Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтига Қозоғистон Республикаси ҳамда Тожикистон Республикасидан делегация ташриф буюрди.

Бугунги кунда Олий ва ўрта махсус таълим тизимида халқаро ҳамкорлик алоқалари долзарб аҳамият касб этмоқда. Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида ҳам халқаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Халқаро ҳамкорлик алоқалари доирасида бугун институтимизга Қозоғистон Республикаси ҳамда Тожикистон Республикасидан делегация ташриф буюрди.

Меҳмонларни дастлаб институт ректори Нодирбек Сайфуллаев қабул қилди. Бу тор доирадаги учрашувда келгуси ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди ҳамда меҳмонларга институт номидан махсус эсдалик совғалари тақдим этилди.

Шундан учрашув кенг доирада меҳмонлар билан Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти профессор-ўқитувчилари ўртасида мулоқот бўлиб ўтди. Бу мулоқотда келгусида ижодий ҳамкорлик қилиш, биргаликда конференциялар ва маҳорат дарслари ташкил қилиш каби масалалар борасида фикр алмашилди.

Шундан сўнг меҳмонлар таълим жараёнларини кузатиш мақсадида дарс ўтилаётган хоналарга ташриф буюришди. Меҳмонлар Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида йўлга қўйилган таълим ва ижодий жараёнларга юқори баҳо бердилар.