ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯСИДА НОМОДДИЙ МАДАНИЙ МЕРОСЛАР ҲИМОЯСИ МАСАЛАСИ

 

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма беш йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ф-4969-сон фармойишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, 8 декабрь Конституциямиз қабул қилинган кун умумхалқ байрамини мамлакатимизда кўтаринки руҳда кутиб олиш ҳамда Бош қомусимизнинг мазмун-моҳиятини талаба-ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Тошкент давлат юридик университети томонидан “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси – мамлакат тараққиёти ва жамият фаровонлигининг ҳуқуқий кафолати” мавзусидаги олий таълим муассасалари талабаларининг илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.  

 

Конференцияда институт Санъатшунослик факультети 3-босқич талабаси Анвар Темиров “Ўзбекистон Республикаси Конституциясида номоддий маданий мерослар ҳимояси масаласи” мавзусидаги мақоласи билан иштирок этди.

 

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯСИДА НОМОДДИЙ МАДАНИЙ МЕРОСЛАР ҲИМОЯСИ МАСАЛАСИ

 

 

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг эълон қилиниши ҳамда мустақилликни мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилиниши миллий демократик давлат ва адолатли фуқаролик жамияти қурилиши ишларига тамал тошини қўйиб берди.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ўзида инсон ҳуқуқи ва эркинликлари устунлигини эътироф этган барча илғор демократик принципларни қамраб олгани билан бир қаторда, ўзбек халқининг тарихий, маданий қадриятларини эътироф этиб, уларни асраб-авайлаш, ривожланиши учун барча имкониятларнинг яратилишини қонуний мустаҳкамлаб берди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 4-моддасида Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тили эканлиги, Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида яшовчи барча миллат ва элатларнинг тили, дини, урф-одатлари ва маданиятини ҳимоя қилиши, уларнинг ривожланиши учун шароит яратиши каби қоидаларнинг ўрин олганлиги Қомусимизнинг нақадар инсонпарвар, халқчил эканлигини кўрсатади. Конституциямизнинг 49-моддасида эса, фуқароларнинг Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини авайлаб асрашга мажбур эканлиги қоидасининг мустаҳкамланганлиги маънавиятни асраш истиқлолни асраш тушунчаларини англатади.  

 Халқимизнинг минг йиллар давомида кундалик ҳаёти билан чамбарчас боғланган юксак аҳлоқий қадриятлари, одатлари ва байрамлари истиқлол шарофати билангина қайта “тирилди”. Илмий-тадқиқот муассасаларида моддий ва номоддий объектларимизни ўрганиш юзасидан илмий изланишлар олиб борилмоқда. Унутилиш арафасида турган урф-одатларимиз яна ҳаётимизга, “бағримизга” қайтмоқда. 

 

Марказий Осиёга VIII асрдан бошлаб ислом дини билан бирга мусулмон одатлари, жумладан, ислом дини асослари - беш амалий ва маросимчилик рукнлари, диний байрам ва маросимлар –«Рўза ҳайит», «Қурбон ҳайит», «Мавлид», «Меърож», «Ашурой», «Лайлат ул-қадр» кабилар жорий қилиниб, улардан кўзланган асосий мақсад Оллоҳ таолони, Муҳаммад пайғамбар (с.а.в.) ва ислом динини улуғлаш бўлса ҳам, уларнинг мазмунида инсонийлик, олийжаноблик, сахийлик, раҳмдиллик, меҳр-мурувватлилик каби ғоялар тарғиб қилинар эди. Исломгача мавжуд бўлган одатларнинг муайян қисми ислом одатларига чатишиб кетди ва улар ҳам одамлар ўртасида меҳр-оқибат, иззат-ҳурмат, қадр-қиммат, мурувват, оқибат каби инсоний фазилатларнинг равнақ топишида хизмат қилди.

