ШАРОФ РАШИДОВ –ХАЛҚИМИЗНИНГ ФИДОЙИ ФАРЗАНДИ!

 

 

Биз бугун тўлиқ ишонч билан айта оламизки,

Шароф Рашидов мустақиллик пойдеворига

муносиб  ғишт қўя олган арбоблардан эди.

Ислом КАРИМОВ

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти

 

Бир донишманддан олий мансаб соҳибларининг буюклиги нимада деб сўраганларида, уларнинг буюклиги оддийлигида деб жавоб берган экан. Халқимизнинг узоқ ўтмишида жуда кўп ҳукмдорлар, давлат арбоблари ўтган. Аммо уларнинг ҳаммаси ҳам ўзидан яхши ном қолдириб, тарих саҳифаларидан жой олмаган. Бунга уларнинг ўз халқи турмуши, ижтимоий аҳволига эътиборсизлиги, жамиятдан йироқлиги, бир сўз билан айтганда миллат тақдирига бефарқлиги асос бўлган. Дарҳақиқат, киши қандай мансаб-мартабага эга бўлишидан қатьий назар, ўз халқи билан ҳамнафас бўлиб, миллатдошлари  дарду ташвишига елкадош бўлса, яьни содда тил билан айтганда оддий, халқпарвар бўлса, бутун халқ ҳурматини, чексиз меҳрини  қозонади. Авлодлар қалбидан, хотирасидан мангу жой олади.

 

Шароф Рашидов Марказий кўргазмалар залида Ўзбекистон халқ рассоми Раҳим Аҳмедов ва бир гуруҳ идодкорлар билан

 

Ўзбек халқининг ижтимоий-сиёсий ва маънавий-маърифий ҳаётида ўз фаолияти билан ўчмас из қолдирган заҳматкаш инсон, давлат ва жамоат арбоби,  истеъдодли адиб Шароф Рашидов халқимиз дилидан ўрин олган фидойи раҳбарлардан биридир. Шароф Рашидов мамлакатимиз ҳали мустақилликка эришмаган, собиқ совет мафкураси ҳукмрон бўлган, ўта мураккаб шароитда, яьни 1959-1983 йилларда Республикамизнинг биринчи раҳбари бўлиб фаолият юритган ва доим халқимиз манфаатини ҳимоя қилиб, марказдан келадиган тазйиқларни юмшатиб, бартараф этиб, катта жасорат кўрсатган.

 

Шароф Рашидов 1917 йил 6 ноябрда Жиззах шаҳрида таваллуд топди. Ўрта мактабни тамомлагач,  Жиззах педагогика техникумида таҳсил олди. 1935-1941 йилларда Самарқанд давлат университетининг филолог-ўқитувчи йўналишини тамомлади. Бу орада инсониятга катта кулфат келтирган Иккинчи жаҳон уруши бошланиб, Шароф Рашидов урушга сафарбар этилди. 1942-йилда оғир жароҳатланиб, Ўзбекистонга қайтди. 1944-1947 йилларда Самарқанд вилоят партия қўмитаси котиби, 1947-1949 йилларда “Қизил Ўзбекистон” (ҳозирги “Ўзбекистон овози”)  газетасида муҳаррир, 1949-1950 йилларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, 1950-1959—йилларда Ўзбекистон Олий Совети Президиуми раиси лавозимларида самарали фаолият юритди. 1959-йилдан то умрининг охиригача Ўзбекистон Компартияси Марказий қўмитаси биринчи котиби сифатида фидойилик билан меҳнат қилди. Шароф Рашидов 1983-йил 31 октябр 66 ёшида вафот этди. Шароф Рашидов халқпарвар раҳбар, доно сиёсатчи бўлиш билан бир қаторда қалами ўткир, шоир баркамол ижод соҳиби ҳам эди. Шароф Рашидовнинг  адабиёт ва санъат аҳлига ҳурмати  ниҳоятда юксак  бўлган.  Ижодкорларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга жиддий эьтибор қаратган. Ҳар бир даврда миллат маънавиятини юксалтиришда, ёшларни аждодларимиз ва миллий  қадриятларимизга муҳаббат руҳида камол топишларида адабиётнинг ўрни ва таъсирини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди. Шароф Рашидов буни яхши англарди. 

