Эразмус+ лойиҳаси доирасида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ва Буюк Британиянинг Бирмингем Сити Университетлари орасидаги келишувга биноан ўқитувчилар алмашинуви дастурига асосан институт ректори Нодирбек Сайфуллаев ҳамда “Либос дизайни” кафедрасининг профессор-ўқитувчиларидан Феруза Aтаханова Раъно Қиргизбоева ва Aзизахон Сайдиганиеваларнинг Бирмингем шаҳрига ташрифининг иккинчи куни ҳам самарали ўтди.
Куннинг биринчи ярмида Азиза Сайдиганиева ва Феруза Атахановалар 30 нафар талабадан иборат 1-босқич талабаларига “Ўзбек миллий ва маҳаллий матолари” ҳақида маъруза ва тақдимот қилишди. Мато намуналаридан тузилган альбом Birmingham City университети талабаларида катта қизиқиш уйғотди.
Шу вақтнинг ўзида институт ректори Нодирбек Сайфуллаев “Эразмус+” нинг Birmingham City университетидага офисининг раҳбарлари Стьюарт Бегли (молиявий директор) ва Мишель Регилин (офиснинг бошқарувчиси)лар билан учрашиб, мазкур фонд билан келажакда амалга оширилиши мумкин бўлган лойиҳалар борасида ҳамда хамкорликни мустаҳкамлаш бўйича ишлар ҳақида суҳбатлашишди.
Куннинг иккинчи ярмида “Либос дизайни” кафедраси ўқитувчилари Раъно Киргизбаева ва Азиза Сайдиганиевалар Birmingham City университетининг 4-босқич талабалари билан амалий машғулот ва маҳорат дарсларини ўтказишди. Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг Либос дизайни йўналишида ўқув дастурининг тузилиши ҳақида тақдимот қилиб, таҳсил олаётган талабаларнинг ижодий ишларини намойиш этишди.
Ундан ташқари шу куни Бирмингем Сити Университетининг Халқаро бўлими офисида мазкур бўлим бошлиғи профессор Колин Гейт ва Нодирбек Сайфуллаевларнинг расмий учрашуви ҳам бўлиб ўтди. Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳақидаги тақдимотдан сўнг иккала олий таълим муасассаларининг ўзаро халқаро хамкорлик режалари муҳокама қилинди.