ЗАМОНАВИЙ БАДИИЙ ТАЪЛИМ: ИСЛОҲОТЛАР ВА ИСТИҚБОЛ

 

 

Бадиий таълим узоқ асрлик тарих ва тажрибага эга. Асрлар давомида ҳар бир давлат ва миллатнинг санъатга бўлган муносабати бадиий онг, эстетик қарашларнинг ривожланишига, санъатда миллий хусусиятлар ва анъаналарнинг вужудга келишига олиб келди. Йўналишлар, услублар, ижодкор қарашларидаги индивидуаллик ва ижтимоий-маданий мезонларнинг хилма-хиллиги бадиий таълимнинг доимий янгиланиб борувчи механизм асосида тараққий этишини таъминлади.

 

Замонавий бадиий таълим ҳақида сўз кетар экан, ўзбек миллий рангтасвир санъати жаҳон тасвирий санъатида ўз ўрнини топа олганлигини алоҳида қайд этиш керак. Рассомлар ижодидаги услубий изланишлар, замонавий бадиий жараёнларидаги ўзгаришлар, мавжуд анъаналар, ранг-баранг мавзулар талқинига ёндашув натижасида замонавий ўзбек тасвирий санъати ўз қиёфасига эга бўлди. Бадиий ижод ва ижодкорларга яратилган шароитлар, қўлланилган ислоҳотлар, бадиий таълимнинг олдига устувор вазифалар қўйди. Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти И.Каримовнинг “Ўзбекистон Бадиий Академиясини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармони ва Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг ташкил этилиши замонавий тасвирий санъатда янги босқични бошлаб берди. Ҳозирда ушбу олий таълим муассасасида 4 йиллик бакалавр, 2 йиллик магистратура ва олий таълимдан кейинги босқич асосида кадрлар тайёрланмоқда. Академик йўналишдаги таълим услубларидан фойдаланган ҳолда ёш рассомларни тайёрлашга йўналтирилган дастурлар ишлаб чиқилди ва Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг сонли буйруғи асосида янги хорижий адабиётлар билан бойитилмоқда.

 

Шиддат билан ривожланаётган глобаллашув шароитида интернет тизимининг барча соҳалар учун энг қулай маълумотлар базасига айланганлиги таълим, хусусан, бадиий таълимга ҳам ўз таъсирини ўтказди. Ёш рассомлар жаҳон кўргазма залларида ташкил этилаётган кўргазмалар, галереяларда сақланаётган нодир асарлар, вужудга келаётган йўналишлар ва хорижий рассомлар услублари билан танишиш имконига эга бўлмоқда. Бундай шароитда миллий рангтасвир анъаналарини сақлаб қолиш, ривожлантиришнинг долзарб масалага айланиб бормоқда. Рангтасвир санъатининг миллий хусусиятларини сақлаб қолиш, уни бойитиш, рассомлар учун эркин ижодий муҳит яратиш, индивидуал услубий ўзига хосликни ривожлантириш каби жиҳатларга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини кўрсатмоқда. Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида бу борада бир қатор ишлар амалга оширилди. Аввало, тасвирий санъати узоқ тарих, бадиий анъаналарга эга давлатларнинг нуфузли университетлари билан икки томонлама шартномалар имзоланиб, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинув дастури амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, Кеимёнг, Декёнг, Дегу Хаани, Индок, Гачон, Кореа давлат санъат университетлари (Жанубий Кореа), Дортмунд техника университети (Германия), Аичи санъат университети (Япония), Шанхай, Шенян, Хитой Аэрокосмик университети (Хитой), Швейцария дизайн институти, Латвия Санъат академияси, Озарбайжон архитектура ва санъат институти ва МДҲнинг санъатга ихтисослашган олий таълим муассасалари билан ўрнатилган ижодий алоқалар натижасида ўзаро тажриба алмашинув ишлари йўлга қўйилди. Бу нафақат бадиий таълимнинг ривожланиши, балки давлатлар ўртасидаги маданий алоқаларнинг янада мустаҳкамланиши, миллий рангтасвир санъатининг жаҳон бадиий маданиятида тутган ўрнининг юксалишида катта аҳамият касб этмоқда. Шу билан бир қаторда ўзбек рангтасвир санъати анъаналарини сақлаш, услубий жиҳатдан ривожлантириш мақсадида устоз-шогирд тизими самарали ташкил этилган. 

