Олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш, олий таълим муассасаларида илмий-тадқиқот ишлари натижадорлиги ошириш, ёшларни илмий фаолиятга кенг жалб этиш, юқори малакали мутахассислар тайёрлаш жараёнига кадрлар буюртмачиларини фаол жалб этиш борасида кўрсатилган вазифалар институт кафедраларининг ташкилотлардаги филиалларини очиш заруриятини кўрсатмоқда.       

Шуни таъкидлаш керакки, бошқа соҳаларда бўлгани каби етук малакага эга музейшунос кадрларни тайёрлашда нафақат назарий билимларни чуқур ўргатиш, балки уларни амалиёт билан боғлаш ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Шуни инобатга олган ҳолда бугун Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ректори Нодирбек Сайфуллаев ҳамда Ўзбекистон давлат санъат музейи директори Васила Файзиева музейда Музейшунослик кафедраси филиалини ташкил этиш борасида шартнома имзолади.

Мазкур тадбирда сўзга чиққан Нодирбек Сайфуллаев, Васила Файзиева ҳамда Санъатшунослик факултети декани Ботир Сангиров бугунги кафедранинг ташкил этилиши институт учун ҳам, музей учун ҳам бирдек аҳамиятли ҳодиса эканлигини таъкидлаб ўтдилар.

Музейшунослик кафедраси филиалининг Ўзбекистон давлат санъат музейида очилиши музейшунос кадрларни тайёрлаш назарий билимларни амалиёт билан боғлаш, хусусан музей реставрация лабораториясидаги жараёнлар билан яқиндан танишиш, музей фонд заҳирахонасига оид ҳужжатлар билан ишлаш, экспозиция яратиш жараёнларини ўрганиш, шу билан бирга музей ходимларини илмий фаолиятга йўналтириш, таълим тизимида соҳага кириб келаётган ислоҳотлар билан таништиришда муҳим аҳамият касб этади. Зеро, санъат сарларини музейлар фондига тўплаш, консервация ва реставрация қилиш, уларни томошабинга намойиш этиш масаласи музей ходимларидан назарий ва амалий кўникмаларни талаб этади.

Музейшунослик кафедра филиалининг очилиши бу соҳага етук малакали кадрлар тайёрлаш борасидаги муҳим қадамлардан бири саналади.