
Ҳозирги кунда юртимизда ёшларнинг истеъдод ва имкониятларини юзага чиқаришлари учун барча шароитлар яратилмоқда. Бунинг учун ёшларимиздан ўз вақт ва имкониятларидан унумли фойдаланиш талаб қилинади холос. Жорий йилнинг 4-5-6 январ кунлари Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида ёшларни ўз имкониятлари ва вақтларидан унумли фойдаланишга чорловчи “Талимда ислоҳот: ўзгаришни ўзимиздан бошлайлик” шиори остида “Халқаро ёшлар ислоҳотлари форуми – 2020” бўлиб ўтди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Хоразм вилоят Кенгаши, Хоразм вилояти ҳокимлиги, Хоразм вилояти халқ таълими бошқармаси, Урганч давлат университети ҳамкорлигида ташкил этилган форумда Қозоғистон, Қирғистон, Германия, Кипр каби хорижий давлатлар делегатлари ҳамда юртимизда жойлашган хорижий ва маҳаллий олий таълим муассасалари талабалари ҳамда волонтёрлардан иборат 375 нафар иштирокчилар қатнашди.

Иштирокчилар гуруҳларга бўлиниб, “Deutchtage”, “English days”, “Ta’limda innovatsiya”, “Ekologiya va iqtisod”, “OAV va jurnalistika”, “Turizm va IT”, “Leading leader”каби 7 та йўналишдаги махсус сессияларда ўз билим ва кўникмаларини оширди. Шунингдек, “Talent shou” ва “Хуш келибсиз Хоразмга!” номли консерт дастурлари форум қатнашчиларига ҳам хуш кайфият, ҳам маданий ҳордиқ улашди.

Мазкур Форумда юртимиз дунёнинг истеъдодли ёшлари қаторида “Leading leader” йўналишида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Aмалий санъат факултети Бадиий кулолчилик таълим йўналиши 2- босқич талабаси Тугалова Сарвиноз ҳам иштирок этди ҳамда махсус сертификат билан тақдирланди.

“Халқаро ёшлар ислоҳотлари форуми – 2020” ни ўтказишдан мақсад: ёшларни инновацияга қизиқтириш ва янги лойиҳалар яратиш учун фаол атмосфера яратишдан иборат.
Бундай Форумларнинг ташкил этилиши, албатта, бугунги кунда юртимизда олиб борилаётган туб ислоҳотларнинг ёшларимиз онгига чуқурроқ кириб боришига замин яратади ва уларнинг халқаро миқёсида ўтиши эса бугунги кунда Ўзбекистонда амалга оширалаётган ўзгаришларнинг жаҳон ёшларига ҳам ўрнак бўла олётганидан далолатдир.