Жавлон Умарбеков ижодий устахонасига ташриф

Рассом ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлиш учун унинг ижодий ишларини кўриш ва таҳлил қилишнинг ўзи етарли эмас, унинг ижодини ижод жараёнида кўриш ва кузатиш лозим. Чунки оламга машҳур асарларда ижодий муҳитнинг таъсири сезиларли даражада акс этади. Рассом қалби, феъл атвори нафақат асарларида, балки унинг ижодхонасида ҳам яққол кўзга ташланади.

          Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг бир гуруҳ ёш санъатшунослари институт Ёш олимлар ва ижодкорлар кенгаши ташаббуси билан Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, Ўзбекистон Халқ рассоми Жавлон Умарбековнинг ижодий устахонасига ташриф уюштирдилар. Ушбу ташрифда санъатшунослар талабаларга “Тасвирий санъат тарихи ва назарияси” кафедраси катта ўқитувчиси Фарида Максумова ҳамроҳлик қилди.

         Ташриф давомида рассомнинг фаолиятини бошлагандан то бугунги кунга қадар Рангтасвир ва графикада яратган ижодий ишлари санъатшунослар томонидан таҳлил қилинди. Жавлон Умарбековнинг услуби яққол бир услубга таянмаслигидадир. Унинг ижоди доимо янгиланиб боради. Ижодкорнинг асарларига назар ташлар екансиз, реализмдан авангардгача бўлган деярли барча йўналишларни учратиш мумкин. Бу рассом ижодига маълум чегарадан ёки жанр талабларидан келиб чиқиб баҳо беролмайсиз. Бундай ижодкорлар билан учрашиш, уларнинг ижодини бевосита ижодхонасининг ўзида томоша қилиш бўлажак санъатшунослар учун улкан тажриба мактабини ўтайди. Чунки улар Ўзбек тасвирий санъати тарихи ва бугунини ўзида гавдалантира олган ижодкорнинг нафақат ижодий ишлари, балки ижод жараёнларини ҳам гувоҳи бўлиб, асарларига ушбу ракурсдан баҳо бериш имконига эга бўлмоқдалар.

         Шунингдек учрашув якунида ёш санъатшуносларга яна бир қадрли манба – Жавлон Умарбеков ижодий ишларининг каталоги ҳам эсдалик совға сифатида тақдим этилди.