Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 27 йиллигига бағишлаб, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида “Aмалий санъат” факультети ҳамда “Ижтимоий фанлар, педагогика ва касбий таълим” кафедраси томонидан “Конституция – бахтимиз пойдевори” шиори остида “Заковат” интелектуал ўйини ташкил этилди. Ушбу мусобақада “Aмалий санъат асарларини таъмирлаш” йўналишининг “Зукколар”,

“Меъморий ёдгорликлар безагини таъмирлаш” йўналишининг “Эрудит”

ҳамда “Бадиий кулолчилик” йўналишининг “Моҳир қўллар” жамоалари ўзаро беллашдилар.

Ушбу интелектуал ўйинни “Aмалий санъат” факультети декани Саидова Сайёра очиб бериб, тадбирни олиб бориш учун навбатни “Ижтимоий фанлар, педагогика ва касбий таълим” кафедраси ўқитувчиси Умарова Муҳайёга берди.

“Мусобақа икки босқичда бўлиб ўтди. Биринчи босқичда жамоалар алифбо ҳарфлари остида яширинган саволларга жавоб беришди. Мазкур саволлар мураккаблик даражасига қараб 5, 10, 15, 20 балл билан баҳоланди. Саволларнинг барчаси Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси асосида тузилди. Биринчи босқич натижасига кўра,  “Эрудит” ҳамда “Моҳир қўллар” жамоаси иккинчи босқичга йўл олдилар. Иккинчи босқичда жамоалар махсус конвертлардан саволлар танлашди ва ушбу саволларга оғзаки жавоб берди. Ҳакамлар ҳайти хулосасига кўра, “Моҳир қўллар” жамоаси мусобақанинг мутлоқ ғолибига айланди.

         Мусобақа иштирокчилари ва ғолибларига тадбир ташкилотчилари, хусусан, “Ижтимоий фанлар, педагогика ва касбий таълим” кафедраси томонидан махсус сертификат ва эсдалик совғалари топширилди. Тадбир сўнгида мазкур  кафедра мудири, фалсафа фанлари номзоди, доцент Утанова Умида ушбу тадбирнинг аҳамияти, Конституциямизнинг ҳаётимизда тутган ўрни  ҳақида  якунловчи фикрларини баён қилди.

         Мазкур тадбир адолатли ва шаффоф тарзда ўтгани ҳамда қизғин баҳс ва мунозараларга бой бўлгани, шунингдек “Ижтимоий фанлар, педагогика ва касбий таълим” кафедраси доценти Aлимов Нодирнинг қизиқарли ва чалғитувчи саволлари билан ёдда қолди.