Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг Birmingham City университетига ташрифи давом этмоқда

“Эразмус+”келишувига биноан амалга оширилаётган лойиҳа доирасида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти вакилларининг  Бирмингем Сити Университетига ташрифининг навбатдаги кунида иккала томондан хамкорлар Бирмингем шаҳрининг маданий ҳаёти ва тарихий обидалари билан танишиш мақсадида Бирмингем шаҳрининг Музейи ва Санъат галереясига боришди. Галереяда сақланаётган турли давр ва жанрларга мансуб тасвирий ва амалий санъат асарлари, дизайн объектларини томоша қилиб, Ўзбекистонлик делегация Европанинг унчалик катта бўлмаган мазкур шаҳри бой тарихга эга эканлигига гувоҳ бўлишди.

Музейдан сўнг Бирмингем Сити Университетининг Санъат мактабига ташриф буюрилди. Тарихий бинода жойлашган мўъжазгина бу мактабнинг етакчи ўқитувчиларидан бири бўлажак рассом ва дизайнерлар учун яратилган шароитлар ва ўзига хос  таълим жараёни ҳақида таништириб ўтди. Бирмингем санъат мактабининг кутубхонаси ва устахоналарида талабаларнинг ўз лойиҳалари устида нафақат дарс вақтида, балки мустақил ишлашлари учун барча замонавий шароитлардан ташқари талабаларнинг ўз таълим даргоҳи ва ўқишига нисбатан маъсулияти ва ҳурмати ҳайратланарли эди.

Куннинг иккинчи ярмида  инситут ректори Н.Б. Сайфуллаев бошчилигидаги делегация “Санъат, дизайн ва медиа” факультетининг рахбари  профессор Элисон Хоноур билан учрашди. Юқори даражадаги бу учрашув расмий бўлишига қарамай, дўстона суҳбат тариқасида бўлиб ўтди. Институтимиз ҳақидаги презентация Элисон хонимда катта қизиқиш уйғотиб, у Бирмингем Сити Университети нафақат либос дизайни йўналишида, балки бошқа – интеьер дизайни, бадиий фото, анимация ва мультипликация, китоб графикаси йўналишларида ҳам хамкорлик қилишга тайёр эканлигини мамнуният билан билдирди. Бу учрашувда иккитомонлама диплом олиш бўйича, магистратуранинг янги йўналишларини очиш ҳамда докторантурада янгича тадқиқотларни амалга ошириш бўйича келажакдаги режалар муҳокама қилинди. Мазкур амалга ошириладиган ишларнинг юридик асоси яратилиши лозимлиги таъкидланди.