Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Кенгашининг 2019-2020 ўқув йили бўйича навбатдаги V мажлиси ўтказилди. Ушбу мажлис 2019 йил ҳисобидан сўнги мажлис бўлганлиги учун кенгайтирилган таркибда ўтказилди. Бу мажлисни институт ректори, Кенгаш раиси Нодирбек Сайфуллаев очиб берди. Нодирбек Сайфуллаев кириш сўзида, аввало, барчани кириб келаётган янги 2020 йил билан табриклаб, барчага сиҳат саломатлик тилади ҳамда ўтиб бораётган йил Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти учун муҳим йил бўлганлигини таъкидлаб, бу йилда институтимиз эришган ютуқларга тўхталиб ўтди.

Нодирбек Сайфуллаев шуни алоҳида таъкидладики, умуман олганда 2019 йилни муваффақиятли йил деб атасак бўлади, лекин шунинг билан бирга бизнинг олдимизда қилиниши лозим бўлган улкан вазифалар турибди. Чунки ҳозирги кунда юртимизда, айниқса, Олий таълим тизимида бўлаётган туб ислоҳотлар даврида бизнинг олдимизда ҳам бу ислоҳотларга муносиб жавоб бериш вазифаси турибди. Aйниқса, 2019-йил 8-октабрда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикасида Олий таълимни тизимли ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларини белгилаш, замонавий билим ва юксак маънавий ахлоқий фазилатларга эга, мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, Олий таълимни модернизация қилиш, илғор таълим технологияларига асосланган ҳолда ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш мақсадида «Олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепция» сида кўрсатиб ўтилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёйевнинг 27 декабр куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда ёшлар билан ўтказган учрашувларида олдимизга қўйган вазифаларни, шунингдек, Президентимизнинг жорий йил 19 март куни ўтказган видеоселлектор йиғилишларида «Ёшлар маънавиятини янада юксалтириш ва уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш бўйича энг муҳим 5та ташаббус»ларининг ижросини таъминлаш жуда ҳам муҳим аҳамият касб этишини, бу вазифалар ижроси 2020 йилда Институт фаолиятининг асосини ташкил этишини таъкидлаб ўтди ҳамда бу мақсадларни амалга ошириш йўлида барчамизни бирлашишга чақирдилар.

Шу билан бирга Нодирбек Сайфуллаев Кенгаш амалий фаолиятга киришишидан аввал яқиндагина «Фалсафа фанлари бўйича фалсафа” PhD доктори унвонини олган Дилфуза Жуманиёзовани ҳамда “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишони соҳибига айланган Ўзбекистон Халқ рассоми Рустам Худайбергановларни яна бир бор табрикладилар.

Шундан сўнг Кенгашнинг амалий қисмига ўтилди. Унда институт ҳаётига алоқадор бўлган 14 та масала кўриб чиқилиб, муҳокама этилди. Мазкур масалалар юзасидан масъул шахсларнинг маърузаси тингланди ҳамда йиғилганлар мавзу юзасидан таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар. Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, Кенгашда Нодирбек Сайфуллаев, айниқса, 2020 йилда Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та ташаббуснинг амалий ижросига жиддий эътибор қаратишларини айтиб, бу борада кўплаб таклифларни ўртага ташлади.

Шунинг билан Кенгаш 2019-2020 ўқув йили бўйича навбатдаги 2019 йил ҳисобидан эса сўнги мажлисини якунлади.