 

Ўрта асрларда, айниқса, IX – XII асрлар ва XIV – XV асрларда байрам-маросимлар жуда катта тантаналар билан нишонланган. Бу даврда ўлкада ислом динига хос «Рўза ҳайит», «Қурбон ҳайит», халқ ҳаётидан ўз ўрнини топди, уларни ташкил қилиш учун шаҳардан ташқарида «Намозгоҳ», «Ийдгоҳ», «Мусалло-ийд» каби масканлар барпо этилди. Халқнинг қадимий байрамлари («Наврўз», «Сада», «Меҳржон») ўрта асрлар бошида сақланган бўлса-да, кейинчалик диний-мафкуравий курашлар натижасида улар ўз мавқеини йўқота бошлаган. Давлатчилик ривожланиши натижасида ҳукмдорлар ҳаёти билан боғлиқ тўйлар, унинг фарзандлари ва неваралари ҳаёти билан боғлиқ маросимлар ва давлат миқёсидаги ижтимоий-сиёсий воқеалар билан боғлиқ байрамларни ўтказиш кенг ёйилди.

 

Темурийлар даврида ўлкамизда маданият равнақ топиб, байрам-маросимлар кенг ривожланган. XVI – XIX асрларда эса тез-тез бўлиб турган ўзаро урушлар, ҳудудларнинг хонлик ва бекликларга парчаланиб кетиши байрам, маросимлар ўтказилишига ҳам салбий таъсир кўрсатди. Ўлкада Бухоро амирлиги, Хива ва Қўқон хонликлари юзага келиши натижасида, бу ҳудудларда ўтказиладиган байрамларда айрим ўзига хосликлар пайдо бўлди. Айни маҳалда байрамларга хос умумий жиҳатлар сақланиб қолаверди. Амир ва хонлар халқ ўртасида ўз обрўйини кўтариш мақсадида байрамларга алоҳида эътибор бериб, ўз манфаатига мос келувчи ғояларни байрам томошаларига сингдиришга ҳаракат қилишди.

 

XVI-XIX асрларда ўлканинг илғор фикрли зиёлилари, санъаткор ва шоирлари халқ байрамларини кенг тарғиб қилгани туфайли халқимизнинг гўзал байрамлари (Наврўз, гул сайли) сақланиб қолган.

 

Ўрта Осиё халқларининг анъана ва байрамлари табиат ўзгаришлари, иқлим, йил фасллари, аҳолининг турмуш шароити, меҳнати, маданияти асосида шаклланиб ва ривожланиб боргани учун ҳар фаслга мос, яъни эрта баҳорда – меҳнат мавсумига киришдан олдин (Наврўз, гул сайли, шоҳ мойлар), ёзда – ҳосилни йиғиштиришдан олдин (сув сайли, чой момо, шамол чақириш), кузда – ҳосил йиғиб олинганидан сўнг (хирмон тўйи, қовун сайли, узум сайли) ва қишда чорвадор-деҳқонларда бўш вақт кўпайганида (қорхат, ясан-тусан, гап-гаштак, қурултой) каби мавсумий маросим ва байрамлар ўтказилган. Шунингдек, ўрта асрларга хос маданий-маърифий тадбирлар: китобхонлик, достонхонлик, эртакхонлик, қасидахонлик ва ҳоказолар; халқ тадбирлари: қуш ошиқ, тут сайли, ток оши, қорбоши ва бошқалар пайдо бўлган. Айниқса, мушоира, мунозара, баҳрибайт, айтишув, баҳслашув каби тадбирлар кенг тарқалади. Мушоира (арабча – шоирлар мусобақаси) –шеъриятнинг ўзига хос баҳс-мусобақа жанри сифатида намоён бўлади. Мушоира шеърхонлик, адабиётчилар йиғин-тадбири маъносида ҳам ишлатилади. Бундай мушоирада бир неча шоир аниқ бир мавзу (масалан, баҳор)га бағишлаб навбат билан шеър ўқиган.

