Ўзбекистон Бадиий академияси Марказий кўргазмалар залида ташкил этилган “Альма-матер” кўргазмаси санъатшунослар ва санъат ихлосмандларининг катта қизиқишига сабаб бўлди. Устоз рассомлар ижодининг илк асарлари, жўшқин ижодий лаҳзаларнинг нишонаси бўлган асарлар инсонни ўтмиш ҳақида ҳаёл суришга, давр ва қаҳрамон масалаларининг ўзбек рангтасвиридаги ифодаси ҳақида мушоҳада қилишга ундайди. Кўргазма доирасида ўтказилган кўргазма муҳокамаси ана шундай ҳаяжонли дақиқалари билан эсда қоларли бўлди. Муҳокамани кўргазма куратори, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлари уюшмаси Санъатшунослик шўъбаси раиси, фалсафа фанлари номзоди Элмира Ахмедова олиб борди. Маърузада кўргазманинг аҳамияти, кўргазмага тайёргарлик жараёнлари, кўргазма экспозицияси концепциясида алоҳида эътибор қаратилган жиҳатлар ҳақида маълумотлар берилди.   

Кўргазмада Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Санъатшунослик факультети Тасвирий санъат тарихи ва назарияси кафедраси ва Музейшунослик кафедраси профессор-ўқитувчилари, экспозициядан ўрин олган асарлар муаллифлари ҳамда талабалар иштирок этишди. Муҳокаманинг муҳим жиҳати шу бўлдики, муҳокама иштирокчиларининг кўргазмадан ўрин олган асарлар муаллифлари ва уларнинг ижоди ҳақида фикрларга эга бўлгани ҳолда ижодкорларнинг асарлар яратилиши тарихи тўғрисидаги эсдаликлари, хотиралари барчада катта қизиқиш уйғотди.