Ёшларимизнинг маънавий иммунитетини кучайтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ҳар қачонгидан ҳам долзарброқдир. Шу боис президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус муҳим аҳамият касб этади.
Айни вақтда мазкур ташаббуслар бўйича Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида ҳам талайгина ишлар амалга ошириб келинмоқда. Яъни, ташаббуслар доирасида ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида мактабгача бўлган ёшдаги болалар ва ўқувчи ёшлар маҳаллаларда, мактабларда, туманларда фаолият олиб бораётган маданият марказларида тасвирий санъат, амалий санъат турлари бўйича бир қанча маҳорат дарсларига, кўргазмаларга, тўгаракларга жалб этилмоқда. Жумладан, 2019 йил 28 сентябрь куни Амалий санъат факультетининг Бадиий кулолчилик ва меъморий ёдгорликлар безагини таъмирлаш кафедраси профессор – ўқитувчилари Тошкент шаҳрининг “Эко парк” боғида навбатдаги кўргазмасини ташкил этди.


Бадиий кулолчилик йўналиши талабалари томонидан маҳорат дарслари олиб борилди. Унда асосан кулолчилик санъати усталар томонидан қўл ва махсус ускуна ёрдамида қандай яратилиши кўрсатиб берилди. Ушбу жараён вақтида кафедранинг профессор – ўқитувчилари томонидан болаларга кулолчилик санъати тарихи ва назариясидан ҳам қисқача маълумот бериб ўтилди. Мазкур маҳорат дарси барчага манзур бўлиб, иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.