғотади. Бобур либосларининг қизил рангда берилиши унинг нақадар оғир довонлардан ўтганлиги, қанчадан-қанча жангу жадалларни бошидан кечирганлигига ишорадир. Бундай ишларнинг бошида албатта И.Каримовнинг ўзи туриб, йўл-йўриқлар, насиҳатлар берганлиги ҳеч кимга сир эмас.

 

Хуллас, институтимиз ижодий жамоаси учун Темурийлар мавзуси истиқлол йилларида И.Каримов кўрсатган жасорат туфайли янада долзарб масалалардан бирига айланди. Бу борада юзлаб рангтасвир асарлари яратилди ва яратилмоқда. Уларда ёндашувлар, қарашлар ва композицион ечимлар ҳам бир-биридан мутлақо фарқ қилади. Ишончим комилки, бундан кейин ҳам мазкур мавзуда янгидан-янги талқиндаги рангтасвир асарлари ва ҳайкаллар яратилаверади. Йиллар ўтса ҳамки, улуғ раҳбаримиз томонидан биз ижод аҳлига қаратилган эзгу ишлари абадий барҳаёт яшайверади. 

 

 

Ҳасан АМИНОВ

К.Беҳзод номидаги МРДИ ректори

                                                   

Иброҳим Абдураҳмонов

Санъатшунослик фанлари номзоди

 

Юлдуз Нарзиева

Санъатшунослик факультети декан муовини

 

Bosh ruknlar

Taqvim

«    Январь 2018    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031 

Talabalar ijodidan

  • Институтда иқтидорли магистр ва бакалавр талабалари ўртасида инглиз тилида ўтказилган “Youth’s look to Аrt” номли илмий-амалий анжуман
  • Талабалар турар жойида “Талабалар оқшоми” тадбири доирасида ўтказилган “Art-терапия ва аукцион” мавзусида ўтказилган тадбир
  • “Талабалар фестивали” доирасида бўлиб ўтган тадбирлар бўйича

Institut gazetasi

Flag Counter