Марказий кўргазмалар зали Бадиий кўргазмалар диррексиясида Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамда қатор вазирлик ва ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилаётган 2019-йил “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”га бағишланган “Инсон – муҳит – санъат – 2019” номли II Тошкент Халқаро амалий санъат Биенналисининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.Маросимни Ўзбекистон Бадиий академияси раиси, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, Ўзбекистон халқ рассоми Aкмал Нуриддинов кириш сўзи билан очиб берди.

У ўз сўзида барчани бугунги амалий санъат байрами билан самимий муборакбод этди ҳамда “Инсон – муҳит – санъат – 2019” номли II Тошкент Халқаро амалий санъат Биенналисини расман очиқ деб эълон қилди. Шундан сўнг сўзга Япония вакили Яшидо Саито чиқди. Меҳмон юртимизга ўн йилдан бери ташриф буюриши ва ҳар сафар келганда қандайдир янгиланишларга гувоҳ бўлаётганини тўлқинланиб гапирди ҳамда бугунги Биенали унинг учун ҳам катта хурсандчилик эканини айтиб ўтди. Шунингдек, очилиш маросимида Ўзбекистон бастакорлар уюшмаси раиси, Ўзбекистон санъат арбоби Рустам Aбдуллаев ҳамда “Илҳом” жамоат фонди раҳбари Жамшид Ризаевлар ҳам сўзга чиқиб ушбу халқаро Биеналининг аҳамиятини яна бир бор таъкидладилар. Маросим сўнгида таниқли санъаткорларнинг куй-қўшиқлари меҳмонларга хуш кайфият улашди. Тантанали очилиш маросимдан сўнг дастурга мувофиқ Биенали доирасидаги тадбирларга старт берилди.

Бадиий кўргазмалар диррексиясида “Ипак жилолари” ипак гиламлар кўргазмаси, “Сеҳрли чарх наволари” ўзбек миллий кулолчилик кўргазмаси, Ўзбекистон ва Жанубий Корея маданият ва санъат йўналишидаги малака алмашинуви лойиҳаси – Кванян шаҳри ананавий ўқ-ёй лабораторияси кўргазмаси ҳамда Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатураси санъат музейида “Қадимги қоғоз турлари, ҳаттотлик намуналари ва миниатура асарлари” кўргазмаси бўлиб ўтди. Aйниқса, Биеналининг биринчи кун дастуридан ўрин олган ёш дизайнерларнинг “Шарқ афсоналари” ҳамда “Aъло бахмал” номли миллий либослар намойиши йиғилганларда катта таассурот қолдирди. Шунинг билан “Инсон – муҳит – санъат – 2019” номли II Тошкент Халқаро амалий санъат Биенналисининг биринчи куни ниҳоясига етди.