Оҳанг аслида мусиқий асбобга тегишли деб қараймиз, аммо ҳақиқий ижодкор учун ҳар бир предмет ҳар бир туйғу ўз оҳанги ўз жилосига эга. Чизиқлар оҳангини ҳис қилиш учун эса теран қарашлар билан бирга табиатни мафтункор чизиқларда англай билиш лозим. Aна шундай истеъдодли ижодкорлардан бири Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти, “Дизайн” факултети, “Aмалий графика” кафедраси мудири Бахрам Намозовдир. Маҳоратли ижодкор 26 ноябр куни Камолиддин
Беҳзод номидаги шарқ миниатюра санъати музейида “Чизиқлар оҳанги” деб номланган шахсий кўргазмасини ташкил этди.

Кўргазмани кириш сўзи билан Ўзбекистон Бадиий академиясининг раиси Aкмал Нуриддинов очиб берди. Устоз рассом Баҳрам Намозовнинг ишларига юқори баҳо бериб, ижодкор графикада ўз услуби ва йўналишига эга эканлигини таъкидлади. Шунингдек рассомнинг оила аъзоларига шундай ижодкорни тарбиялагани учун миннатдорчилик билдирди. Шундан сўнг сўзга Баҳрам Намозовнинг оила аъзолари ҳамда устозлари чиқиб бугунги кўргазма ҳақидаги тассуротлари билан ўртоқлашди. Сўз сўнгида рассом сўзга чиқиб, бугунги кўргазмасини ташкил этишда яқиндан ёрдам берган Ўзбекистон бадиий академияси, Камолиддин беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти раҳбарияти ҳамда Камолиддин Беҳзод номидаги мемориал-боғ музейи ҳодимларига, шунингдек устозлари ва оила аъзоларига ўз миннатдорчилигини билдирди. Шунинг билан Баҳрам Назаровнинг “Чизиқлар оҳанги” деб номланган шахсий кўргазмаси очилди.

Кўргазмадаги асарларга боқар экансиз ҳақиқатда чизиқлар маълум бир оҳанга тизилганига гувоҳ бўласиз. Маълум тасвирни ифодалаган чизиқлар ноталар каби оддийлик ҳамда мураккабликни келтириб чиқарган. Бу кўргазма инсонларни чизиқлар орқали фикрлашга ундайди. Унда чизиқлар сизга ҳаёт ҳақиқатлари, ташвишлари ҳамда қувончлари ҳақида сўзлайди.

         Кўргазма 1 декабрга қадар давом этиши режалаштирилган.