 

Давр талаби, аҳоли эҳтиёжи, технология тараққиёти натижасида янги соҳалар вужудга келиб, уларни малакали мутахассислар билан таъминлаш лозим бўлмоқда. Институтда замонавий мультипликация соҳасини ривожлантириш мақсадида мультипликатор рассомлар тайёрлашга йўналтирилган “Мультипликация ва компьютер мультипликацияси” мутахассислиги, санъат даражасига кўтарилиб улгурган фото соҳаси учун “Компьютер графикаси ва бадиий фото”, реклама соҳаси учун кадрлар етиштиришга қаратилган “Реклама ва амалий графика” йўналишлари фаолияти йўлга қўйилган.

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий малакали илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”[1]ги Фармонининг қабул қилиниши олий таълим муассасларида илмий салоҳиятни ривожлантириш, ёш олимларнинг илмий фаолиятлари учун кенг имкон яратди. Номзодлик диссертацияси ҳимояси ўрнига бир босқичли катта илмий ходим-изланувчилар институтининг ташкил этилиши магистратура босқичининг илмий фаолиятга йўналтирилиши ва мутахассисликларга қўйиладиган талабларнинг тубдан ўзгаришига олиб келди. Ёш рассомлар ижодий фаолият билан бирга илмий изланиш олиб боришга йўналтирилди. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, амалий тажрибанинг назарий билимлар билан мустаҳкамланиши магистрлик диссертацияларининг амалий аҳамиятини ошишини таъминламоқда. Институтда Музейшунослик, тарихий маданий объектларни консервация қилиш, таъмирлаш ва сақлаш, Санъат назарияси ва тарихи (тасвирий ва амалий санъат), Рангтасвир (дастгоҳли), Дизайн (интерьер лойиҳаси), Кино ва телефильмнинг тасвирий ечими, Мультфильм ва компьютер мультипликацияси, Тасвирий ва амалий безак санъати (турлари бўйича), Санъат асарлари ва меъморий ёдгорликларни таъмирлаш мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрланмоқда. 2015-2016 ўқув йилида ҳимоя қилинган Зумрад Рашидованинг “XIX асрнинг охири XX аср бошлари Ўзбекистон фото санъати: шаклланиш ва ривожланиш тенденциялари” мавзусидаги диссертацияси Ўзбекистонда фото санъатининг шаклланиши, ривожланиши ва замонавий муаммоларига бағишланганлиги билан муҳим илмий-амалий аҳамиятга эга бўлди. Диссертация доирасида тўпланган материаллардан “Компьютер графикаси ва бадиий фото” йўналиши бакалавр босқичи талабалари учун ўқув қўлланма тайёрланмоқда. Шунингдек, М.Ризамухаммедовнинг “Интерьер жозибадорлигининг инсон ёш билан боғлиқлиги ва унда таъсир этувчи воситалар таҳлили (замонавий интерьерларда)” магистрлик диссертацияси замонавий бинолар интерьерларининг инсон психологияси таъсири илмий ўрганилиб, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими лойиҳа асосида тақдим этилди. Д.Ахмадалиеванинг “Замонавий ўзбек анимацияси: бадиий таъсирланиш муаммолари”, Ш.Инагамованинг “Замонавий ўзбек мультипликациясида тарихий образ яратиш маҳорати” номли диссертацияларида мультипликация соҳасидаги долзарб муаммолар илмий таҳлил этилган.

 

ХХI аср-техника асри. Ҳар бир соҳада бўлгани каби бадиий таълимда ҳам янги педагогик технологияларни жорий қилиш, ўқув машғулотларида визуал материаллардан фойдаланишни тақозо этмоқда. Таълимнинг бошқа соҳаларидан фарқли бадиий таълимда информацион технологиялардан фойдаланишнинг ўзига хос методларини ишлаб чиқиш, улардан фойдаланишнинг самарали усулларини ривожлантиришни талаб этади.    

 

Х.Р.Аминов

К.Беҳзод номидаги Миллий рассомлик

ва дизайн институти ректори

Bosh ruknlar

Taqvim

«    Январь 2018    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031 

Talabalar ijodidan

  • Институтда иқтидорли магистр ва бакалавр талабалари ўртасида инглиз тилида ўтказилган “Youth’s look to Аrt” номли илмий-амалий анжуман
  • Талабалар турар жойида “Талабалар оқшоми” тадбири доирасида ўтказилган “Art-терапия ва аукцион” мавзусида ўтказилган тадбир
  • “Талабалар фестивали” доирасида бўлиб ўтган тадбирлар бўйича

Institut gazetasi

Flag Counter