Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Тасвирий санъат факультетининг 4-босқич талабаларининг Якуний назорат кўриклари ўтказилди. Мазкур кўрик ҳам Ўзбекистон Бадиий Академияси академиги, Ўзбекистон Халқ Рассоми, “Дастгоҳли рангтасвир” кафедраси профессори Aкмалжон Икромжонов бошчилигидаги ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди.

Бу галги кўрикнинг аҳамиятли томони шундаки, ижодий ишлар бакалавр босқичини якунлаш арафасида турган талабаларга тегишли бўлиб, улардан талаб қилинаётган нарса ҳам шунга яраша жиддийдир. Бу асарларга машқлар нуқтайи назардан эмас, балки яхлит асар сифатида ёндошиш талаб қилинади. Ҳакамлар шу нарсани инобатга олган ҳолда ижодий ишларга ўта синчковлик билан ёндашиб, биронта детални эътибордан четда қолдирмадилар. Ҳар бир асар алоҳида муҳокама қилинди. Эришилган муваффақиятлар билан бирга, йўл қўйилган камчиликлар ҳам бирма бир тилга олинди.