2019 йил 9 июль куни Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ректори Нодирбек Сайфуллаев бошчилигидаги делегация Белоруссия давлат санъат академиясига ташриф буюрди. Дастлаб, МРДИ ректори санъат академияси ректори, санъатшунослик фанлари номзоди, Россия Бадиий академиясининг фаҳрий аъзоси Михаил Григорьевич Борозна билан учрашди.

Учрашув давомида икки олий ўқув юрти ҳамкорликда ривожланиш борасидаги амалга ошириладиган ишлар тўғрисида келишиб олинди. Сўнг, Н.Сайфуллаев Белоруссия давлат санъат академияси вакилларига институт тарихи ва фаолияти, факультетлар, кафедралар ва таълим йўналишлари тўғрисида батафсил таништирди.

Шундан сўнг делегация аъзолари Амалий санъат факультети декани Сайёра Саидова ва интерьер кафедраси мудири Нилуфар Маннопова факультетларда мавжуд йўналишлар бўйича мутахассис кадрлар тайёрлаш, ўқув жараёнлари, малакавий диплом ҳимоялари тўғрисида тақдимот қилдилар. Ташриф буюрган делегация аъзолари Белоруссия давлат санъат академиясининг ўқув жараёни, малака талаблари, ўқув режалари ва фан дастурлари билан ҳамда Ҳайкалтарошлик, Графика, Дизайн, Рангтасвир, Бадиий кулолчилик йўналишларининг ўқув устахоналари, яратилган шарт-шароитлари билан танишиб чиқдилар. Учрашув сўнгида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ректори Н.Сайфуллаев ва Белоруссия давлат санъат академияси ректори М.Борозна ўртасида халқаро алоқаларни йўлга қўйиш, тажриба алмашиш мақсадида ҳамкорлик шартномаси имзоланди.