Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ўзбекистон ёшлари иттифоқи Марказий Кенгаши томонидан тасдиқланган “Олий ва ўрта маҳсус таълим вазирлиги тизимида 2019 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури”нинг 14-бандида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ва Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма етти йиллиги муносабати билан “Конституция тарғиботи ойлиги” доирасида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Санъатшунослик факультети ташаббуси билан Санъатшунослик ва Дизайн факультети талабалари Олий мажлис қонунчилик палатаси фаолияти билан яқиндан таништириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси биносига ташриф буюришди.

Мазкур ташрифда талабаларни Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари Бафаев Шуҳрат Ғофурович Қонунчилик палатасининг бугунги кундаги фаолияти, иш жараёни, олиб борилаётган ислоҳотлар билан яқиндан таништириб ўтди. Шунингдек, қонунчилик палатаси фаолияти билан боғлиқ йиғилишлар муҳрланган видеоролик тақдимоти ташкил этилди.

Талабалар бугунги ташриф давомида Қонунчилик палатаси фаолияти билан яқиндан танишиш баробарида ўзларининг ҳуқуқий билимларини ҳам янада бойитишди ҳамда биз амал қилаётган қонунлар қай тахлитда яратилиши ҳақида тасаввурга эга бўлишди. Бундай ташрифлар кўплаб ташкил етилиши талабаларнинг бугунги кунда юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни янада кенгроқ англашларига замин яратади.