 

Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Орипов “Танланган асарлар”ининг 4-жилдида “Икки мактуб тарихи” мақоласида Шароф  Рашидовнинг ўрта асрларда яшаб ўзидан илмий-ижодий мерос қолдирган буюк аждодларимиз меросининг пухта билимдони эканлиги кўринади. 1980-йилда башарият илму-фанига катта ҳисса қўшган олим, табобат илмининг султони Абу Али ибн Сино  таваллудининг минг йиллиги нишонланиши арафасида “Буюк Шарқ олими Абу Али ибн Сино таваллудининг 1000 йиллиги яқинлашиб келмоқда эди. Шароф ака мени чақиртирдилар ва Абу Али ибн Сино ҳақида бирор достон ёзишимни маслаҳат бердилар. Мен ибн Сино касб-коридан унчалик хабардор эмаслигимни айтдим. Шунда Шароф аканинг руҳиятида ёзувчилик сифатлари “ярқ”  этиб намоён бўлди. У киши буюк олимнинг серқирра фаолияти ҳақида жўшиб  гапирдилар...  Соғлигимни  суриштирдилар-да... Чехославакиянинг Карлови-Вари булоғининг  сувини ичишимни маслаҳат бердилар... Карлови-Варининг суви ёқмадими, соғлигим бироз оғирлашди.  Қайтиб кетишдан бошқа иложим йўқ эди. Бироқ мен ўзимга ажратилган кенг хонада йиққан материалларим асосида  “Ҳаким ва ажал”  достонини ёза бошладим”.  Шоир Абдулла Орипов йигирма кун ичида достонни ёзиб тугаллаб, Тошкентга қайтади  ва асар қўлёзмасини Ёзувчилар уюшмасининг ўша пайтдаги раиси Комил Яшин орқали Шароф Рашидовга чиқаради. Гарчи республика раҳбари бўлишига қарамай Шароф Рашидов достон билан танишиб чиқади ва шоирга қуйидаги мактубни йўллайди:

 

“Укам Абдулла Ориповга. Ибн Сино шундай бир қуёшки, у минг йиллар тарихини ёндириб ҳам иситиб, ҳам безаб турибди. Унинг ҳаёти ва ижоди ҳам умумхалқ маданияти тарихининг мангу қуёшидир...  Жасоратингиз ва меҳнатингизга тасанно, балли укам. Қойилман. “Ҳаким ва ажал” достони жонажон адабиётимизнинг жуда ноёб мулки сифатида, поэзиямизнинг шоҳ асари сифатида ўқилади. Бу ижодий зафар билан сизни чин дилдан табрик қиламан.  Кам бўлманг, укам. Умрингиз узоқ бўлсин, қўлингиз ва дилингиз  дард кўрмасин.  Ана шундай достонни ўқишдан бахтиёрман. 

Эҳтиром биланимзо Шароф Рашидов

        10.8. 80”

Худди шу йили шоир Абдулла Ориповга ушбу асари учун “Ҳамза”  номидаги давлат мукофоти берилди.

 

Шароф Рашидов буюк шоир, шеърият мулкининг султони Алишер Навоийга юксак эҳтиромда бўлган. Буни у кишининг фаолиятида яққол кўриш мумкин. 

 

