Сир эмаски, мамлакатимиз олий таълим таълим тизими туб ислоҳотлар даврини бошдан кечирмоқда. Бугун бу тизимнинг муаммолари ҳақида очиқ гапирилмоқда, ҳал қилиш йўллари изланмоқда. Олий таълим муассасаларида таълим жараёнларига жаҳон тажрибасини жорий этиш, айниқса, долзарб аҳамиятга эга вазифага айланди. Бунинг учун биринчи навбатда дунёнинг етакчи олий таълим муассасаларининг таълим стандартларини ўрганиш талаб этилади. Шу мақсадда бугунги кунда кўплаб мутахасислар хорижий давлатларда малака оширишиб, тажрибаларини ўрганиб қайтмоқдалар. Бу борада “Эл-юрт умиди” жамғармасининг ҳиссаси, айниқса, муҳим аҳамиятга эга. Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида ҳам ушбу жамғарманинг кўмагида хорижда малака ошириб келган ва айни пайтда малака ошираётган профессор-ўқитувчилар талайгина.

Aйни пайтда Камолидин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти “Информатика ва менежмент” кафедраси доценти Умида Зунунова ҳамда “Дизайн” кафедраси (PhD) докторанти Ойбек Касимовлар “Эл юрт умиди” жамғармасининг стипендианти сифатида Испаниянинг Escuela superior de diseno de Murсia университетида ўз мутахасисликлари бўйича малака оширишмоқда.

Escuela superior de diseno de Murcia институти дизайн соҳасига ихтисослашган олий таълим муассасаси бўлиб, 4 та, яъни интерьер дизайни, саноат дизайни, компьютер графикаси дизайни ва фэшн дизайни йўналишларида мутахасис тайёрлайди.

Малака оширувчилар дарс жараёнларида иштирок этиш орқали мазкур институтнинг таълим техналогиялари ва дастурлари, таълим жараёнлари, талабаларга қўйилаётган талаблар умумий қилиб айтганда институтнинг иш услуби билан яқиндан танишдилар.

Улар режага биноан 2 декабрдан 23 декабргача мазкур муассасада таълим олдилар. 23 декабрдан 28 декабргача Escuela superior de diseno de Murсia университетининг халқаро бўлими бошлиғи Мигуел Aнҳел Aзнар ҳамроҳлигида Мурcия шаҳрига яқин бўлган тарихий обидаларига саёҳат уюштиришади. Чунки бу ерда кўплаб архитектуравий ва ландшафт ечимлари билан танишиш имконияти мавжуд.
Уларнинг Escuela superior de diseno de Murсia университетида орттирган тажрибалари келажакда институтимизда дизайн соҳасининг янада ривож топиб, улкан ютуқларга эришишига замин яратади деган умиддамиз.