Сир эмаски, бугун юртимизнинг аксарият ташкилот ва муассасаларида ўтиб бораётган йил сарҳисоби қилинмоқда. Йил якунида ўз меҳнати орқали муваффақиятларга сазовор бўлган инсонлар муносиб тақдирланиши ҳам ананага айланган. Инсон меҳнат қилар экан ҳеч қачон эътибордан четда қолмайди. Муҳими қайси касбда бўлмасин ўз вазифасини сидқидилдан адо этишида. Шундай йил сарҳисобларида эътирофларга сазовор бўлаётган ёшларимиздан бири – Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Ҳайкалтарошлик мутахассислиги 2-босқич магистранти Баҳром Норбоевдир.

         Баҳром учун ўтиб бораётган йил чинданда эсда қоларли бўлди. У йил якунида бир эмас икки марта эътирофга сазовор бўлди. Жумладан,Ёшлар ижод саройида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташаббуси билан ташкил этилган янги “Таҳсин” кўрик-танлови ғолибларини тантанали тақдирлаш маросимида Норбоев  “Ҳайкалтарошлик йўналиши ривожидаги ташаббуси учун” номинациясида “Таҳсин”  мукофотига муносиб топилди. Шу ўринда мазкур мукофот тўғрисида тўхталиб ўтсак. «Таҳсин» мукофоти йил давомида у ёки бу соҳадаги меҳнати ва ютуғи кенг жамоатчилик томонидан юқори баҳоланган иқтидорли, серғайрат ёшларни рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан таъсис этилган. Мукофотга, аввало, ўзи истиқомат қилаётган маҳалла, ўқиш ёки иш жойида одоб-ахлоқи ва меҳнати билан жамоатчилик ҳурматини қозонган 30 ёшгача бўлган 500 нафардан ортиқ ёш номзоди кўрсатилди. Шулардан 22 нафар номзод “Таҳсин” мукофотига сазовор бўлди. Мукофот совриндорига  пул мукофоти, диплом ва махсус статуетка топширилади.

         Шунингек, Ўзбекистон Бадиий академияси Анжуманлар залида ижодий натижаларни сарҳисоб этиш ва тасвирий санъатнинг турли йўналишлари бўйича самарали меҳнат қилган ижодкорларни тақдирлашга бағишланган «Top ART — 2019»  тадбири ўтказилди. “ТОP-АRТ” тадбирининг асосий мақсади – йил якунлари бўйича тасвирий ва амалий санъат, халқ ҳунармандчилиги, дизайн, фотосанъати ҳамда санъатшунослик соҳасида миллий ва жаҳон санъати ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган, умумиллий ва халқаро аҳамиятга молик асарлар, лойиҳалар яратган, миллий санъат анъаналари ва ҳозирги замон тасвирий ва амалий санъат ривожининг фаол тарғиботи бўйича юқори малакали, профессионал ижодкорларни аниқлаш, уларнинг ижодий фаолиятининг нуфузини янада оширишни рағбатлантиришдан иборат. Ушбу тадбирда йил давомида етакчи мутахассислар томонидан юқори баҳоланган, жамоатчилик томонидан эътироф этилган ҳайкалтарошлик йўналишидаги ижодий ишлари  учун Баҳром Норбоев “Йил ҳайкалтароши” номинацияси ғолибига айланди.

         Ўз ўрнида биз ҳам Баҳром Норбоевни муваффақиятли ўтган йил билан табриклаймиз ҳамда келаётган 2020 йилда бундан кўпроқ ютуқларга сазовор бўлишини тилаб қоламиз!