 

Ўзбек халқ анъаналарининг муҳим қисмига айланган мавсумий одатлар ижтимоий тараққиёт жараёнида жамиятнинг моддий-маънавий камол топишида зарурий омил сифатида намоён бўлади. Чунки ўзбек халқи ва унинг аждодлари истиқомат қилган ҳудуднинг географик ўрни, табиати, йил фаслларининг ўзига хос хусусиятлари асосида мавсумий одат, байрам ва маросимлар вужудга келиб, улар маҳаллий аҳолининг тафаккури, характери, идроки, ҳис-туйғулари, иродаси, қобилиятини шаклланишида муҳим ўрин тутади. Мавсумий анъаналар шаклланишида маҳаллий аҳоли истиқомат қиладиган табиий шароит, иқлим билан боғлиқ моддий маданият, меҳнат тажрибалари, шунингдек, экологик онг, халқ эътиқодлари, халқ ижоди, турмуш маданияти каби маънавий соҳалар катта роль ўйнайди.

 

Ўзбек халқининг энг муҳим маънавий қадриятлари сифатида ҳар фаслга мос анъаналар тизими шаклланиб, улар орасида эрта баҳорда – меҳнат мавсумига киришдан олдин, ёзда – ҳосил йиғиштиришдан олдин, кузда – ҳосил тўплангандан сўнг ва қишда – далалар «уйқуга кетиб», меҳнаткашларнинг бўш вақти кўпайиб, маданий дам олиш эҳтиёжи пайдо бўлганда уюштириладиган одат, маросим, байрамлар меҳнаткашлар ҳаётида муҳим ҳодиса ҳисобланган. Асрлар давомида авлоддан-авлодга ўтиб, анъанага айланган: баҳорги, ёзги, кузги, қишки маросим ва байрамлар деҳқонлар ҳаёти, турмуши, мавсумий меҳнат жараёнида ва маънавий оламида самарали ўрин тутиб, уларнинг мазмуни ёшларнинг экологик онгини равнақ топтириш, табиат бойликларини қадрлаш, йил фасллари гўзалликларидан завқланиш, меҳнатнинг қадрига етиш, инсонийликни улуғлаш каби функцияларни бажарган.

 

Халқ анъаналари орасида мустаҳкам маънавий заминга эга бўлган оилавий маросимлар ёшларнинг ахлоқий фазилатларини камол топтиришда муҳим ўрин тутади. Асрлар оша шаклланган ўзбек халқ оилавий маросимларнинг асосий моҳияти инсон ва оила ҳаётидаги энг муҳим, йирик ҳодисаларни нишонлашдан иборат бўлиб, уларни ташкил қилиш жараёнида аҳиллик, имон-эътиқодлилик, иззат-икром, меҳр-оқибат, одоб-ахлоқ, меҳмоннавозлик, биродарлик каби инсоний фазилатлар намоён бўлади. Ўзбек оилаларида чақалоқ туғилгандан, то у улғайиб, оила қургунга қадар содир бўладиган муҳим воқеаларни қайд қиладиган маросимлар тизими вужудга келган. Мазкур тизимга кирган чақалоқ дунёга келиши, исм бериш, чақалоқ чилла, бешик тўйи, соч тўйи, тиш тўйи, биринчи қадам», суннат тўйи, мучал ёши, никоҳ тўйи кабилар ёш авлоднинг ривожланиши ва маънавий камол топишида ўзига хос маънавий «зина» сифатида хизмат қилади.

Оилавий маросимлар халқ педагогикаси ва халқ донишмандлиги билан уйғунлашиб кетиб, асрлар давомида ёшлар тарбиясининг асосий шаклларидан бири бўлиб келган. Оилавий маросимларни ўтказиш жараёнида намоён бўладиган инсонпарварлик, меҳрибонлик, меҳмондўстлик, олийжаноблик, қардошлик, иноқлик, тотувлик каби хислатлар ва вужудга келадиган яхши руҳий-ахлоқий ҳолат ёшлар тарбиясига ижобий таъсир этади. Шунингдек, оилавий тадбирлар тасарруфида авлоддан авлодга ўтиб, тарих синовларига дош берган ранг-баранг халқ одатлари, фольклор жанрлари (ўлан, лапар, ёр-ёр, маросим қўшиқлари), рақслар, ўйин-мусобақалар, тўй олқишлари, дуолари кабилардан самарали фойдаланиш – ёшларда маънавий баркамол фазилатларни таркиб топтиришда катта аҳамиятга эгадир.

