Ҳар бир иқтидорли инсоннинг бахти бу маҳоратли устоз қўлида касб сирларини ўрганишидадир. Бундай устозларнинг маҳорати шогирдининг истеъдодини янада сайқаллаш орқали намоён бўлади. Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг Иқтидорли ёшларига соҳа бўйича етакчи мутахассисларнинг ижодий маслаҳатлари ва маҳорат дарсларини ташкил қилиш ҳамда ўқитиш тизимини такомиллаштиришга оид чора-тадбирлар дастури доирасида бугун Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, “Дастгоҳли рангтасвир” кафедраси профессори Собир Раҳметовнинг “Одам боши елка қисми билан (кекса чайир киши)” мавзусида маҳорат дарси ташкил этилди.

Бу дарслар бошқаларидан фарқли равишда устоз ушбу мавзу юзасидан ижодий иш бошлаган шогирдининг иши устида олиб борилди. Собир Раҳметов шогирдининг бошлаган ишини тўлиқ равишда таҳлил қилиб берди. Хатоларини ва муваффаққиятли томонларини кўрсатиб, ишни қайси йўналишда давом эттириши борасида маслаҳатлар берди. Шу билан бирга одам тана аъзоларини чизишда қайси ракурсдан ёндашиш қулайроқ эканлиги ҳақида ўз шахсий қарашлари билан ўртоқлашди.