2019 йил 11 декабрь куни Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг Ахборот ресурс марказида Ўзбекистон халқ артисти, кинорежиссёр Комил Ёрматов таваллудининг 110 йиллиги ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, ўзбек киносининг асосчиси, кинорежиссёр  Наби Ғаниев  таваллудининг 115 йиллигига бағишланган кеча бўлиб ўтди. Кечада “Театр безаги рангтасвири ва фильмнинг тасвирий ечими” кафедраси мудири Ортиков А., ўқитувчи Гамиров А.А.,кутубхона директори Сагидуллина С. А., Тошкентдаги “Рерих” жамиятининг раисиМонасыпова Н.Р., кутубхонанинг барча ходимлари ва талабалар иштирок этишди.

Кечани кутубхона директори Сагидуллина С. А. кириш сўзи билан очди ва сўзни “Театр безаги рангтасвири ва фильмнинг тасвирий ечими” кафедраси ўқитувчисиА. Гамировга берди.У қатнашчиларга кинорежиссёрларнинг ҳаёти ва ижоди, улардан қолган ноёб киноленталар ҳақида, ҳамда “Алишер Навоий” фильми қандай шароитларда, қандай суратга олингани тўғрисида сўзлаб берди.

Шундан сўнг 1947-йилда ўзбек киноси усталари томонидан суратга олинган “Алишер Навоий” фильми иштирокчиларга намойиш қилинди.

Шунингдек бир вақтнинг ўзида Алишер Навоий асарларининг ҳамда буюк шоир ҳақида чоп этилган китобларнинг кўргазмаси бўлиб ўтди. Кўргазмада Алишер Навоийнинг 10 жилдлик тўла асарлар тўплами, алоҳида асарлари, ҳамда А. Навоий асарларига ишланган миниатюралар тўпламлари намойиш этилди.

Кеча якунида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга ўқитувчилардан аниқ жавоблар олишди. Кеча  қатнашчиларда катта таассурот қолдирди.

Шунингдек Тошкент “Рерих” жамияти раисиМонасыпова Н.Р институт кутубхонасига “Архитектурные памятники Бухарского оазиса. Чашма-и Айууб” китобининг 5 та нусхасини совға сифатида топширди.

          АРМ директори                                               С.А.Сагидуллина