1968-йилда  Навоий ҳазратлари таваллудининг 525-йиллигини нишонланди (1966-йил Тошкент зилзиласи сабабли юбилей санаси кечиктирилган). Шоир таваллудини кенг миқёсда нишонлаш  мақсадида  адиблар, навоийшунос олимлар, давлат арбоблари вакилларидан  иборат қўмита тузилиб, унга Шароф Рашидовнинг шахсан ўзи раислик қилди. 1968-йилнинг март ойида бўлиб ўтган юбилей қўмитаси йиғилишида Алишер Навоий ижодий меросини ўрганиш фолиятини кенгайтириш,  ўн жилдлик мукаммал асарлар тўпламини нашр эттириш, шоир асарларига ишланган миниатюралар тўпламини чиқариш каби ишлар белгилаб олинди. Қўмита қарорига мувофиқ 25-27 сентябр кунларида Алишер Навоий таваллуди Республикамизда кенг нишонланди, илмий анжуманлар ташкил этилди. Шоир номидаги адабиёт музейига янги бино қурилди. Музей олдида Навоий ҳазратларининг ҳайкали очилди.  Амалга оширилган бу ишлар жуда катта жасорат эди. Чунки бунга қадар бирорта ўзбек алломаси ҳайкали пойтахтнинг марказий кўчасида қад ростламаган эди. 1982-йилда Республикамизда янги ташкил топган  вилоятга шоир номининг берилишида ҳам  Шароф Рашидовнинг сайи-ҳаракатлари сабаб бўлган.

 

Гарчи мен Шароф Рашидов билан учрашмаган, замондош бўлмаган бўлсамда, у кишининг фаолиятларига доир манбалар, материаллар ҳамда ижоди билан танишман. Шунингдек, Шароф Рашидов билан замондош бўлган, учрашган инсонларнинг  хотиралари билан тинглаганман. 

 

Устозим, Косон туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таьминлаш ва ташкил этиш бўлими методисти Санжар Жумаев қуйидагича хотирлайдилар:

 

 Шароф Рашидов ғоятда фидоий, халқпарвар, чеҳраси нурли инсон эди. У кишининг раҳбарлик фаолиятидаги яна бир ўзига хос жиҳат ёшларнинг таълим-тарбия олиши учун етарли шароит яратишга ўта масъулият билан ёндошиши эди.  Мен Шароф Рашидов билан шахсан икки марта учрашиш бахтига муяссар бўлганман.  Отам раҳбарлик қиладиган Косон туманидаги  “Шарқ юлдузи”  жамоа хўжалиги республикамиздаги энг илғор хўжаликлардан бўлиб, пилла етиштиришда машҳур эди. 1969-йили Шароф Рашидов жамоа хўжалигига меҳнаткашларнинг турмуш-шароити билан танишиш мақсадида ташриф буюрди. У киши ҳамма билан  оддий сувчидан тортиб чорвачиларгача қўл бериб кўришиб, илиқ муносабатда бўлди. Мактаб ва боғчадаги шароитлар билан танишиб, бажарилиши лозим бўлган  ишлар ҳақида тегишли кўрсатмалар берди. Иккинчи бор Шароф Рашидов билан талабалик давримда учрашганман. 1977-йилда Самарқанд давлат университети ташкил топганлигининг 50 йиллиги кенг нишонланиб,  жуда катта анжуман ташкил этилди. Унда Республикамизнинг биринчи раҳбари Шароф Рашидов ҳам иштирок этдилар. Университетнинг ҳозирги 9 қаватли биносининг дастлабки ғиштларини  Шароф Рашидовнинг ўзлари қўйганлар. Мен ва яна икки нафар ўртоғим  олийгоҳимизнинг аьлочи ва иқтидорли талабалари сифатида у кишига кўмаклашганмиз.  Шароф ака биздан нечанчи курсда ўқийсизлар, болаларим, деб сўраганларида биз учинчи курсда, деб жавоб берганимизда, Худо хоҳласа бешинчи курсда (аввал бакалавр беш йиллик эди) мана шу янги, замонавий бинода ўқийсизлар, дедилар.

