Япония ва жаҳон санъат аҳлига Самарқанд қоғозини таништириш мақсадида Япониянинг Aичи префектураси санъат университетида халқаро конференция ташкил этилди

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳамда Япониянинг Aичи префектураси санъат университети ўртасида 2015-йил ҳамкорлик меморандум имзоланган эди. Ушбу меморандум доирасида ҳамкорликда қадимий Самарқанд қоғозини ўрганиш ва тайёрлашни қайта тиклаш борасида 3 йил давомида тадқиқот ишлари олиб борилди. Ушбу тадқиқот доирасида Япония ва жаҳон санъат аҳлига ҳамда ушбу соҳа мутахассисларига Самарқанд қоғозини таништириш, шунингдек лойиҳа мазмуни ва шу кунга қадар амалга оширилган ишларни кенг оммага намойиш қилиш мақсадида Япониянинг Aичи префектураси санъат университетида халқаро конференция ташкил этилди.

Ушбу нуфузли конференцияга лойиҳада бевосита иштирок этаётган Хитой, Жанубий Корея, Ўзбекистон ва Япония давлатларидан ҳамда фахрий меҳмон сифатида Россиянинг “Эрмитаж” музейи қоғоз бўйича мутахассислари, шунингдек Япониянинг турли олий таълим муассасаларининг вакиллари иштирок этишди. Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти профессори Беҳзод Хаджиметов ҳамда Доцент Мирҳамид Собировлар ҳам ушбу конференция доирасида ўз маърузаларини йиғилганлар эътиборига ҳавола қилишди. Уларнинг маърузаси конференция қатнашчилари катта қизиқиш билан кутиб олинди ҳамда мавзу доирасида қизғин баҳс мунозарага сабаб бўлди.

         Шунингдек, ушбу сафар давомида мутахассисларимиз Япониянинг энг қадимий ва машҳур қўлда қоғоз тайёрлаш устахонаси – Эчизен ваши ҳамда Қоғоз музейига ташриф буюришди. Ушбу ташриф давомида япон қоғозининг қўлда тайёрлаш усули ўрганилди ҳамда келажакда юртимизда ҳам ушбу усул асосида қоғоз тайёрлашни йўлга қўйиш бўйича фикр алмашилди.