Маълумки, Президентимиз томонидан жорий йилда ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш борасида 5 та муҳим ташаббус илгари сурилди. Хусусан, Биринчи ташаббус ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини оширишга, истеъдодини юзага чиқаришга хизмат қилади. Жорий йилнинг 30 сентябрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5 та ташаббуси бўйича имплементация стратегиясини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар режаси” тасдиқланган эди. Мазкур режанинг 9-10-банди ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий ижодкорлар уюшмаси томонидан “Рассом устахонасида меҳмонда” лойиҳаси ҳамда “Ўзбекистон манзаралари” акциялари йўлга қўйилди.

Бугун Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси Aнжуманлар залида мазкур лойиҳалар доирасида амалга оширилган ишлар сарҳисобига бағишланган Брифинг ўтказилди. Брифингни Ўзбекистон Бадиий академияси Aкадемиги, Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Aкмал Нуридинов кириш сўзи билан очиб берди. Aкмал Нуридинов ўз сўзида бу лойиҳаларнинг ёш авлоднинг маънавий тарбиясидаги аҳамияти ҳамда унинг ижроси юзасидан бугунги кунга қадар қилинган ишларга тўхталиб, шу нарсага эътибор қаратдики, рассом ҳақида тўла тўкис тасаввурга эга бўлиш учун, албатта, унинг устахонасига ташриф буюриш лозим. Чунки яратилган асар ҳар хил сабаб билан яратилиши мумкин, лекин рассом устахонасида унинг ҳақиқий ўзлиги, ўзига хослиги намоён бўлади.

Шундан сўнг, бу икки лойиҳа юзасидан бутун Республикамиз бўйлаб амалга оширилган ишлар тақдимоти бўлиб ўтди ҳамда бу лойиҳаларда фаоллик кўрсатган Ўзбекистон Бадиий академиясининг вилоятлар бўлимларига Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан махсус сертификатлар топширилди. Брифинг сўнгида тадбир иштирокчилари мазкур лойиҳалар ва келажакда қилиниши лозим бўлган ишлар хусусида ўз фикрларини баён қилдилар. Хусусан, “Рассом устахонасида меҳмонда” лойиҳада иштирок этган, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти профессори, Ўзбекистон Халқ рассоми Жавлон Умарбеков ушбу лойиҳада иштирок этганидан мамнун эканини, бундай лойиҳалар келажакда, албатта, ўз самарасини беришини таъкидлади ҳамда таклиф бўлса, бу лойиҳа бундан сўнг ҳам иштирок этиши мумкинлигини билдирди.

Шунинг билан мазкур брифинг ўз ишини якунлади.