ИЖОД СЕҲРИ


Ўзбекистон Бадиий Академияси ташаббуси билан Марказий кўргазмалар залида 25-октябрь куни очилган кўргазма Ўзбекистон халқ рассоми, Академик, “Буюк хизматлари учун” ордени соҳиби Неьмат Қўзибоев ижодига бағишланди.


Рассом 1929 йили Фарғонада зиёли оиласида таваллуд топди. Унинг ёшлик йиллари уруш даврида меҳнат билан ўтди. 1942 йилда опера театрида бутафория устасига шогирди тушади. Театрда ишлаш жараёнида рангтасвир санъатига жиддий қизиқиш уйғонди. 1944 йили Тошкентда бадиий билим юрти очилгач, Н.Қўзибоев рангтасвир бўлимининг талабаси бўлди. 1947 йили билим юртининг 3-босқичини муваффақиятли якунлаганидан сўнг, Н.Қўзибоев М.Саидов, Ю.Елизаров, Р.Ахмедов, Т.Оганесов, В.Зеликов сингари ёш рассомлар қаторида, биринчилардан бўлиб, И.Е.Репин номидаги рассомлик, ҳайкалтарошлик ва меъморлик институти деб аталган Ленинград Бадиий Академиясига ўқишга юборилди. Унинг устозлари В.Орешников, А.Мельников, Б.Иогансон, М.Аникушин ва бошқалар ёш рассомнинг одатдан ташқари ноёб қобилиятини алоҳида қайд этганлар. 1953 йилда институтни битиргач, Ўзбекистонга қайтиб П.П.Беньков номидаги Республика бадиий билим юртида дарс бериш билан – педагогик фаолиятини бошлаб юборди.

 

1957 йилдан эса – у Тошкент театр санъати ва рассомлик институтининг, бугунги кунда К.Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти, рангтасвир кафедрасида умрининг сўнгги кунларига қадар ёшларга ижод сирларини ўргатди.


Мусаввир ижодида портрет жанри етакчи ўринни эгаллайди. У ўз замондошлари билан бир қаторда ўтмишда яшаб ижод этган Мусо Хоразмий, Алишер Навоий, шоир Нишотий, Нодирабегим, Фурқат, Абдулла Қодирий, Ҳамза сингари буюк олиму шоирларнинг сиймоларини полотнода акс эттирди. Ҳали Мустақиллигимиз қўлга киритилмаган 80-йилларда бу катта жасорат эди. Рассом ишлаган портретларда қаҳрамонларнинг ҳолати, ички кечинмалари, маьнавий қиёфалари, ўй-фикрлари ўз аксини топган. Бу мусаввирнинг юксак маҳоратга эга эканлиги билан биргаликда, қаҳрамонларининг қисмати, илмий ва ижодий фаолиятини пухта ўрганганлигидан далолат беради. Жумладан, 1968-йилда ишланган шоир Фурқат портрети ғоятда мазмундорлиги билан ажралиб туради. Тақдир тақозоси билан Марв, Ашхобод, Боку, Искандария, Миср, Бомбей, Кашмир, Тибет сингари ўлкаларда кезиб Ёркентда муқим яшаган ва у ерда оламдан ўтган. 1909-йил оламдан ўтган. У нисбатан қисқа эллик йиллик умрининг кўп қисми ватандан олисда кечган. У бир шеьрида:


Айтди: Эй бечора қилди на учун тарки ватан? Мен дедим: Ғурбатда Фурқат.


Шоир табиат қўйнида мук тушиб икки қўлини қовуштириб, ўйчан қиёфада худди совуқдан титраётгандек тасвирланган. Айни баҳор пайти, ўриклар гулга кирган чечаклар очилган. Осмонда камалак жилоланган. Аммо гўзал фаслда ҳам Фурқат қайғу оғушида. Ўз элимга қайтармикинман, дўстларимни кўрармикинман деган хавотир ва ноумидлик, гумон кўланкаси остида кун кечирмоқда. Неьмат Қўзибоевнинг “Хотира”, “Бобомнинг хотиралари” сингари асарларида эса инсон умрининг ғаниматлиги, киши ҳаёти давомида ҳамиша хайрли ишлар қилиши лозимлиги ҳамда вақт ўтиб ортга қараганда ўтган кунларини яхши хотиралар билан эслаши кераклиги ўз ифодасини топган. Бир сўз билан айтганда рассом ижоди келажак авлод маьнавий камолоти қўлида хизмат қилмоқда.

 


Жобир Исматуллаев
К.Беҳзод номидаги МРДИ
Саньатшунослик факультети талабаси

Bosh ruknlar

Taqvim

«    Январь 2018    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031 

Talabalar ijodidan

  • Институтда иқтидорли магистр ва бакалавр талабалари ўртасида инглиз тилида ўтказилган “Youth’s look to Аrt” номли илмий-амалий анжуман
  • Талабалар турар жойида “Талабалар оқшоми” тадбири доирасида ўтказилган “Art-терапия ва аукцион” мавзусида ўтказилган тадбир
  • “Талабалар фестивали” доирасида бўлиб ўтган тадбирлар бўйича

Institut gazetasi

Flag Counter