Бугунги кун ёшлари ҳаётида Президентимиз томонидан илгари сурилган 5та ташаббус муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу ташаббусларнинг амалий ижроси учун хизмат қилиш ҳар бир ватандошимиз олдидаги юксак вазифага айланди. Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти талабалари ҳам нафақат мазкур 5 та ташаббус доирасида ташкил этилаётган тадбирларда фаол иштирок этиш, балки бу ташаббус доирасида махсус тадбирлар ташкил этишда ҳам фаол бўлмоқдалар.
Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Дизайн факултети, Интерьерни лойиҳалаш йўналиши 4 босқич талабаси Бойчибоева Шохсанам Сирдарё вилояти Ховос тумани 3-умумтаълим мактабида Оригами – Хитой қоғоз санъатидан маҳорат дарси ташкил этди.

Мазкур дарсларда талаба ёш авлод қалбида санъатга, хусусан, қоғоз санъатига меҳр уйғотишни мақсад қилган. Болалар ёшлигиданоқ бундай санъатлардан хабардор бўлиб улғайса, албатта, уларнинг дунёқарашида бу нарсалар аксини топади. Келажакда айни шу соҳа вакили бўлмаганларида ҳам ушбу санъат ҳақида маълум тасаввурга эга бўлиб, кейинчалик касб танлаш жараёнида ушбу билимларини ишга соладилар. Шунинг учун ҳам Шохсанам мактаб ўқувчиларига бир мунча ноёб бўлган санъат ҳақида маълумот бериш баробарида, уларни воқеликка креатив (ноодатий) ёндошишга ҳам ўргатишни мақсад қилди.


Ўйлаймизки, бундай дарсларнинг кўплаб ташкил этилиши келажак авлод истиқболида муҳим аҳамият касб этади.