Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида “Ўзбекистон Республикаси Давлат Байроғи тўғрисида”ги қонун қабул қилинганлигининг28 йиллиги муносабати билан жорий йилнинг 20 ноябрь куни байрам тадбири ўтказилди. Санъатшунослик факультети, Дизайн факультети ва Ижтимоий фанлар, педагогика ва касбий таълим кафедраси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда институт профессор-ўқитувчилари ва талабалари иштирок этишди.

Тадбир аввалида Ижтимоий фанлар, педагогика ва касбий таълим кафедраси доценти Р.Хасанов миллий байроғимизнинг қабул қилиниши билан боғлиқ тарихий жараёнлар, миллий байроғимизнинг рамзий хусусиятлари ҳақида маълумот берди.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Алоҳида намунали кўргазмали оркестрнинг байрам тадбиридаги иштироки тадбирга ўзгача шукуҳ ва руҳ бағишлади. Оркестр дерижёри, майор Муқимжон Маҳмудов бошчилигида ижро этилган куйлар Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси ижроси билан бошланди. “Ёшлар марши”, “Миллий мусиқалар попуриси” ва бошқа мусиқий жанрлардаги асарлар талабаларга нафақат кўтаринки кайфият бағишлади, балки байроғимизга нисбатан ғурур ва ифтихор туйғуларининг жунбушга келишига сабаб бўлди.

Тадбир сўнгида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Алоҳида намунали кўргазмали оркестрга институтнинг эсдалик совғаси топширилди.