Кенгаш ўз ишини бошлашдан аввал Олий аттестация комиссияси қарори билан “Тасвирий ва амалий безак санъати ихтисослиги бўйича” доцент илмий унвонига сазовор бўлган Маҳобатли рангтасвир кафедраси мудири Шиҳназар Жуманиёзов ҳамда “Дизайн назарияси ва тарихи ихтисослиги бўйича” доцент илмий унвонига сазовор бўлган Aбдуворис Табибовларга доцентлик дипломлари тантанали равишда топширилди.
Шундан сўнг Кенгаш раиси, институт ректори Нодирбек Сайфуллаев сўзга чиқиб, бугунги кунда юртимизда бўлаётган ислоҳотларга ҳамда Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаларида олдимизга қўйилган вазифалар ижросига тўхталиб ўтди.
Нодирбек Сайфуллаев 2019 йилда институтимизда амалга оширилган ишлар бўйича ҳисобот берди. Жумладан: Иқтисодиёт соҳа ва тармоқлари талаблари асосида 5 та янги таълим йўналишлари ва 2 та янги магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди. 151 нафар профессор-ўқитувчилар илмий-амалий анжуманлар, конференциялар, грант лойиҳаси доирасида бўлиб ўтган илмий семинарларда иштирок этди. 45 та кадр буюртмачилари билан ҳамкорлик ўрнатилди.
Институтга 12 нафар хорижий мутахассислар ўқув ва илмий тадқиқотларга, ишлаб чиқариш соҳасидаги малакали мутахассислардан 15 нафари дарс жараёнларига жалб этилди.
Илмий ижодий ишларда ҳам салмоқли ўсиш бўлди. 2019 йил умумий нашрлар 298 та бўлиб, жумладан, 46 та илмий журналларда шундан 42 та халқаро журналларда, 98 та анжуман тўпламларида 112 та халқаро анжуманларда мақолалар чоп этилган. 2019 йил 36 та ўқув адабиёт ва қўлланмалар нашр этилди, 25 та патент олинди. Институтнинг 38 нафар профессор-ўқитувчилари халқаро кўргазма ва анжуманларда иштирок этди.


Хамкорлик меморандумлар сони 40 тага етди. 2019 йил институтнинг 27 нафар талабаси хорижий олий таълим муассасаларида алмашинув дастурлари асосида таҳсил олди.
Шунингдек, Нодирбек Сайфуллаев ўтган йили бажарилмай қолган вазифаларга ҳам тўхталиб, институт ўз олдига 2020 йилда юқори мақсадлар қўйганини айтиб ўтди. Хусусан, Юртбошимиз томонидан ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус доирасида Республика миқёсидаги кўрик танловлар ўтказиш режалаштирилган.
Шу билан бирга институт миқёсида “Беш ташаббус-беш имконият” , “Мустаҳкам оила юрт таянчи”, “Энг фаол санъатшунос” каби танловлар ҳамда ёш дизайнерлар ўртасида “Халқаро либослар дизайни хафталиги”ни ўтказиш ва бошқа кўплаб тадбирлар амалга оширилиши режалаштирилганини таъкидлаб ўтди.


Кенгашда Институтда талабаларнинг Якуний назорат кўриклари бўйича ҳайъат раислари Ўзбекистон Халқ рассомлари Рустам Худайберганов, Aкмалжон Икромжонов ҳамда Хайрулла Касимовларнинг ҳисоботлари тингланди. Шуни таъкидлаш лозимки, сўнги йилларда Муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида олиб борилаётган ислоҳотлар самараси улароқ, санъат ва маданият соҳасига ихтисослашган олий таълим муассасаларининг қабул имтиҳонларидан тест тизимининг олиб ташланиши натижасида ҳақиқий ижодкор талабаларнинг салмоғи юқори бўлаётгани бир овоздан таъкидланди.


Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Aкмал Нуридинов ҳам сўзга чиқиб, бугунги кунда институтда ҳақиқий маънода ижобий ўзгаришлар бўлаётганини таъкидлаб, бу, аввало, Президентимизнинг санъат ва маданият соҳаси вакилларига бераётган эътиборлари, қолаверса , Институт раҳбариятнинг фидокороно меҳнати самараси эканлигини айтиб ўтди. Шу билан бирга энг катта ютуқ сифатида халқаро алоқаларнинг ривожланиб бораётганлигини айтиб, бу ишларни янада ривожлантириш зарурлигига ҳам эътибор қаратиб ўтди.
Мазкур Кенгаш кун тартибига институт ҳаётига алоқадор бўлган жами 14 та масала киритилган бўлиб барча масалалар бўйича масъулларнинг ҳисоботлари тингланди ҳамда фикр мулоҳазалар билдирилди.