2019 йил 20 май куни Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Ёш олимлар ва ижодкорлар Кенгаши аъзолари ташриф буюрган Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейида ташкил этилган “Тасаввуф ва тасвир”номли ижодий кўргазма муҳокамаси

2019 йил 20 май куни Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Ёш олимлар ва ижодкорлар Кенгаши аъзолари Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейида ташкил этилган “Тасаввуф ва тасвир”номли ижодий кўргазмага ташриф буюришди.

Ватанимизда тарихан шаклланган тасаввуф тариқатининг асосий эзгу ҳақиқатлари энг аввало бадиий ижодда ўз аксини топган. Аждодларимизнинг руҳий, аҳлоқий ва жисмоний комиллик, халқпарварлик, биродарлик каби эзгу ғоялари тасаввуф таълимотининг негизини ташкил қилади. Моддий оламнинг сароблиги ва Ҳақ жамолига эришиш учун руҳиятни поклашга ишора қилинувчи мазкур таълимотнинг рамзий тасвирлари рассомлар ижодида ҳам ўз ифодасини топган.

Ҳирот, Самарқанд ва Бухоро миниатюраларида сўфийлар, шайхлар, авлиёлар, пиру-муршидлар, дарвешлар, қаландарлар, зоҳидлар, мусофирлар образлари кўп ишланган. Бир қатор миниатюраларда сўфий шайхи жигарранг, тўқ яшил, кўк ёки мовий рангли олди очиқ, кенг, оддий чакмонда тасвирланган. Аммо турли миниатюра мактабларида ишланган сўфийлик мавзусига ҳар хил ёндошилган. Бу уларнинг тасвир услублари, қўлланилган ранглари ва бадиий ечимларида ҳам яққол кўзга ташланади. Бугунги кунда замонавий рангтасвир, ҳайкалтарошлик ва миниатюра санъатида мавзуга турли нуқтаи-назардан ёндошаётган ижодкорлар талайгина.

Мазкур кўргазмадан юртимизнинг етук ижодкорларидан Акмал Нур, Файзулла Ахмадалиев, Хуршид Зияхонов, Беҳзод Хожиметов, Азат Юсупов, Дилшод Азизов, Ўктам Саидов, Ботир Хакимов, Нозима Қаюмий, Чарос Пайзиева, Феруза Эркабаева, Сардор Маҳкамов, Шерзод Солиевларнинг тасаввуф ғояси акс этган ижод намуналари ўрин олган. Кўргазмада  50 дан ортиқ ишлар намойиш этилмоқда.

Мазкур кўргазма муҳокамаси кўплаб фикр-мулоҳазаларга бой тарзда ўтказилди. Музейга ташриф Ёш олимлар ва ижодкорлар Кенгаши аъзоларида катта таассурот қолдирди.

МРДИ, Ёш олимлар ва ижодкорлар Кенгаши