Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий ўзбек мумтоз шеърияти тарихида ўчмас из қолдирган шоирлардан биридир. Унинг ҳаёти ва ижодини ўрганиш бугунги кунимиз учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Чунки Огаҳий ижодида халқнинг турмуш-тарзи, орзу-умидлари ҳақида битилган ғазаллар салмоқли ўрин эгаллайди. Уларни ўрганиш орқали биз нафақат адабиёт, балки тарихимиз ҳақида ҳам қимматли маълумотларга эга бўлишимиз мумкин. Маълумки, Огаҳий Хива хонлигида кўп йиллар Мироб вазифасида фаолият юритган. У ўз касби туфайли табиат ва инсонларга яна ҳам яқинроқ ҳаёт кечирган. Қарийб бир ярим асрдирки, Мунис томонидан бошланиб, Огаҳий ниҳоясига етказган “Фирдавс ул-иқбол” асари адабиётшунос, матншунос ва тарихшунослар эътиборини тортиб келади. Бу фактларнинг ўзиёқ Огаҳий ижодини ўрганиш нақадар муҳим аҳамиятга эга вазифа эканлигидан далолатдир. Бу йил юртимизда Огаҳий таваллудининг 210 йиллиги кенг нишонланмоқда.

            Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида ҳам Огаҳий таваллудининг 210 йиллига бағишланган тадбирлар ҳамда унинг ижодини ўрганиш, бу борада кенг оммага, айниқса, ёшларга маълумот бериш юзасидан кўплаб амалий тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, бугун “Тиллар ва адабиёт” кафедраси томонидан Тошкент шаҳар, Миробод туманида жойлашган 328- мактабда Огаҳий таваллудининг 210-йиллигига бағишланган маънавий- маърифий тадбир ўтказилди. Тадбирда дастлаб Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг профессор-ўқитувчилари ўқувчиларга Огаҳий ижодининг ўзбек адабиётидаги ўрни унинг ҳаёт фаолиятига доир маълумотлар беришди. Шундан сўнг ўқувчилар ҳам шоир ижодидан намуналар ўқиб беришди. Шунингдек, шоир ҳаёти ва ижоди ҳақида ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат этишди.