 

ХIХ аср охири-ХХ аср бошларида Чор Россияси бизнинг заминга ўз сиёсати билан бирга, маданиятини ҳам олиб киришга интилди. Совет ҳокимияти даврида барча миллат кишиларини ягона совет халқига айлантириш мақсадида миллий онг, халқ анъаналари, маънавий қадриятларга қарши норасмий кураш олиб борилди. Натижада ўзбек халқ анъанавий маданияти ҳам ўз томирларидан узилиб қолди. Халқ анъаналарини таъқиб қилиш «тўлқинлари» вақти-вақти билан кучайиб турарди. Унинг биринчи «тўлқини» октябрь тўнтариши натижасида шўролар ҳокимиятга чиққанидан сўнг – 20-йилларда, иккинчиси қатағон даври – 30-йиллар ўрталарида, учинчиси II жаҳон урушидан сўнг – 50-йилларда, тўртинчиси «совуқ уруш» даври – 70-йилларда, бешинчиси Мустақиллик арафаси – 80-йиллар охирида содир бўлди. Халқнинг анъанавий байрамлари расмий давлат байрамлари қаторига киритилмай, тақиқланди. Шўролар даврида «жонли газета», «оғзаки журнал», «агит томоша», «театрлаштирилган карнавал», «агит суд», «оммавий томоша», «агитбригада чиқишлари», «митинг – концерт» каби тадбирлар машҳур бўлган.

 

Мустақиллик туфайли ўзбек байрамлари тарихида янги саҳифа очилди. Бу даврда миллий анъаналарни тиклаш давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, халқимизнинг тарихий мероси бўлган анъаналар расман тикланди, истиқлолнинг янги байрамлари («Мустақиллик куни», «Конституция куни», «Ўқитувчилар ва мураббийлар куни», «Хотира ва Қадрлаш куни» кабилар) жорий этилди, умуминсоний қадриятларни тарғиб қилувчи байрамлар («Янги йил байрами», «Хотин-қизлар байрами» кабилар) сақлаб қолинди.

 

Жаҳон маданияти равнақига муносиб ҳисса қўшган аждодларимиз таваллудларини нишонлаш ҳам яхши анъанага айланди. Истиқлол йилларида Заҳириддин Муҳаммад Бобур (1993), Феруз (1995), Баҳоуддин Нақшбанд (1993), Мирзо Улуғбек (1994), Нажмиддин Кубро (1994), Амир Темур (1996), Имом Бухорий (1998), Аҳмад Фарғоний (1998), Жалолиддин Мангуберди (1999), Камолиддин Беҳзод (2000), Бурҳониддин Марғиноний (2000) ва Мотуридий (2000), Алишер Навоийнинг 560 йиллиги (2001), Абдулҳолиқ Ғиждувонийнинг 900 йиллиги (2003)каби буюк аждодларимиз таваллудининг йирик саналарини ЮНЕСКО билан ҳамкорликда нишонланди.

 

Қадимий тарихий обидаларнинг кенг кўламда таъмирланиши, Бухоро, Самарқанд, Хива, Шаҳрисабз каби шаҳарларда, Қува, Челак туманларида янги меъморий ёдгорликларнинг бунёд этилиши, қадимий шаҳарлар: Бухоро, Хива, Термизнинг 2500 йиллиги ва Шаҳрисабзнинг 2700 йиллиги, Самарқанднинг 2750 йиллиги, Қарши шаҳрининг 2700 йиллиги, Марғилоннинг 2000 йиллиги, Тошкентнинг 2200 йиллигининг тантанали нишонланиши юртдошларимизда ҳам, мамлакатимизга келган меҳмонларда ҳам катта таассурот қолдирди.

