Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус бугунги кунда дунёқарашимизга сингиб кетди десак муболаға бўлмайди. Бу ташаббусларнинг амалий ижросини таъминлаш ёшларимизнинг ҳам асосий мақсадига айланди. Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида ҳам мазкур ташаббуслар юзасидан фаоллик кўрсатаётган ёшларни кўплаб учратишимиз мумкин. Шундай ёшлардан бири Aмалий санъат факултети “Ҳайкалтарошлик” йўналиши 4-босқич талабаси Давронов Сардордир. У Тошкент вилояти Оққўрғон туманидаги 78-сонли мактаб-интернатда болалар ўртасида тасвирий санъатга бўлган қизиқишни ошириш мақсадида маҳорат дарси ташкил этди. Яна бир эътиборли томони мазкур мактаб-интернатда 246 нафар ақлий ривожланишда нуқсони бўлган болажонлар таълим-тарбия олиб келишмоқда. Бундай болажонлар билан ишлаш алоҳида масъулият талаб қилади. Сардор уларга тасвирий санъатдан маҳорат дарси ўтиш орқали юртимизга янги соҳа бўлган “Aрт-терапия”ни ҳам амалга тадбиқ этди. Бу эса келажакда болажонларимизнинг нуқсонлардан буткул соғайиб кетишларида самарали восита бўлишига умид қиламиз.