Жорий йилнинг 25 сентябрь куни Санъатшунослик факультети декани Б.Сангиров, факультет Мураббийлар кенгаши раиси Д.Жуманиёзова, Ўқув ишлари бўйича декан ўринбосари Л.Жабборова, “Музейшунослик” кафедраси мудири К.Нишонова, кафедра ўқитувчилари Г.Аманходжаева, У.Ражабов, “Информатика ва менежмент” кафедраси доценти А.Умаров, факультет Хотин-қизлар кенгаши раиси Ф.Хасанова ва 1-2 курс талабалари томонидан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудида жойлашган “Адиблар ҳиёбони”га ташриф буюрилди. Ташриф давомида “Музейшунослик” кафедраси мудири К.Нишонова талабаларга Ўзбекистон ҳалқ ёзувчиси А.Қаҳҳор, Ўзбекистон қаҳрамони, Ўзбекистон ҳалқ ёзувчиси С.Аҳмад, таниқли шоира С.Зуннунова, Ўзбекистон ҳалқ ёзувчиси Ойбек, ўзбек ҳалқ адабиётининг буюк шоирлари Ҳ. Олимжон, Зулфия каби адиблар ҳаёти ва фаолияти тўғрисида экскурсия олиб борди.

Экскурсиядан сўнг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаоллар залида Санъатшунослик факультети ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси раисининг Ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Нодир Жонузоқ, “Ёшлик” журнали бош муҳаррири Фаҳриддин Ҳайит, “Ёшлик” журнали бош муҳаррири ўринбосари Нурулло Чори ва ёш ижодкорлар Шодмонқул Салом, Шуҳрат Ориф, Жўрабек Жаҳон, Шоди Отамурод, Суҳроб Зиёлар билан адабий учрашув ўтказилди.

Маълумки, миллатнинг тараққиёти унинг интеллектуал ёшлари, маънавиятли кишилари салмоғига боғлиқ. Президентимиз Ш.Мирзиёев илгари сурган бешта муҳим ташаббусда таъкидланганидек, адабиёт, санъат, китобга ошнолик ёшларимиз тафаккурида муҳим ўзгаришлар ясайди. Бугунги тадбир айни шу мақсаднинг амалиётдаги ифодаси бўлди. Талаба ёшлар замондош, қалами ўткир, истеъдодли шоир, ёзувчилар билан дилдан мулоқот қилишди. Шеърият – инсон руҳиятини покловчи юксак мезонлардан биридир. Тадбирни “Ёшлик” журнали бош муҳаррири Фаҳриддин Ҳайит кириш сўзи ва мушоира билан бошлаб берди. Тадбирда адабиётга, китобхонликка бўлган давлатимизнинг юксак эътибори, китобхонлик борасида амалга оширилаётган улкан ишлар, шунингдек, таълим соҳасида бўлаётган ислоҳотлар, адабий жараёнлар, “Ёшлик” журнали тарихи ва бугунги кундаги фаолияти тўғрисида суҳбатлар олиб борилди.

Мушоирада иштирок этган Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси раисининг Ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Нодир Жонузоқ, “Ёшлик” журнали бош муҳаррири Фаҳриддин Ҳайит, “Ёшлик” журнали бош муҳаррири ўринбосари Нурулло Чори ва ёш ижодкорлар Шодмонқул Салом, Шуҳрат Ориф, Жўрабек Жаҳон, Шоди Отамурод, Суҳроб Зиёлар томонидан “Ватан”, “Она”, “Муҳаббат”, “Ёшлик” мавзусидаги бетакрор шеърлар янгради. Шоирлар ўқиган шеърлар тадбир иштирокчиларида ҳаёжон, завқ, ватанга муҳаббат туйғуларини уйғотди.  Санъатшунослик факультети Мураббийлар кенгаши раиси Д.Жуманиёзова тадбир жуда юқори даражада ўтганлиги, уни ўтказишда бош-қош бўлган тадбир ташкилотчилари факультет декани Б.Сангиров ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, “Ёшлик” журнали таҳририяти, иқтидори юксак шоирларга ўз миннатдорчилигини билдирди. Тадбир якунида Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси, “Ёшлик” журнали таҳририяти томонидан тадбирда фаол иштирок этган иштирокчиларга янги чоп этилган китоблар тортиқ қилинди. Шунингдек, Санъатшунослик факультети раҳбарияти томонидан мезбонларга ҳам эсдалик совғалари топширилди.