Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 27 декабь куни Мухаммад Ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабда мамлакат ёшлари билан бўлиб ўтган учрашувда белгилаб берилган топшириқлари ижроси юзасидан Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида бир қатор тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда. Шундай тадбирлардан бири Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими
ҳамда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи институт бошланғич ташкилоти кенгаши томонидан турли соҳа вакиллари ҳамда профессор-ўқитувчилар ва талабалар иштирокида “Ёш ҳуқуқшуносга саволим бор” мавзусида  ўтказилди.

Тадбирда дастлаб Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши “Ёш ҳуқуқшунослар” кенгаши, ёшларга кафиллик бериш бўйича бош мутахассис Муроджон Раҳматов сўзга чиқиб, билиб билмай жиноят кўчасига кириб қолган ёшларни “Ёшлар кафиллиги” асосида жазодан озод қилиш масалалари ва тартиби ҳақида, шунингдек, ёш оилаларни имтиёзли уй жой билан таъминлаш борасида батафсил маълумот бериб ўтди. Бугунги кунда бу масалаларнинг янгича ечимлари жорий этилаётганига ҳам эътибор қаратди.

Юридик фанлари номзоди, профессор Феруза Муҳитдинова бугунги кунда ёшларимиз дуч келаётган муаммолар, баҳсли ҳолатларни таҳлил этиб, бундай вазиятда қандай йўл тутиши лозимлиги борасида маслаҳатлари билан ўртоқлашди. Aйниқса, қора кучлар томонидан ёшлар онгига бўладиган тажаввузлар борасида мисоллар келтириб, улардан қандай ҳимояланиш лозимлигини уқтириб ўтди.

Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ички Ишлар Вазирлиги, Малака ошириш интитути ходими, майор Ғайрат Тошқулов ҳамда Миробод тумани Ички ишлар бўлими Ёшлар билан ишлаш Профилактика бўлими бошлиғи, майор Гулираъно Бобоевалар ҳам сўзга чиқиб, жиноий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақида уни олдини чоралари, билиб-билмай ушбу ҳуқуқбузарликларни содир этиш ҳолатларини батафсил таҳлил этиб беришди. Шу билан бирга улар аслида жиноятдек кўринмайдиган майда ҳуқуқбузарликларни санаб, буларга ҳам эътиборли бўлиш лозимлигини, қонунчилигимизда буларга ҳам жазо тайинланганини мисоллар орқали баён қилиб, барчани ўз ҳуқуқ ва бурчларини яхши англашга чақирдилар.

Профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар ҳам меҳмонларга ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб батафсил жавоблар олишди.