 

Халқимизда яхшидан боғ қолади, деган нақл бор. Шароф Рашидов ҳам том маьнода ўзидан боғ қолдирган  буюк инсонлардан эди. 1966-йил  26-апрел тонги соат 5 дан 22 дақиқа ўтганда рўй берган кучли зилзила оқибатида пойтахтимиз жуда катта талофат кўрди. Ўн минглаб одамлар бошпанасиз қолди. Шундай оғир вазиятда ижтимоий муаммоларни бартараф этиш, пойтахтимизнинг янги ва кўркам, обод шаҳарга айлантиришда  Шароф Рашидов бевосита бош бўлди. Шаҳарда янги даҳалар, кўп қаватли уйлар қурилиб, 300 минг аҳоли уй-жой билан таьминланди. Шу йилларда Сергели тумани бунёд этилди. Пойтахда меьморчилик ютуқларини ўзида тўла мужассамлаштирган, бугунги кунда ҳам гўзал Тошкентимизнинг кўркига кўрк қўшиб турган бино-иншоотлар қад ростлади. Пойтахтда кўп қаватли тураржойлар, давлат идоралари билан бир қаторда, Шароф Рашидов маданият ва саньат масканлари қурилишига катта аҳамият қаратди. Зилзила туфайли 50 мингдан ортиқ ўзбек ва жаҳон тасвирий ва амалий саньатининг нодир дурдоналарини ўзида жамлаган Саньат музейи (Ҳозирги Ўзбекистон давлат саньат музейи) биносига катта зарар етганди. 1974-йилда музейнинг ҳозирги Амир Темур кўчасида жойлашган тўрт қаватли, барча талабларга жавоб берадиган янги биноси фойдаланишга топширилди. Айни шу йилда пойтахтимизда яна бир саньат кошонаси, ҳозирги Шароф Рашидов номи билан аталувчи кўчада Марказий кўргазмалар зали  бунёд  этилди. 

 

 

 

Бу ҳақда Ўзбекистон халқ рассоми Акмал Икромжонов қуйдагиларни хотирлайди:

 

–Ўша даврда Рассомлар уюшмаси фаолият юритарди. Уюшма раҳбари Ўзбекистон халқ рассоми Раҳим Аҳмедов эди. Марказий кўргазмалар зали қурилгунга қадар, Республикамиз мўйқалам соҳибларининг ўз кўргазмаларини ташкил этиш учун кўргазма зали мавжуд эмасди. 1974-йил ғоятда кўркам, ўзига хос меьморий ечимга эга бўлган Марказий кўргазмалар зали бунёд этилди. Бу ерда ташкил этилган илк кўргазмада Республикамизнинг ўша даврдаги барча таниқли рассомларининг асарлари ўрин олди. Кўргазманинг очилиш маросимида Шароф Рашидовнинг шахсан ўзлари иштирок этиб, саньат аҳлини қутлагандилар. Мен ўшанда олийгоҳнинг 4-курсида таҳсил олардим. Йиллар ўтиб устозлардан олган сабоқларим сабаб ижодий камолот пиллапояларига эришганимдан сўнг, ушбу санъат кошонасида кўргазмалар ташкил қилиш бахтига муяссар бўлдим.

 

1974-йилда яна бир бетакрор иншоот 17 қаватли, 4 юлдузли “Ўзбекистон”  меҳмонхонаси фойдаланишга топширилди. Бинонинг безак ишларида мармар, гранит, шиша, қимматбаҳо ёғоч, керамика ва ганчдан кенг фойдаланилиб, миллий ва замонавий меьморчилик услублари ўзаро уйғунлашган.  1977-йил 6-ноябрда эса Тошкент Марказий Осиёда биринчи, собиқ Совет Иттифоқида еттинчи, дунёда ўттиз еттинчи бўлиб ўз метрополитенига эга бўлди. Бу эса пойтахт аҳолиси ва меҳмонларига катта қулайликлар яратди. Метронинг ҳар бир бекати ўз номига мос тарзда рельефлар, кошинлар, мозаикалар билан безатилди. Жумладан, “Алишер Навоий” бекатида “Хамса” сюжетлари асосида рассомлар Ч.Аҳмаров,  И.Қаюмов, кошинкор усталар А.Аминов, У.Маматбоев, А.Шойимардоновлар гўзал асарлар ишлашган. 1981-йилда пойтахтимизнинг Фурқат кўчасида яна бир маҳобатли мажмуа Истиқлол саньат саройи (аввалги “Халқлар дўстлиги”) бунёд этилди.  Халқаро форумлар, фестиваль ва концертлар ўтказишга мўлжалланган ушбу кошонанинг майдони 12000 квадрат метр бўлиб, 4000 минг томошабинга мўлжалланган. Шароф Рашидов раҳбарлик даврида яна Тошкент давлат цирки, Ўзбекистон тарихи давлат музейининг ҳозирги биноси, “Ёшлик” спорт мажмуаси, Миллий университетнинг бош биноси, 16 қаватли  Матбуотчилар уйи,  375 метрли Тошкент телевизион минораси  қурилди.

