Ў

Индивидуалликка интилиш, ижодда ўз услубини топиш ҳар бир рассомга хос хусусият. Шу маънода ижод сирларини талқин қилиш ва тадқиқотлар олиб боришда аниқ мезонларга таяниш мушкулроқ. Бунда ҳар бир рассомга унинг ижодидаги хусусиятлардан келиб чиқиб ёндашиш талаб этилади ва ушбу жараён алоҳида тайёргарликни талаб қилади. Шу сабабдан санъатшунос ва рассом ижодий ҳамкорлиги илмий тадқиқот олиб бориш муҳим аҳамият касб этади.

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Ёш олимлар ва ижодкорлар кенгаши ёш санъатшуносларни замонавий бадиий жараёнда кузатилаётган ўзгаришлар ва рассомлар ижоди билан таништириш, олинган назарий билимларни амалиётда мустаҳкамлашга эришиш мақсадида режа асосида “Рассом устахонасида” лойиҳасини амалга ошириб келмоқда. Ушбу лойиҳа доирасидаги илк учрашув Ўзбекистон халқ рассоми, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги Алишер Мирзаев устахонасида ташкил этилди.    

Шуни алоҳида қайд этиш керак, Ўзбекистон рангтасвир санъатининг ўзига хос миллий хусусиятлари шаклланишида Ўзбекистон халқ рассоми, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги Алишер Мирзаев ижоди алоҳида аҳамиятга эга. Рассомнинг рангтасвир ва графика йўналишидаги асарлари миллий ўзига хослиги, композицион тузилиши, колорити билан ажралиб туради. Алишер Мирзаев нафақат рангтасвир санъати, балки бадиий адабиёт соҳасида ҳам самарали ижод қилиб келмоқда. Унинг “Каллахоналик йигитча” асаридаги муҳитни чизган асарларида ҳам учратиш мумкин. Рассом устахонасига уюштирилган ташрифда нафақат ижодкор асарлари билан танишилди, балки улар ижоди ҳақида мулоқот қилинди.

    Давра суҳбатида Санъатшунослик факультети Мураббийлар кенгаши раиси Д.Жуманиязова, Тасвирий санъат тарихи ва назарияси кафедраси мудири О.Абдуллаев ва ёш санъатшунослар иштирок этишди. Рассомнинг ижоди, замонавий бадиий жараёндаги кузатилаётган ўзгаришлар ҳақида ўзаро фикр алмашинди.

Ботир Сангиров.