Давлат органлари самарали фаолият юритишида жамоатчилик назорати муҳим ўрин тутади. Мазкур институтнинг давлат органлари ходимлари қонунга риоя этиб, вазифа ва мажбуриятларини масъулият билан адо этишида таъсир доираси юқори. Зеро, халқ ҳокимиятчилиги принсипи Конституциямизнинг асосий принципларидан биридир. Жумладан, фуқаролар жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқига эга. Бу каби иштирок этиш йўлларидан бири – давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишдир.

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида ҳам бир нечта жамоатчилик кенгашлари фаолият юритиб, жамоатчилик назоратини ташкил этишда фаол иштирок этиб келмоқда.

Бугун ҳам жамоатчилик кенгашлари раислари, Ёшлар билан ишлаш маънавият ва маърифат бўлими, Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи Институт бошланғич ташкилоти етакчиси, Ёшлар билан ишлаш, маънавий-маърифий ишлар бўйича декан ўринбосарлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Мазкур йиғилишда жамоатчилик кенгашлари раисларининг ҳисоботлари тингланди. Қилинган ишлар танқидий ва таҳлилий кўриб чиқилди, шунингдек, келажакда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар режаси тузилди.