Олий таълим тизимида халқаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш бугунги кунда долзарб масалага айланди. 2019-йил 8-октябрда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикасида Олий таълимни тизимли ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларини белгилаш, замонавий билим ва юксак маънавий ахлоқий фазилатларга эга, мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, Олий таълимни модернизация қилиш, илғор таълим технологияларига асосланган ҳолда ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш мақсадида “Олий таълим тизимини 2030-йилгача ривожлантириш концепция”сида ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратилган. Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Нуфузли хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик ўрнатиш ҳамда кадрлар алмашинуви масаласи доимо кун тартибида.

Хусусан, бугун Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтига Хитой Халқ Республикасининг Шанхай Cанъат ва Дизайн Академияси вице-президенти Янг Бо бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. Делегация аъзолари ташрифнинг биринчи кунида институт билан яқиндан танишиш мақсадида институтимизда жойлашган устахоналарни кўздан кечирдилар. Институтимизда йўлга қўйилган ижодий муҳит меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Шундан сўнг делегация аъзолари ҳамда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳодимлари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда меҳмонлар бу ерга ташриф буюрганларидан хурсанд эканлигини баён қилдилар ҳамда институтимиз уларда илиқ таассурот қолдирганини таъкидладилар. Шунингдек келгусида мунтазам ҳамкорликни йўлга қўйишни режалаштиргаликларини ва бундан институт раҳбарияти ва ходимлари мамнун эканликларини айтиб ўтдилар.

Шундан сўнг Шанхай Cанъат ва Дизайн Академияси делегацияси ўзларининг таълим муассасалари ҳақида йиғилганларга тақдимот қилди. Мазкур тақдимотда бугунги кундаги таълим жараёнлари ҳамда талабалар ҳамда ўқитувчилар томонидан яратилга ижодий ишлар кўрсатилди. Уларнинг ясалиши ва қандай маҳсулотлардан тайёрланиши ҳақида маълумот берилди. Тақдимот институтимиз жамоаси томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди. Шунингдек ўзларини қизиқтирган саволлари билан меҳмонларга мурожаат этишди.

Ташриф давомида ҳамкорлик меморандумини имзолаш ҳамда халқаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш режалаштирилган.