Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та энг муҳим ташаббус ижросини таъминлаш борасида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти томонидан кўплаб тадбирлар, учрашувлар ва амалий машғулотлар давом эттирилмоқда. Хусусан, “Тиллар ва адабиёт” кафедраси ҳамда Тасвирий санъат факультети томонидан Тошкент шаҳар Шойхонтоҳур туманида жойлашган 41-сонли мактабда болалар ўртасида тасвирий санъатга бўлган қизиқишни янада ошириш мақсадида маҳорат дарлари ташкил этилди.

Маълумки, соҳа мутахассиси бўлмаган инсон учун тасвирий санъат қоидалари, албатта, тушунарсиз бўлиши мумкин. Шуни инобатга олган ҳолда мазкур маҳорат дарсларида талабаларимиз ёш ўқувчиларга тасвирий санъат бўйича кенгроқ маълумотлар ҳам беришди. Шунингдек, ўқувчиларга кичик топшириқлар бериш орқали уларда тасвирий санъат кўникмаларини ҳам шакллантиришга ҳаракат қилишди ҳамда ўзлари ҳам ўқувчилар қизиқишидан келиб чиқиб суратлар чизиб кўрсатишди.