ХАЛҚ ИШОНЧИ - ОЛИЙ БАХТ

ХАЛҚ ИШОНЧИ - ОЛИЙ БАХТ

 

 

2016 йил 9 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 96-, 117-моддалари, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонуннинг 8-моддаси, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги қонуннинг 5- ва 9-моддаларига мувофиқ 2016 йил 4 декабрь Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни, деб белгиланган эди. 

Шу кундан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайлов кампанияси бошланди. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри чегаралари доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи сайлов округлари тузилди. 

Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Сарвар Садуллаевич Отамуратов, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Шавкат Миромонович Мирзиёев, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Хатамжон Абдурахмонович Кетмонов, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Наримон Мажидович Умаров Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар этиб рўйхатга олинди. 

Сайловолди ташвиқоти даврида барча номзодларга тенг шароитлар яратилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш учун 9 минг 383, жумладан, Ўзбекистон Республикасининг хорижий ваколатхоналари ҳузурида 44 сайлов участкаси тузилди. Сиёсий тадбирга ташкилий-ҳуқуқий ва моддий-техник жиҳатдан юксак даражада тайёргарлик кўриш, уни миллий сайлов қонунчилигимизда мустаҳкамлаб қўйилган демократик принципларга тўлиқ мувофиқ ҳолда, очиқ-ошкора ва адолатли ўтказиш учун барча шарт-шароитлар яратилди. 

Жисмоний имконияти чекланган фуқароларнинг овоз беришда иштирок этиши учун қулайликлар яратиш мақсадида сайлов участкаларида пандуслар ўрнатилди, кабиналардан бири ногиронлар учун ҳозирлаб қўйилди. Брайль алифбосида кўзи ожиз сайловчиларга мўлжалланган сайловга оид турли рисолалар тайёрланди, илк марта улар учун махсус сайлов бюллетенлари чоп этилди. 

Ушбу чора-тадбирлар натижасида 4 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови юқори савияда, халқаро талаблар даражасида ўтказилди. 

5 декабрь куни пойтахтимизда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Президент сайловининг дастлабки натижаларига бағишланган тадбири бўлиб ўтди. 

Тадбирда ЎзЛиДеП фаоллари, тадбиркорлар ва ишбилармонлар, турли соҳа вакиллари, санъат ва маданият намояндалари, кенг жамоатчилик иштирок этди. 

Йиғилганлар Президент сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот марказига онлайн тарзида боғланиб, сайловнинг дастлабки натижаларини кузатиб борди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг дастлабки натижаларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Шавкат Миромонович Мирзиёев 15 миллион 906 минг 724 овоз, яъни сайловда иштирок этган сайловчилар умумий сонининг 88,61 фоиз овози билан ғалаба қозонгани ҳақидаги хабар йиғилганлар томонидан гулдурос қарсаклар билан кутиб олинди. 

Шавкат Мирзиёев тадбирда сўзга чиқиб, ўзига билдирилган юксак ишонч учун бутун халқимизга миннатдорлик билдирди. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ўтган 25 йилда мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида беқиёс ўзгаришлар амалга оширилгани, миллий давлатчилигимизнинг мустаҳкам асослари яратилиб, демократик ҳуқуқий давлат, кучли фуқаролик жамияти шакллантирилгани, бозор иқтисодиёти тамойиллари ривожлантирилганини таъкидлади. Бундай кенг кўламли ишларни изчил давом эттириш барчамизнинг, бутун халқимизнинг энг асосий мақсади, бурчидир. Зеро, Ватан равнақи, юрт келажаги, халқ фаровонлиги мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош ғоясидир. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини кузатиб борган бешта халқаро ташкилот – Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси ва Ислом ҳамкорлик ташкилотидан, 46 давлатдан келган 600 га яқин кузатувчиларга ҳам самимий миннатдорлик билдирди. 

Сайловда халқимиз мамлакатимиздаги тинчлик ва осойишталик барқарор бўлиши, халқимизнинг турмуш фаровонлиги янада юксалиши, давлатимизнинг халқаро миқёсдаги нуфузини мустаҳкамлаш, ривожланган давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаши учун овоз берди. Ҳар бир сайловчи ўз оиласи, фарзандлари бахту камоли, ёруғ келажаги учун овоз берди. 

Энг муҳими, халқимиз ушбу сайлов орқали дунё ҳамжамияти олдида жуда муҳим, масъулиятли синовдан муваффақиятли ўтди. Биринчи Президентимиз илгари сурган ғояларга содиқлигини, ўзаро аҳил, ҳамжиҳатлигини, Ватан тақдири, халқимиз келажаги учун бефарқ эмаслигини, улуғ мақсадлар йўлида якдиллик билан ҳаракат қилишини ва улкан натижаларга эриша олишини яна бир бор намоён қилди. Буни дунёнинг турли минтақаларидан, нуфузли халқаро ташкилотлардан келган кузатувчилар ҳам эътироф этди. 

Видеоконференцалоқа шаклида ўтган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларидан кўп минг сонли одамлар иштирок этди. Қорақалпоғистон Республикасидан меҳнат фахрийси Қ.Камолов, Бухоро вилоятидаги “Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи” корхонаси муҳандис-технологи Х.Латипов, Навоий кон-металлургия комбинати “Навоий машинасозлик заводи” ишлаб чиқариш бирлашмаси директори Н.Лаккай, Қарши шаҳридаги “Хонтепа” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Р.Зоҳиров, Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги “Нурли обод” фермер хўжалиги раҳбари Л.Муродова, “Давсувхўжаликназорат” давлат инспекциясининг Хоразм вилояти бўйича инспектори К.Ортиқов, Тошкент вилоятидан меҳнат фахрийси У.Мирзақулов, Сурхондарё вилоятидан бахши С.Шайдилов, Тошкент шаҳридан меҳнат фахрийси Д.Ғуломова ва бошқалар Шавкат Мирзиёевни Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайлангани билан самимий табриклаб, Ватан ва халқ манфаати йўлидаги эзгу ишларида муваффақиятлар тилади. 

Тадбирда Ватан, мустақиллик, бахт ҳақидаги қўшиқлар янгради. 

 

Manba: www.uza.uz

Bosh ruknlar

Taqvim

«    Май 2017    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031 

Talabalar ijodidan

  • Институтда иқтидорли магистр ва бакалавр талабалари ўртасида инглиз тилида ўтказилган “Youth’s look to Аrt” номли илмий-амалий анжуман
  • Талабалар турар жойида “Талабалар оқшоми” тадбири доирасида ўтказилган “Art-терапия ва аукцион” мавзусида ўтказилган тадбир
  • “Талабалар фестивали” доирасида бўлиб ўтган тадбирлар бўйича

Institut gazetasi

Flag Counter