Ижодий асарларни баҳолаш ҳар доим ҳам қийин кечадиган жараён. Бунинг учун мутахасисдан жуда катта тажриба ва маҳорат талаб этилади. Чунки томошабин фикри билан мутахассис фикри ҳар доим ҳам бир бирига мос келмаслиги мумкин. Ижоднинг мураккаблиги ҳам шунда. Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Aмалий санъат факултетида бугун талабалар учун ўзига хос кичик имтиҳон бўлиб ўтди. Яъни “Бадиий кулол ва меъморий ёдгорликлар безагини таъмирлаш” кафедраси 1-боскич “амалий санъат асарларини таъмирлаш” бўлими талабалари учун чизматасвир ва рангтасвир фанларидан оралиқ назорати ўтказилди.

         Тақдим этилган ижодий ишларга назар ташлар экансиз талабалар 1- босқичда таҳсил олаётган бўлишига қарамай ижодий потенциали юқори ижодкорлар эканига гувоҳ бўласиз. Энг муҳими, ҳар бир талаба ўзининг ижодий йўлини топиб бораётганидир. Яна шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бу йил институтга қабул қилинган талабаларнинг ижодий салоҳияти ҳар қачонгидан ҳам юқорироқ. Ҳакамлар ҳайъати ҳам айнан шунга урғу берган ҳолда бунга сабаб сифатида талабаларнинг ижодий салоҳияти, уларга таълим бераётган устозларнинг меҳнати ҳамда бу йилги қабул жараёнларининг ўта юқори даражада ўтказилганини айтиб ўтишди.

         Бу нарса шундан далолат берадики, институтда сифатли кадрлар етиштириб чиқариш учун энг аввало қабул жараёнларининг шаффоф ва сифатли ўтказиш муҳим аҳамиятга эга. Чунки биз қабул жараёнларида салоҳиятли абитурийентларни танлай олсак, келажакда улардан ўз касбининг етук мутахассислари етишиб чиқиши шубҳасиздир. Бу йилги қабул жараёнларида айнан мана шу омил инобатга олингани ҳамда бу жараён адолатли тарзда ўтгани учун ҳам биз бу йил талабаликка қабул қилинган ёшлардан катта натижалар кутишга ҳақлимиз.