 

Истиқлол туфайли халқимизнинг маънавий қадриятлари жаҳон миқёсида эътироф этила бошланди. Ўзбек мусиқаси, театри, киноси, тасвирий санъати ҳозирги кунда ҳам жаҳон жамоатчилигини қизиқтирмоқда. Халқ ижодиётининг буюк намунаси – «Алпомиш» достони яратилганлигининг минг йиллиги, тарихий меросимиз «Авесто» яратилганлигининг 2700 йиллиги билан боғлиқ тантаналар аждодларимизнинг бебаҳо меросига қизиқишимизни янада оширади. Шунингдек, Ватанимизда «Шарқ тароналари» мусиқа фестивали, «Симфония мусиқа фестивали», тасвирий санъат бўйича халқаро кўргазмалар, халқ ижодининг турли жанрларига бағишланган кўрик-танловлар ўтказиш анъанага айланмоқда.

 

Мамлакатимизда мустақиллик йилларида янгича маданий тадбирлар доираси кенгайди, мусиқа санъатини ривожлантиришда алоҳида ўрин эгаллай бошлаган «Ягонасан, муқаддас Ватан!» номли республика кўрик-танловлари, йилнинг энг яхши ижодкорини аниқлашга хизмат қилувчи «Офарин» танлови, ёш истеъдодларни рағбатлантирувчи «Ниҳол» танлови кабилар шуҳрат топмоқда. Халқ ижодининг алла, ялла, лапар, аския, катта ашула, дорбозлик, қўғирчоқбозлик каби кўплаб жанрлари ҳамда фольклор этнографик, ашула ва рақс жамоаларининг танловлари равнақига кенг йўл очилмоқда.

Ўзбек маданиятига бағишланган халқаро анжуманлар халқимизнинг бадиий меросини ва замонавий ютуқларини ватанимизда ва хорижда тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

 

Мамлакатимизда ижтимоий-сиёсий ҳаёт билан боғлиқ байрамларни ўтказиш борасида ибратли ишлар қилинмоқда. Йирик байрамлар («Мустақиллик», «Наврўз»)ни ташкил қилиш борасидаги тажрибаларимиздан қўшни мамлакатларда ҳам фойдаланилаётгани қувончли ҳолдир.

 

Бойсун халқ оғзаки ижоди (2001 йил 18 май), мумтоз мусиқамиз «Шашмақом» (2003 йил 7 ноябрь), Наврўз ва Катта ашула (2009 йил 30 сентябр) ЮНЕСКО томонидан умуминсоний номоддий маданий мерос дурдонаси сифатида эътироф этилгани, БМТнинг Бош Ассамблеяси 64-сессияси (2010 йил 23 февраль) резолюцияси билан миллий байрамимиз Наврўзнинг халқаро байрам деб эълон қилиниши маданий меросимиз бой, қадимий ва теран эканининг исботидир.

 

 

Фойдаланилган манбалар:

1.  Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси. –Т.: Ўзбекистон, 2015.

2. Каримов И.А. “Юксак маънавият – енгилмас куч”. – Т.: Маънавият. 2009.

3. Қорабоев У.Ҳ. “Одатнома”. –Т.: “Янги аср авлоди”. 2015.

 

 

Анвар Темиров,

“Санъатшунослик” факультети

3-босқич талабаси

Bosh ruknlar

Taqvim

«    Декабрь 2017    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728293031

Talabalar ijodidan

  • Институтда иқтидорли магистр ва бакалавр талабалари ўртасида инглиз тилида ўтказилган “Youth’s look to Аrt” номли илмий-амалий анжуман
  • Талабалар турар жойида “Талабалар оқшоми” тадбири доирасида ўтказилган “Art-терапия ва аукцион” мавзусида ўтказилган тадбир
  • “Талабалар фестивали” доирасида бўлиб ўтган тадбирлар бўйича

Institut gazetasi

Flag Counter