 

Мамлакатимиз ўз мустақиллигига эришгач, халқимизнинг фидойи фарзанди,  жасорат соҳиби Шароф Рашидовнинг пок номини тиклаш, ижодий меросини ўрганиш, хотирасини абадийлаштириш борасида  хайрли ишлар амалга оширилди. Жумладан, пойтахтимизда Шароф Рашидов ҳайкали ўрнатилди. Биринчи Президентимиз муҳтарам Ислом Каримов фармонларига мувофиқ 1994-йилда  “Истиқлол” санъат (аввалги “Халқлар дўстлиги”) саройи қурилишининг ташаббускори бўлгани учун Шароф Рашидовнинг “Алишер Навоий” номидаги давлат мукофоти билан тақдирланиши (Мукофот марҳумнинг оила аьзоларига берилди) буюк давлат арбобининг пок номини оқлаш, хотирасини абадийлаштириш борасидаги дастлабки хайрли ишлардан бири бўлди. 

Жорий йилнинг 27-март куни  муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг  халқимизнинг оташқалб фарзанди Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида фармонларининг қабул қилиниши халқимиз томонидан жуда катта хурсандчилик билан кутиб олинди. Чунки ўз тақдирини халқимиз тақдири билан бир бутун санаган Шароф Рашидовнинг эзгу ишлари халқимиз дилида жой олган. Ушбу фармонга мувофиқ, Жиззах туманига Шароф Рашидов номи берилди. Жиззахда Шароф Рашидов ҳайкали ўрнатилиб, уй-музейи ташкил этилди. 

 

Ҳар гал пойтахтимиз азим Тошкентнинг сўлим кўчаларида юрганимда  “Ўзбекистон”  меҳмонхонаси, “Тошкент телевизион минораси”,  “Истиқлол” саньат саройи сингари шаҳримиз кўркига кўрк қўшиб турган иншоотларни кўрганимда ёхуд метрога тушганимда Шароф Рашидовнинг сиймоси  гавдаланади. У кишининг ниҳоятда оғир бир даврда юртимиз манфааати йўлида бутун умри курашда ўтганини ўйлаб, юксак жасоратига, иродасига қойил қолиб, чексиз миннатдорлик ҳиссини туяман.

 

Ўзбекистоннинг буюк келажаги бунёдкорлари бўлган биз ёшларнинг фидойи, юртпарвар, баркамол шахслар бўлиб улғайишимизда Шароф Рашидов ибрат намунаси бўлади. Зеро, бу фидойи инсоннинг фаолиятини ўрганиш, асарларини мутолаа қилиш, хотирасини қалбимизда сақлаш биз учун ҳам қарз, ҳам фарздир. 

 

Жобир Исматуллаев

Санъатшунослик факультети, “Музейшунослик” йўналиши, 3-курс талабаси.

(Ушбу мақола қисқартирилган шаклда Қашқадарё вилояти, Косон туманининг “Косон” газетаси 2017-йил 1-ноябрь сонида чоп этилди. )

Bosh ruknlar

Taqvim

«    Декабрь 2017    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728293031

Talabalar ijodidan

  • Институтда иқтидорли магистр ва бакалавр талабалари ўртасида инглиз тилида ўтказилган “Youth’s look to Аrt” номли илмий-амалий анжуман
  • Талабалар турар жойида “Талабалар оқшоми” тадбири доирасида ўтказилган “Art-терапия ва аукцион” мавзусида ўтказилган тадбир
  • “Талабалар фестивали” доирасида бўлиб ўтган тадбирлар бўйича

Institut gazetasi

Flag Counter