Бизнесда битта қоида бор, яъни бизнесни очиш осон, аммо уни юргизиш қийин. Бизнесни шунчаки, бизнес эмас, алоҳида бренд даражасига олиб чиқиш эса кишидан алоҳида истеъдод талаб этади. Чунки бренд бу такрорланмас ўзига хослик ва доимий янгиликларни талаб этади. Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг бизнесни бренд даражасига олиб чиққан талабаларидан бири “Aмалий санъат факултети”, “Aмалий санъат асарларини таъмирлаш” таълим йўналиши талабаси Оқибатхон Расуловадир.

         Оқибат ёшлигидан санъатга хусусан, мода ва дизайн санъатига меҳр қўйиб улғайди. Оқибатнинг фикрича кўпчиликнинг биринчи ва доимий орзуси бу – чиройли тикилган кўйлакдир. Бу орзу инсонларни ҳеч қачон тарк этмайди. Қаҳрамонимизнинг либос яратиш уни тикиш ва бичишдаги биринчи устози унинг онаси. Оқибат буни энг катта омади деб ҳисоблайди.

         Мактабни тугатгач санъатга бўлган юқори даражадаги меҳр сабабли у П. Бенков номидаги Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактабида таҳсил олади. Бу даврда у ўзининг таъбири билан айтганда “Санъат унинг юрагига тегишли эканини англайди”. Рассомлик мактабидан сўнг ушбу йўналишда қолишга қатъий қарор қилади ва Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизай институтига ҳужжат топширади ва ушбу институтнинг талабасига айланади.

                  Оқибат Расулова 2018-йилда ўз шахсий тадбиркорлик фаолиятини бошлайди ва кичик корхона ташкил қилади. Бу кичик корхона кийим ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Эътиборлиси бу корхонада ишлаб чиқарилаётган барча либосларнинг дизайн яратушчиси Оқибатнинг ўзи. Бу кичик корхона ҳозирги кунда беш нафар ишчига эга ҳамда яқин кунларда фаолиятини кенгайтириш остонасида турибди. Шунингдек айнан ўша йилдан бошлаб Оқибат Ўзбекистон Ҳунармандлар уюшмаси аъзоси ҳисобланади.

         Оқибат шунингдек BASIC брендига асос солган бўлиб, бу бренд номи остида бугунги кунда ҳамма учун мўлжаллаб тикилган кийимлардан ташқари, хомиладор аёллар учун яратилган кийимлар ҳам ишлаб чиқарилмоқда. BASIC брендининг асосий мақсади жаҳон даражасидаги брендлар қаторига кириш ва бу орқали миллий брендимизни жаҳонга олиб чиқишдир. Ҳозирда айнан шу йўналишда иш олиб бормоқда. Иккинчи томондан у Fratelli Casa бренди билан ҳамкорликни ҳам йўлга қўйган бўлиб, бу бренд остида чиқаётган либосларнинг ҳам яратувчиларидан бири ҳисобланади..

         Оқибат ўз ижодий ишлари билан турли конкурс ва мода ҳафталикларида ҳам фаол қатнашиб келмоқда. Жумладан: 2018 йилда fashion week IMAGE ёшлар дизайн  танловида иштирок етиб махсус сертификат билан тақдирланган. TFW18 либослар кўргазмасида иштирок этган.

         Оқибатнинг келажак режалари ҳам бир олам. У кичик фабрикасининг фаолиятини кенгайтириб, унинг ишлаб чиқариш турларини ҳам оширишни мақсад қилган. Шунингдек BASIC брендини дастлаб Республикамизнинг барча вилоятларида филиалларини очишни режалаштирган.

Биз ҳам BASIC бренди келажакда VERSACЕ, HUGO BOSS каби жаҳон брендлари қаторида тилга олинишини тилаб қоламиз.

         Ушбу рукн орқали талабалар ҳаётига кириб борар эканмиз, бу йил талабаликка тавсия этилган талабаларнинг ҳар бири бу саҳифада қаҳрамон бўлиши мумкинлигига амин бўлдик Бунинг сабаби эса шубҳасиз қабул жараёнларининг шаффоф ва адолатли ташкил этилганлигидадир. Aйнан шу омил сабаб ҳақиқатда ижодкор бўлишни хоҳлаган ёшлар бугун ўз орзуларига етмоқдалар.