Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 1 ноябрдаги “Халқаро ҳунармандчилик фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги ПҚ-3991-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида 7-16 сентябрь кунлари “Халқаро ҳунармандчилик фестивали” ташкил этилди.
Жорий йилнинг 7-16 сентябр кунлари давомида Қўқон шаҳрида “Халқаро ҳунармандчилик фестивали” ўзгача файз ва шукуҳ билан давом этди. Халқаро ҳунармандчилик фестивалининг маркази бўлган Худоёрхон Ўрдаси атрофидаги катта майдонда ташкил этилган жаҳоннинг турли бурчакларидан ташриф буюрган халқ амалий санъати усталарининг кўргазмалардаги санъат асарларидан минг-минглаб кишилар баҳраманд бўлдилар.


Ўрда майдонида Фестивалнинг ижодий жараёнида републикамизнинг турли ҳудудларида мавжуд анъаналар ва урф-одатларни ўзида намоён этган миллий куйлар, халқ оғзаки ижодига мансуб айтимлар, маҳаллий ва хорижий ҳунармандларнинг маҳсулотлари кўргазма-савдоси, мастер-класс ҳамда халқ сайллари, қўғирчоқбозлик, дорбозлар ва фольклор жамоалари, вилоятлар маданият бошқармалари томонидан тайёрланган концерт дастурлари намойишлари, ош танловлари ўтказилди. Шунингдек Риштон, Ғиждувон, Ургут, Тошкент, Каттабоғ, Мадир, Самарқанд, Ғурумсарой, Олтинкўл, Шаҳрисабз кулолчилик мактаблари намояндалари томонидан маҳорат дарслари намойиши ва тренинглар ташкил этилди. Яратувчанлик ва нафосат шинавандаси бўлган ҳунармандларнинг турли мавзулардаги ижодий ишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди.
Мазкур фестивалда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Реклама ва амалий графика кафедрасининг катта ўқитувчиси Жасур Жумаев ҳамда Тасвирий санъат факультетининг Миниатюра китоб графикаси кафедраси талабаси Беҳзод Жўрабоев Ўзбекистон тарихида илк маротаба ўтказиладиган нуфузли тадбирга фаол иштирок этдилар.
Ўз асарларига юртимиз табиати-ю, халқимиз урф-одатларини сингдирган ҳунарманд Ж.Жумаев бу гал ҳам фестивалга бир олам янги асарлар тақдимоти билан қатнашди. Ижодкорнинг юртимиздаги тарихий шаҳарлар тасвирланган композициялар тўплами ҳам фестивал иштирокчиларини беэътибор қолдирмади. Айниқса, сайёҳлар унинг кичик ҳажмдаги ҳажвий қаҳрамонлар тасвирланган асарларини “фестивалдан эсдалик” сифатида сақлаб қўядиган бўлдилар.
Ҳамиша меҳнат ва изланишдан эринмайдиган Ж.Жумаев фестивал якунида “Инновацион ҳунармандчилик намуналарини яратган уста” номинацияси бўйича ғолиб деб топилди ва эсдалик совғалари билан тақдирланди